Линклар

Франция эски "ярасини" унутгани йўқ


Франция жамоаси Нигерия билан Жаҳон чемпионати доирасида 2014 йилнинг 1 июлида майдонга тушган эди.

Франция жамоаси Нигерия билан Жаҳон чемпионати доирасида 2014 йилнинг 1 июлида майдонга тушган эди.

Чорак финал беллашуви олдидан Франция оммавий ахборот воситалари терма жамоанинг 1982 йилги мағлубиятини эслаб, "ўша яра ҳалигача тузалмагани" ҳақида ёзмоқда. Франция ўшанда Германия Федератив Республикаси жамоасига оғир вазиятда ғалабани бой берган эди.

Испаниядаги дунё биринчилигидан бери 32 йил ва 7 Жаҳон чемпионати ўтди. Бироқ негадир 1982 йилнинг 8 июлида Севильяда ўтган ярим финал ўйини футбол ветеранлари ва мухлислари хотирасидан ҳалигача ўчгани йўқ. Ўшанда 3-3 ҳисоби билан якунланган матчдан сўнг пеналтилар сериясида французларнинг финалга чиқиш орзуси барбод бўлган эди.

Германия эса чемпионлик учун курашни давом эттириб, финал ўйинида Италияга мағлуб бўлганди.

Футболчиларнинг юқори маҳорати, майдонда ҳақиқий драматик вазият юзага келгани билан эсда қолган ўша ўйинда оғир жароҳат олган француз футболчисига немислар дарвозабони атайлаб қўполлик қилгани ҳақидаги талаш-тортишларга ҳозиргача нуқта қўйилгани йўқ.

Тўпни ушлайман деб дарвозадан отилиб чиққан Харалд Шумахер тўпни тепишга улгурган рақиб ҳужумчиси Патрик Баттистонни қўпол тарзда ерга йиқитган эди. Ушбу тўқнашув натижасида Баттистоннинг мияси чайқалиб, икки тиши тушган ва умуртқа поғонаси жароҳатланган эди. Рақиб ҳужумчисининг майдонда ҳаракатсиз ётганига қарамай, Шумахер тўпни ўйинга киритмоқчи бўлгани кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган. Ўйинни бошқарган рефери эса вазиятга тўғри баҳо бермай, Германия дарвозабонига ҳеч қандай огоҳлантириш қилмаган эди.

Бундай адолатсизликка гувоҳ бўлган стадиондаги испаниялик мухлислар Франция жамоасига ён боса бошлаган.

Ўйиннинг асосий вақти 1-1 ҳисобида якунлангач, қўшимча икки таймда таниқли футболчи Мишел Платини жамоаси 2 та гол киритиб, ҳисобни 3-1га еткизган. Бироқ Германия жамоаси ғалабани осонликча бериб қўймаслигини намойиш этиб, ҳисобни тенглаштирган эди.

Пенальтилар сериясида Франция рақиб дарвозасини бир марта аниқ нишонга ололмаган эди.

Платини кейинчалик "ўша ўйинни кўрмаганлар дунё чемпионати нима эканини билмайдилар", деб айтган.

"Фигаро" газетаси эса анча вақт Францияда Харалд исмини Гитлердан-да ёмон кўрилгани ҳақида ёзган.

Французлар 32 йил олдин бўлган мағлубият аламини эсдан чиқара олмай турган бир вақтда, Германиянинг таниқли дарвозабони Оливер Кан ZDF каналига: "Франция унчалик яхши команда эмас", - деб фикр билдирди.

"Нигерия билан ўтган ўйинда кўрганимиздек, майдон ўртасидан босим бошласа, Бенземани тополмай қолишар экан. Ҳимояси ҳам ночор", - деди Бундеслиганинг беш карра энг яхши дарвозабони.

Футбол таҳлилчилари айни дамда "Реал Мадрид" клуби ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Карим Бенземани Германия тўпурари Томас Мюллер билан солиштириб, чорак финал учрашувида икковлоннинг гол уриш имкониятларини тенг баҳоламоқда. Ҳозирча Мюллер ҳисобида 4 гол бўлса, Бензема 3 голга муаллифлик қилган.

Мураббийлар ҳақида гап очадиган бўлсак, Йоахим Лёв Германия терма жамоасини сўнгги 8 йилдан бери бошқариб келади. Дидье Дешам бўлса ўзи 1998 йили дунё чемпиони бўлган.

Ўйин муносабати билан Франция президенти Франсуа Олланд икки ўлканинг дўстлик кечасини уюштирмоқда.

Германия-Франция ўйини ғолибининг ярим финалдаги рақиби ўша куннинг ўзидаёқ ўтадиган Бразилия ва Колумбия жамоалари ўртасидаги чорак финал ўйинида аниқланади. Букмекерлик ширкатлар ушбу учрашувда мезбонлар имкониятини юқорироқ баҳолашмоқда.

2 июлда Колумбиянинг дунё биринчилиги билан боғлиқ яна бир фожиасига 20 йил тўлди. 1994 йилги Жаҳон чемпионатида АҚШга қарши ўтган ўйинда ўз дарвозасига гол киритиб қўйган Андрес Эскобарни уйига қайтганидан сўнг отиб кетишган эди.

Таъкидлаш жоиз, чорак финалга чиқиш баҳсларида ўзига хос рекорд ўрнатилди - 5 ўйинда ғолиб қўшимча вақтда аниқланди, икки ўйнида пенальтилар сериясига гувоҳ бўлдик.

Эслатамиз, Бразилияда ўтаётган Жаҳон чемпионатининг чорак финал босқичига Франция, Германия, Бразилия, Колумбия, Аргентина, Бельгия, Голландия ва Коста-Рика жамоалари чиққан. Чорак финал ўйинлари 4 июль куни бошланади. Шу куни Франция Германияга қарши, Бразилия эса Колумбияга қарши майдонга тушади. 5 июлда Аргентина Бельгия билан, Голландия эса Коста-Рика билан беллашади.

Сальвадор шаҳридаги Фонте-Нова стадионида ўтадиган Голландия–Коста-Рика чорак финал ўйинига ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов ҳакамлик қилади.

Мазкур ўйин сўнгги икки Жaҳон чемпионaтидa Равшан Эрматов бошқарувидаги жами 9-учрашувдир. Бунгача ҳали ҳеч бир ҳакамга мундиaлнинг финал босқичлaрида 9 та ўйинни бошқариш насиб қилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG