Линклар

Гепатитга чалинганлар кўплигидан Самарқанд вилоят касалхонасида жой етмаяпти


Самарқанд вилоятида вирусли гепатит А касаллиги билан оғриган беморлар сони кейинги бир ой ичида кўпайган. Манбалар хабарига кўра, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига беморлар сиғмаётгани боис туманлардан келган беморлар қабул қилинмаяпти.

“Жиянимни касалхонага қабул қилишмади”

Самарқанднинг Ургут тумани Сойғус қишлоғида яшовчи, исмини очиқламасликни истаган йигитнинг Озодликка айтишича, вирусли гепатит А билан оғриган 6 яшар жиянини вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришган, бироқ жой йўқлигини айтиб, бемор болани қабул қилишмаган:

“Бир ҳафтача бўлди бунга. Жиянчам сариққа чалиниб қолди. Уни машинада Самарқанддаги инфекционний больницага олиб боришган. Областной больница. У ерда “касал кўп, райондагиларга жой йўқ” деб, қайтариб юборишган. “Райондагилар ўзини районида даволансин”, дейишган. Кейин жиянимни Пайариқдаги инфекционний больницага олиб боришган. У ерда танишимиз ишлайди”, деди ургутлик йигит.

“Касалхона болалар билан тўлиб кетган”

Озодликка Telegram орқали боғланган самарқандлик аёл ҳам вилоят юқумли касалликлар шифохонасида қизчаси даволанаётганини айтиб, бу ерда жой етишмаётгани ҳақида ёзди:

“Самарқанд вилоят юкумли касалликлар шифохонаси беморлар билан тўлиб кетди. Хатто болаларга жой йўқ, бошқа шифохоналарга жўнатишяпти. Касаллик, тарқалишининг олди олинмай, тез тарқалмоқда. Кунига 400 га яқин болалар сариқ деб топилаяпти ва шифохоналарга жойлаштирилмоқда”, дея ёзди исми ошкор қилинмаслигини сўраган самарқандлик аёл.

“Жой етишмаслигини тасдиқлаймиз”

Самарканд вилоят юкумли касаликлар шифохонаси бўлим мудирларидан бирининг Озодлик билан суҳбатда айтишича, кейинги пайтда ҳақиқатдан ҳам беморлар сони ошгани боис, жой етишмаслик муаммоси юзага келган:

“Шифохонамиз 380 ўринга мўлжалланган. Лекин 1-1,5 ойдирки 390- 400 беморни қабул қилаяпмиз. Палаталарда кроватларни зичлаб қўйиб, кўпроқ бемор олдик. Лекин бугун камайди. Эрталаб 346 бемор борлигини айтишди. Лекин касал ҳақиқатдан кўп. Август охири, сентябрь бошида ичкетди кўп бўлди. Ўткир ичак инфекцияси касаллиги. Кейин сентябрь бошидан вирусли гепатит А ҳам кўпайди. Ўтган йили гепатит бу даражада эмасди. Бўлимимиз 100 фоиз ишлаяпти. Ўтган йили шу пайт 75 фоиз ишлагандик. Ҳамма бўлимларимиз нагрузка билан ишлаяпти. Райондан келган беморларни шунинг учун қайтаришаяпти”, деди исмини очиқламаётганимиз шифокор.

Мазкур шифохонада ишловчи ҳамширалардан бирининг айтишича, беморлар айниқса шанба-якшанба кунлари кўп бўлаяпти.

“Вазият назоратда”

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, вирусли гепатит билан боғлиқ вазият тўла назоратга олинган:

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига Самарқанд шаҳрида яшовчилар ва туманлардан келган оғир беморлар қабул қилинаяпти. Лекин деярли барча туманларда юқумли касаллликлар шифохонасининг бўлимлари ишлаяпти. Оқдарёда 30 ўринлик яқинда қурилди. Ургутда икки этажли очилди. Пахтачи, Оқдарё, Пастдарғам, Жомбой ҳаммасида ишлаб турибди. Бемор кўп бўлгани учун тумандан келганлар ўзи яшаётган тумандаги юқумли касалликлар шифохонасига қайтарилган. Бирор ҳолатда гепатит билан оғриган беморнинг бошқа касалхонага ётқизилган ҳолати йўқ. Ҳаммаси юқумли касаллликлар шифохоналарига жойлаштирилаяпти. Касалликнинг кенг тарқалмаслиги учун барча жойларда профилактика ишлари амалга оширилаяпти”, деди Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, Самарқанддан ташқари Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган вилоятларида ҳам шу кунларда вирусли гепатит А касаллигининг кенг тарқалиши кузатилмоқда. (Озодлик ушбу вилоятлардаги вазиятни ҳали ўрганганича йўқ. таҳр)

Вазирлик расмийсига кўра, ҳар йили куз мавсумида ушбу касаллик кўпайиши кузатилади ва ҳар 3-4 йилда касаллик кенгроқ тарқалиши учрайди.

Вирусли гепатит А - қандай касаллик?

Тиббий маълумотларга кўра, вирусли гепатит А касаллиги– ўткир юқумли жигар касаллиги хисобланади. Ёш болалар кўпроқ ушбу касалликка чалинади. Шифокорлар ушбу касаллик вирус билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари, сув, ўйинчоқлар орқали юқишини айтади.

Ўзбекистон санитар эпидемиологик назорат марказига кўра, яшаш ва иш жойларининг санитария жихатдан қониқарсиз ҳолатда бўлиши, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, аҳолининг зичлиги, озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш қоидаларини бузилиши, сифатсиз ичимлик сувидан фойдаланиш вирусларнинг кўпайишига шароит яратади.

Касаллик профилактикаси сифатида эмлаш (вакцинопрофилактика) ва шахсий гигиенага амал қилиш тавсия қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG