Линклар

logo-print

“GM Uzbekistan”нинг дилерлик марказлари машина сотиб олиш учун шартнома имзолаган харидорларга белгиланган муддатда на машина бераяпти, на тўланган пулни қайтараяпти. Автомобиль нархининг 85 фоизини олти ой олдин тўлаб қўйган харидорлар машиналарни олиш учун яна ойлаб кутишга мажбур бўлмоқда. Бу борада Озодликка келган бир нечта шикоят ортидан мавзуга ойдинлик киритиш учун журналистик суриштирув ўтказишга қарор қилдик.

Пойтахтдаги “Driver’s Village” дилерлик марказининг мижозларидан бири, Озодлик билан суҳбатда олди-сотти шартномаси деярли 5 ой олдин бекор қилинганига қарамай ҳали ҳам аванс пулини қайтариб олмаганини билдирди.

Дилерлик маркази билан шартнома имзолаб узоқ муддат кутган бошқа харидорларнинг айтишича, кутиш давомида кутилмаган бурилишлар ҳам юз бериб туради. Улардан энг жиддийси шартномада келишилган модель нархининг бирдан ошиб кетишидир.

Бу ҳолатда машина баҳосининг 85 фоизини аванс сифатида тўлаган мижозлар “емаган сомсасига” қўшимча нарх тўлашга мажбур бўлаётганидан шикоят қилишади.

Айнан шу муаммо сабабли баъзилар машинани сотиб олмасликка қарор қилмоқда ва амалга оширилган тўлов белгиланган тартибда қайтариб берилишини сўраяпти.

Бироқ, тўланган пулни қайтариб олиш ҳозирги кунда деярли имконсизлиги айтилаяпти.

Исми сир қолишини истаган тошкентлик диллерлик марказлардан бирининг мижози Озодликка айтишича, тўланган пулни қайтариб олиш учун кўп ойлар давомида кутаётганлар бор.

- Мен 2015 йилнинг 21 январида “GM”нинг Ўзбекистондаги “Driver’s Village” дилерлик корхонаси билан “Нексия” русумидаги автомашинани сотиб олиш учун шартнома имзоладим ва машина баҳосининг 85 фоизини аванс тарзида тўладим. 2015 йилнинг 28 сентябрида “Driver’s Village” ходимларидан бири машинанинг қолган 15 фоиз ҳисоб-китобини амалга ошириб, автомашинани олиб кетиш мумкинлигини айтди. Буни эшитганимдан сўнг, машинани сотиб олишга ҳозирги кунда шароитим йўқлигини айтдим ва иложи бўлса навбатдаги харидорга машинани берворишни сўрадим. Бироқ, “Driver’s Village”нинг ходими тўланган тўловни ҳозирги кунда қайтариш муаммолигини ва бошқа мижозлар тўловни 6 ойлаб қайтара олмасликларини айтиб ўтди. Бундан ташқари бу масалани “GM Ўзбекистон” ҳал этишини маълум қилди,- дейди тошкентлик суҳбатдош.

Боз устига, машинадан воз кечиб шартномани бекор қилмоқчи бўлган мижозлардан 5 фоиз жарима ундирмоқчилар¸ дейди суҳбатдош.

Унинг фикрича, “Driver’s Village” дилерлик салони бу каби жарима тўловини сўрашга ҳақи йўқ.

У нусхасини Озодликка тақдим этган “Driver’s Village” билан имзоланган шартноманинг 5.4 бандида автомашинанинг нархи ошган тақдирда харидор шартнома бекор қилинишини талаб қилиши мумкинлиги ва харидор 5 фоиз жарима тўламай, авансни қайтариб олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

Тошкентлик харидорнинг билдиришича, “деярли олти ойлик сарсонликдан сўнг”, “Driver’s Village” у билан шартномани бекор қилиш тўғрисида келишув тузган ва жарима тўловидан озод қилган.

“Driver’s Village” шартномада авансни тўлиқ қайтаришни ўз зиммасига олганига қарамай, пулни мана беш ойдан бери қайтаргани йўқ¸ дейди суҳбатдош:

- Деярли 6 ой сарсонликдан сўнг, 2016 йилнинг 1 март куни “Driver’s Village” дилерлик салони билан илгари тузилган шартномани бекор қилиш тўғрисида келишув туздик. Келишувнинг шартига кўра, харидор жарима тўлашдан озод қилинади. Келишув тузилганига деярли 5 ой бўлсада, шу пайтгача тўлаган пулимни ололмаяпман¸ дейди мижоз.

Озодлик суҳбатлашган ушбу харидор “GM Ўзбекистон” раҳбариятига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига ва Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига йўлланган мурожатлари натижа бермаганини айтади:

- Шу муаммо юзасидан 4 мартда “GM Ўзбекистон”нинг ишонч рақамига мурожат қилдим. Ундан сўнг бир маротаба мансабдор шахслар қабулига кириб масалани ҳал этиб беришларини сўрадим. Бироқ, “GM” “Отанга бор, онанга бор” деган тарзда мени сарсон қилди. Улар “Driver’s Village” дилерлик салони алоҳида юридик шахс эканлигини таъкидлаб, муаммони дилернинг ўзи ҳал этиши кераклигини айтишди,- дейди суҳбатдош.

Унга кўра, айни пайтда “Driver’s Village”нинг ходимлари эса аксинча, масалани ечими “GM Ўзбекистон”га таалуқли эканлигини таъкидламоқда:

- Шу масала бўйча мен Бош прокурор номига икки марта ариза билан мурожат қилдим. Мурожатим Зангиота тумани прокурори Бобожоновга тушибди. Прокурор Бобожонов бу масалани ҳал қилиб бера олмаслигини ва судга мурожат қилишни билдирди.

Ундан кейин, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг раҳбари номига ариза билан мурожат қилдим. У ерда ҳам худди шу гап. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўрнига, эски бекор қилинган шартномани шартларини менга илова қилиб жўнатибди. Ваҳоланки, яна бир такрорлаб ўтаман, бу шартнома амалдан чиқарилган ва бекор қилинган. Яна бир нарсага ҳайронман. Нима учун мани пул маблағимни улар шунча ушлаб туриши мумкин? Аслида булар менинг пулимни айлантирмоқда ва мени шунақа оворагарчиликга соляпти, дейди исми сир қолишини сўраган тошкентлик.

Озодлик “Driver’s Village” махсус дилерлик салони билан боғланди, аммо идора расмийлари вазиятни изоҳлашдан бош тортди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG