Линклар

Германия полицияси: Ўзини атайин портлатиб юборган ҳужумчи ҳалок бўлди


Германия расмийлари Ансбах шаҳридаги портлаш оқибатида 12 киши яраланганини айтмоқдалар.

Германия расмийлари Ансбах шаҳридаги портлаш оқибатида 12 киши яраланганини айтмоқдалар.

Германия жанубида жойлашган Ансбах шаҳри полициясининг билдиришича, очиқ ҳавода ўтказилган мусиқа фестивали яқинида суриялик қочқин ўзи билан олиб келган бомба портлаб кетганидан кейин ҳалок бўлган.

Портлаш 24 июль куни кеч содир бўлган. Полиция эълон қилган билдирувда “Ҳозиргача олинган маълумотларга кўра, ҳужумчи ҳалок бўлган”, дейилади.

Бавария ички ишлар вазири Йоахим Херманн гумонланувчи 27 ёшли суриялик қочқин эканлигини, у Германияга икки йил аввал келганини айтди. Бир йил аввал унга сиёсий бошпана бермаслик ҳақида қарор чиққан. Аммо Суриядаги уруш сабаб унга Германияда қолишга изн берилган.

Херманннинг айтишича, гумонланувчида чиптаси бўлмагани учун уни фестивалга киритишмаган. Бунинг ортида у ўзини портлатиб юборган.

Херманн гумонланувчининг мақсади бошқаларни ўлдириш бўлганми ёки худкушлик қилишми - ҳозирча номаълум эканлигини қўшимча қилди. Вазирнинг таъкидлашича, қочқин бундан аввал икки марта ўз жонига қасд қилишга уринган.

Херманн расмийлар портлаш экстермистик ҳужум эканлигини истисно қилмаётганини билдирди.

Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида камида 12 одам яраланган. Уларнинг уч нафари жиддий жароҳат олган.

Полиция мусиқа фестивалига келган 2000 дан ошиқ одамни эвакуация қилган ҳамда ҳодиса жойини қуршаб олган.

Германияда кейинги пайтда бу каби ҳужумлар тез-тез содир бўлмоқда.

24 июль куни эрталаб Ройтлинген шаҳрида суриялик бошқа бир қочқин ханжар билан бир аёлни ўлдирди, яна икки одамни яралади.

22 июль куни эса келиб чиқиши эронлик бўлган 18 га чиққан шахс Мюнхен шаҳрида 9 кишини отиб ўлдирди. 18 июль куни эса сиёсий бошпана сўраб келган 17 га тўлган покистонлик поездда болта ва пичоқ билан беш одамни яралади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG