Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:48

Бухорода 2 йил йўқ газга пул тўлаган 40 оила судга мурожаат қилди


Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги Шофиркон Шоҳ кўчаси ва Қассоблар қишлоғида яшовчи 40 хонадон 2 йилдан ортиқ деярли йўқ газ учун ноҳақ пул ундирилганидан судга шикоят қилди. Оилалар ёнмаётган газ учун ойига 70 минг сўмдан 150 минг сўмгача пул тўлашга мажбурланаётгани, бу сумма оиланинг ишловчи барча аъзоларидан баробар йиғилаётганидан шикоят қилмоқда.

Озодликка 40 хонадон номидан боғланган шофирконлик Дилором Ҳамроева 2 йилдан ошироқ вақт давомида аҳолидан ноҳақ пул ундирилмоқда, деб шикоят қилди:

- Газ йўқ, ёзда ҳам, қишда ҳам. Лекин, ҳар битта оиланинг бюжет ташкилотида ишлайдиган ҳар бир аъзосидан ойига ўртача 70 минг сўмдан 150 минг сўмгача ушлаб қолинаяпти. Уларнинг газ ҳисоблагич бўйича қарзи йўқ, чунки газнинг ўзи йўқ. Лекин, мажбур ушлаб қолинаяпти. Шофиркон туманида 2014 йилдан буён тинимсиз мурожаат қилинади. Натижасиз,- дейди Дилором Ҳамроева.

Унинг айтишича, туманнинг Шофиркон Шоҳ кўчаси ва Қассоблар қишлоғидаги газ таъминоти 2010 йилдан бошлаб узила бошлаган ва сўнгги икки йил ичида тамоман узилган. Аммо, аҳолидан газ учун пул ундириш тўхтамаган.

​Қишлоқ аҳли номидан битилган илк ариза 2014 йилда Бухоро вилояти ҳокимлигига My.gov.uz портали орқали йўлланган ва қисман натижага эришилган. Яъни, шикоятнинг портал орқали йўллангани иш берганми ёки сайлов арафаси бўлгани учунми, шофирконликларга номаълум - аммо, ўшанда икки ҳафтага газ берилган:

- Парламент сайлови арафасида декабрда икки ҳафтача газ ёнди - шу бўйи яна узилди. 2015 йил қишда умуман газ бўлмади, ёзда ҳам тамоман йўқ,- дейди Ҳамроева.

Шофирконлик оилалардан 40таси имзо чеккан шикоят хати Бухоро вилоятидаги газ таъминотига масъул идоралар, ҳокимликлар ва Республика Вазирлар Маҳкамасига ҳам йўлланган:

- Шофиркон туманига газ таъминотига масъул идора бўлган - "Ғарбгазтаъминот" идорасининг раҳбариятидан 2014 йилдан бери қониқарли жавоб ололмаганмиз, ҳокимиятлар ҳам тегишли жавобни бермаган. Бу йил қишда қаттиқ қор ёққанидан кейин Бухоро "Ғарбгазтаъминот" идорасининг бошлиғи ўринбосари Ш.Сатторов, деган амалдордан жавоб хати келди - газдан узилсин, деган. Ваҳоланки, биз бекорга пул тўлаяпмиз, деб 2014 дан бери газ қувурини узайлик деганмиз, худди шу идора қаршилик қилиб келган, бекордан-бекорга халқдан йўқ газ учун пул ундирган,- дейди Дилором Ҳамроева.

Озодлик бу шикоят ортидан Шофиркон тумани ва Бухоро вилояти ҳокимлигига боғланди. Аммо, ҳокимият мутасаддилари бу шикоят борасида изоҳ беришдан бош тортди. Вилоят ҳокимлигининг шундай шикоятдан хабари борлигини рад этмаган ходими бу борада изоҳ бермасдан, гапни қисқа қилди.

Шофирконликлар аризасида номи ва телефон рақамлари келтирилган масъул - Бухоро "Ғарбгазтаъминот" унитар корхонаси раҳбари ўринбосари Ш.Сатторов идорасидан ҳам ҳозирча бирор жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Шофирконликлар номидан ариза йўллаган Дилором Ҳамроева, охир-оқибат, судга мурожаат қилишга қарор қилганини айтади:

- Яқинда - 28 кун бўлади - яна шу ҳуқуқ портали орқали судга мурожаат йўлладик. Мен ўзим ариза ёздим ва унга аҳоли аризасини илова қилдим. Шундан кейин ўзини Бухоро вилоят ҳокимлигиданман, деган одам менга телефон қилиб: "Аризада нима деб ёзгансиз ўзи?" деб сўради, холос. Ҳали бирор жавоб йўқ,- дейди Дилором Ҳамроева.

Ўзбекистонда 2010 йилдан бошлаб, табиий газ етиб бормаётган аҳоли пунктларини газ қувурларидан узиб ташлаш ва баллонларда суюлтирилган газ билан таъминлаш тизими йўлга қўйилган. 2013-2015 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг бу қарори тўлиқ ижро этилгани ҳақида расмий ҳисоботлар берилган.

Аммо, шофирконлик аризачиларга кўра, улар яшаётган ҳудуд қоғозда табиий газ етказиб берилаётган қувурларга унланган, аммо амалда газсиз қолмоқда.

- Озодликка мурожаат қилишимдан мақсад - Бухоро вилоятидаги маҳаллий раҳбарларнинг лаёқатсизлиги ҳақидаги арзимизни шахсан президентимизга етказишдир. Ўзбекистон хорижга қадар газ сотяпти. Модомики, маҳаллий раҳбарларимиз ўз ишини, ўрнини, тақсимотни билмас экан, уларнинг бу давлатга, унинг келажаги ва халқи учун нима кераги бор?! Мен мана шу гапни айтиш учун сизга мурожаат қилдим,- дея гапини тамомлади Ҳамроева.

Дилором Ҳамроева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:57 0:00
Бевосита линк

Озодлик таҳририятга келган бу шикоят ортидан мутасадди ташкилотлардан жавоб олишга уринишда давом этади.

Янгиликларни Озодликда кузатинг!

XS
SM
MD
LG