Линклар

Францияда уч кунлик мотам эълон қилинди


Франциянинг Ницца шаҳрида 14 июль - Бастилия куни муносабати билан уюштирилган мушакбозликни томоша қилиш учун келган оломонга катта тезликдаги юк машинаси воситасида ҳужум қилинди. Террор хуружи деб баҳоланган мазкур ҳужум қурбонлари сони 90 га яқинлашди¸ 100 дан ошиғи жароҳатланди.

Франция ва францияликларга берилган янги зарба Ўрта ер денгизи соҳилидаги Ницца шаҳрида¸ ўн минглаб одам Франция миллий байрами - Бастилия қамоғи забт этилган кун шарафига уюштириладиган мушакбозликни томоша қилиш учун Англия соҳили деб аталадиган денгизбўйи майдонига тўпланган кечада юз берди.

Гувоҳларга кўра¸ тезлигини муттасил ошириб борган юк машинаси қарийб икки километргача йўлида учраган ҳаммани уриб кетаверган. Боз устига¸ террорчи йўлида учраганларни тўппончадан ҳам отиб борган.

Мушакбозликни кўришга келганлардан кўпчилиги ëш болалик оилалар бўлгани боис¸ қурбонлар орасида болалар ҳам кўплиги айтилмоқда. Франция Ички ишлар вазири¸ Тошкент вақти билан тушга яқин ўлганлар сонининг 84 нафар экани¸ жароҳатланганларнинг 100 дан ошгани¸ улардан 19 нафарининг аҳволи ўта оғирлигини билдирди.

Бастилия ишғол қилинган кунни нишонлаётган оломонни нишонга олган юк машинаси, Ницца, 2016 йил 14 июли.

Бастилия ишғол қилинган кунни нишонлаётган оломонни нишонга олган юк машинаси, Ницца, 2016 йил 14 июли.

Расмийларга кўра¸ полициячилар юк машинаси ҳайдовчисини отиб ташлаган.

Франс пресс агентлиги терговга яқин ўз манбасига таяниб туриб¸ юк машинасидан Ниццада яшаган 31 яшар асли тунислик шахсга оид ҳужжатлар топилганини ҳам маълум қилди. Полиция ҳозирча террорчига оид экани гумонланаëтган бу ҳужжатдаги шахс исми-шарифини очиқламади. Маҳаллий газеталарга кўра¸ ҳужжат Муҳаммад Лаҳуаеж Булел (Mohamed Lahouaiej Bouhlel) деган шахсга оиддир. Айтилишича¸ бу шахс анчадан бери майда жиноятлар учун полиция рўйхатида бўлган¸ бироқ унинг радикал диний оқимларга мансублиги ҳақида хавфсизлик хизматларида маълумот бўлмаган. Эндиликда полиция бу қадар қонли ҳужум ортидаги мотивларни ўрганишга ҳаракат қилмоқда.

Ниццадаги террор муносабати билан Францияда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Президент Франсуа Олланд бу сўнгги 18 ой ичида Франция ерида амалга оширилган “учинчи террор хуружи” эканини айта туриб¸ ўтган йил ноябрида Парижда содир этилган террор ҳужумларидан сўнг жорий этилган фавқулодда вазият муддатини яна узайтириш ҳақида буйруқ берди.

“Францияга ўз миллий байрами кунида зарба берилди. 14 июль - Бастилия куни¸ эркинлик рамзидир. Мутаассиблар инсон ҳақларини инкор қилади ва шу боис уларнинг аниқ нишони Франциядир”, деди Олланд 15 июль куни эрталаб Франция халқига қилган телемурожаатида.

Бутун мамлакат исломий террорчилар таҳдиди остида эканини таъкидлаган Париж раҳбари францияликларни террорчиликка қарши курашдан ҳеч нарса чекинтиролмаслигини қўшимча қилди.

“Биз Ироқ ва Суриядаги ҳаракатларимизни бундан буён ҳам кучайтиришда давом этамиз. Ўз еримизда бизга ҳужум қилганларни маҳв этишда давом этамиз”, деди Франсуа Олланд “Исломий давлат” террор гуруҳини назарда тутган ҳолда.

Француз полициячилари ҳужум содир этилган жойда, Ницца, 2016 йил 14 июли.

Француз полициячилари ҳужум содир этилган жойда, Ницца, 2016 йил 14 июли.

Ниццада содир бўлган воқеа учун масъулиятни ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ. Шаҳар аҳлига ёпиқ биноларда қолиш ва кўчага чиқмаслик тавсия қилинмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама Ниццадаги воқеага Twitter орқали муносабат билдирди. У содир бўлган воқеани “мудҳиш террор хуружи” деб атаб, ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия изҳор қилди. У Оқ уй “бу ҳужумни текшириш ва айбдорларни жазолаш учун барча ёрдам”ни таклиф қилишини билдирди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам Ниццадаги ҳужумни “қўрқоқларча амалга оширилган террор хуружи” деб атаб, уни қоралади.

Дунëнинг аксар раҳбарлари¸ хусусан¸ Россия президенти Владимир Путин¸ Франсуа Олланд ва Франция халқига ўз ҳамдардлигини билдирди.

Ўтган йил ноябрида Франция пойтахти Парижнинг олти жойида жангарилар томонидан уюштирилган портлашлар ва "Батаклан" концерт залидаги отишмалар оқибатида 130 дан зиёд одам нобуд бўлган, 300 дан ортиқ одам жароҳатланган эди. Мазкур ҳужумлар учун масъулиятни Ироқ ва Сурияда халифат қурилганини иддао қилаëтган “Исломий давлат” террор гуруҳи ўз зиммасига олган.

2015 йил январида Франциянинг машҳур Шарли эбдо сатирик журнали таҳририятига қилинган террор хуружи оқибатида 12 одам ўлган¸ ўндан ошиғи жароҳатланган эди. Бу ҳужум учун жавобгарликни ҳам Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи карикатураларни чоп этгани учун журналдан ўч олишга қарор қилган исломий муаассиб амалга оширган "Исломий давлат"га хайрихоҳ мутассиблар амалга оширган эди.

XS
SM
MD
LG