Линклар

logo-print

“Бунёдкор” чипта пулини қайтариш учун 3 та ҳужжат талаб қилаяпти

  • Садриддин Ашур

Бунёдкор стадиони олдида чипта кутаётган футбол ишқибозлари

Бунёдкор стадиони олдида чипта кутаётган футбол ишқибозлари

Ўзбекистон ва Экваториал Гвинея футбол жамоалари ўртасида Тошкентда ўтказилиши лозим бўлган ўртоқлик ўйини бекор қилинганидан сўнг, унга сотилган чипталарни мухлисларга қайтариш мураккаблаштирилди. Ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмасдан чипта сотиб олган мухлислар энди пулини қайтариб олиши учун банк реквизитлари, паспорт нусхаси тақдим қилиб, “Бунёдкор” стадиони билан далолатнома тузиши керак бўлади.

Ўзбекистон Футбол федерацияси Ўзбекистон ва Экваториал Гвинея жамоалари ўртасида 2 июнда ўтказилиши мўлжалланган ўйинни бекор қилганидан сўнг, сотиб олинган чипталарни қайтариш тартибини ўз сайтида эълон қилди.

Бу тартибга кўра, чипта эгаси хизмат кўрсатувчи банкнинг транзит ҳисоб рақамини, прописка жойи кўрсатилган паспорт нусхасини ва сотиб олинган чиптани тақдим қилиб, пулини қайтариб олиш ҳақида “Бунёдкор” стадиони билан далолатнома тузади.

Бу эълон “Бунёдкор” стадионининг кассаларига ҳам ёзилган бўлиб, мухлислар кейинги душанбадан бошлаб мурожаат қилиши мумкинлиги айтилган.

“Бунёдкор” стадионининг ўзини таништирмаган мулозимларидан бири чипталардан тушган пуллар банкка топшириб юборилгани учун уни нақд қайтариш имкони йўқлигини айтди:

“Биз ўйин бошланишидан анча олдин чипталарни сота бошладик. Лекин ўйин қолдирилди, деган хабар келди. Энди чипталар пулини мухлисларга қайтариш керак. Лекин бор нақд пулни биз банкка топшириб юборганмиз. Кимдир нақдга олган, кимдир пластик карточкасига олган. Шунинг учун буни аниқлаб бўлмайди ва биз банк реквизитларини сўраяпмиз. Чипта пули ўшанга ўтказилади”, деди суҳбатдош.

Мулозим “прописка кўрсатилган паспорт копияси нега кўрсатилиши керак, нега далолатнома тузиш керак?” деган саволларга жавоб беролмаслигини айтди:

“Сиз бу саволларингизни бу ўйинни ташкил қилган Ўзбекистон Футбол федерацияси ва терма жамоалар марказига беришингиз керак, бизнинг бунга мутлақо алоқамиз йўқ”, деди мулозим.

Ўзбекистон Футбол федерациясининг матбуот хизмати раҳбари Шерзод Ражабов эса чипталар сотилиши ва уларнинг эгаларига қайтариш ишларига ЎФФ умуман алоқаси йўқлигини айтди:

- Федерация фақат ўйинни ўтказиш ва ташкиллаштириш билан шуғулланади. Чипталарни эса “Бунёдкор” стадиони чиқаради, сотади. Ўйин тугагандан кейин терма жамоалар марказига ўтказади. “Бунёдкор” стадионига федерация хўжайинлик қилолмайди. Мухлислар барча арзларини “Бунёдкор” стадиони раҳбариятига айтсин, хоҳлашса уларни судга берсин. Федерация бу масалада ҳеч қандай ёрдам беролмайди, деди матбуот хизмати раҳбари Шерзод Ражабов.

Озодлик, Терма жамолар маркази билан ҳам боғланди. Саволимизни эшитган мулозим "бу саволларга жавоб йўқ", дедида, алоқани узди.

Тошкентлик футбол мухлиси Азимжоннинг айтишича, “Бунёдкор” стадиони раҳбарияти ва терма жамоалар маркази чипталар пулини қайтаришни мураккаблаштириш йўли билан, мухлислар пулини ўзида олиб қолишни режалаштирган:

- Бу ҳар бир мухлиснинг пулини олиб қолишнинг айёрона йўлидир. Бунда иккита усул бор. Сиз ёки ўша айтган қоғозларини тўплаб олиб бориб, соатлаб навбат кутиб пулингизни карточкангизга қайтарасиз, ёки бутунлай воз кечасиз. Бу ерда мухлислар, менимча, иккинчи вариантни танлаши шубҳасиз. Чунки, чиптанинг нархи 15 минг сўмдан 60 минг сўмгача. Бунча бош оғриқдан кўра, одамлар бу пулдан кечиб қўя қолади. Кейин ҳамманинг ҳам банк реквизити йўқ. Улар нима қилади? Демак, кечиб кетишдан бошқа чора йўқ, дейди Азимжон.

Ижтимоий тармоқларда ҳам чипта пулининг қайтарилишига оид баҳс-мунозара тобора қизимоқда.

“Муфтиятдан сўрангларчи, терма жамоанинг бекор қилинган ўйинига олинган билет пули рўза фитр ўрнига ўтармикан?”

“Вой-бу, Гвинеяга қарши ўйиннинг чиптасини қайтиб олиш шартларини ўқиб, эсим кетди. Агар шу билет менда бўлганида, эсдаликка олиб қўярдим.”

“Бечора ЎФФ ҳам, терма жамоалар маркази ҳам, “Бунёдкор” стадиони ҳам оғир кунларга қопти. Шу кунингдан кўра, одамларни сарсон қилгандан кўра, “чипталарни сақлаб қўйинглар, Гвинея билан бўладиган ... йилдаги ўйинга ўтади”, деб қўйишса бўларди”, деб ёзади мухлислар ижтимоий тармоқларда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG