Линклар

Озодлик журналистик суриштируви: Россия банклари GM Uzbekistanнинг гаровдаги 17000 машинасини арест қилди


GM Uzbekistan компанияси расмийси Ғайрат Ниязов (чапдан биринчи)

GM Uzbekistan компанияси расмийси Ғайрат Ниязов (чапдан биринчи)

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Россиянинг Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ директори, "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик компанияси раисининг собиқ муовини Тоҳиржон Жалилов ва унга яқин GM мулозимлари ширкат учун Россия банкларидан олинган кредитлар ҳисобидан хусусий мол-мулк ва бизнес тизимларини сотиб олганлар. Кредитлар учун гаров сифатида қўйилган 17 минг автомобил ҳозирда ҳақдор банклар тарафидан тортиб қўйилгани иддао қилинмоқда.

Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида GM Uzbekistan собиқ раҳбари Тоҳиржон Жалилов эгалик қилган тижорий ва хизмат кўрсатиш ширкатлари ҳамда кўчмас мулкларнинг сотувга қўйилгани бу иддаоларни қисман тасдиқлади.

GM Uzbekistan билан боғлиқ молиявий қаллобликларни текшираëтган Ўзбекистондаги тергов гуруҳининг Озодликка сиздирган ҳужжатларида келтирилган зарар миқдори ярим миллиард доллар экани иддао қилинади.

Озодлик тасдиқлаган маълумотларга кўра¸ узоқ йиллар ўзбек автосаноатида раҳбар лавозимларида ишлаган Ғайрат Ниëзов Москвадаги "РАВОН МОТОРС РУС" ширкатига жўнатилишидан олдин Тошкентда сўроқ қилинган.

Бир-биридан мустақил Озодлик манбаларига кўра, Ғайрат Ниëзовга 500 миллион доллар ҳажмдаги зарарни "қандай қилиб бўлса ҳам қоплаш" вазифаси юклатилган.

Манбаларнинг иддао қилишича¸ Ниëзовнинг хотини ва фарзандлари "Ўзбекистонда гаров сифатида олиб қолинган".

Тоҳир Жалилов апрель ойида ҳибсга олинганди

Тоҳир Жалилов апрель ойида ҳибсга олинганди

Озодликнинг бошқа бир манбаси Ниëзов оила аъзолари Тошкентдан чиқарилмаëтганлигини айтди:

"Улар (Ниëзовнинг оила аъзолари) Тошкент-Москва рейси бўйича учадиган йўловчилар ичида бўлмаслиги учун МХХ тарафидан махсус кўрсатма бор", дея иддао қилди у.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаларга кўра, Ниёзовнинг GM Uzbekistan идорий тизимида қолишини АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонасининг америкалик вакиллари истамаётир.

Бу вакиллар, манбаларнинг ишонишича, GM Uzbekistan қўшма корхонасидаги коррупцияга оид даъволар АҚШ Адлия вазирлиги эътиборига тушиб қолиши эҳтимолидан хавотирланишмоқда.

Отингни сот¸ молингни сот зарарни қопла...

Россияга келган Ғайрат Ниëзов ҳозирда ҳибсда сақланаётган Тоҳиржон Жалиловга оид мулкларни сотиб, "зарарни қоплаш" жараëнини бошлаган.

Россиядаги Озодликка ҳозирча маълум бўлган иккита банкдан "ўзбек автомобиларини Россия бозорида жозибали қилиш" мақсадида олиниб¸ бошқа йўналишда сарфланган қарзларни қайтариш муаммоси GM Uzbekistan қўшма корхонасининг Россиядаги ваколатхонаси кун тартибида шу йил бошида пайдо бўлгани айтилади.

Ўзбекистон банк тизимларидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Москвадаги икки тижорий банк - Пересветбанк (ПЕРЕСВЕТ. АО) ва Сбербанкдан машиналарни гаровга қўйиб, қарз олинишига Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банки кафил бўлган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобиллар савдоси билан шуғулланувчи "РАВОН МОТОРС РУС" вакили кредит эвасига гаровда турган машиналар ҳибсга олинганини тасдиқлаб¸ бу ҳолат "Россиядаги молиявий бўхрон ортидан кўпга келган тўй" эканини айтди.

"РАВОН МОТОРС РУС" вакилига кўра¸ Ғайрат Ниëзов ва Тоҳиржон Жалилов - Россиядаги молиявий бўҳрон билан боғлиқ вазият қурбони.

Озодлик суҳбатлашган манбаларнинг барчаси бу Ўзбекистон машинасозлик саноатига катта зарар етказди, деган фикрда якдил.

Озодликнинг бир-биридан мустақил манбалари "ўзбек машиналарини гаровга қўйиб, қарз олиниши" билан боғлиқ молиявий схемани Тоҳир Жалилов якка ўзи амалга оширмаганини таъкидлашди.

Ўзбекистон бош прокуратураси Ўзбекистон автосаноатининг жорий мулозимлари орасида ҳеч кимга нисбатан жиноий ҳаракатлар бормаётганини маълум қилди.

Тоҳиржон Жалилов Россиянинг Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ директори, "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик компанияси раисининг собиқ муовини эди.

GM Uzbekistan нинг Россиядаги вакиллари ҳамда ҳукуматга яқин манбаъларнинг Озодликка айтган иддаолари юзасидан Озодлик
мухбири “Ўзбекавтосаноат” бошқаруви раиси Улуғбек Рўзиқуловнинг ўзи ва унинг ëрдамчилари Рустам Юсупов ҳамда Қобилжон Азимов билан боғланишга уринди.

Улар Озодлик билан мулоқот қилмасликни маъқул кўришди.

Коррупцион схема ижодкори

“Ўзбекавтосаноат” тизимидаги Озодлик манбаси иддаосига кўра¸ Жалилов кўпмиллион долларли молиявий схеманинг ижрочиси бўлган ҳолос. Айни пайтда бу ғоя ихтирочиси ҳам унга акахонлик вазифасини бажарганлар ҳам раҳбар лавозимида қолмоқда.

Россия банкларидан олинган кредитлар эвазига Россиялик олигарх Роман Абрамовичнинг Москвадаги ҳашаматли офиси 50 миллион долларга сотиб олинган.

Бундан ташқари Москва¸ Воронеж ва Нижний Новгород шаҳарларидаги кўчмас мулклар сотиб олинган.

Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида GM Uzbekistan собиқ раҳбари Тоҳиржон Жалиловга оид мулкнинг сотувга қўйилгани бу иддаоларни қисман тасдиқлади.

Ҳозирда Тошкентдаги МХХ тергов изоляторида қолаётган Тоҳиржон Жалиловга Россияда яна қатор мол-мулк ва йирик ширкатлар тегишли экани аниқланди.

Олдинроқ Тоҳиржон Жалилов Москвада қайдга олинган йирик Uz-Daewoo ширкатининг Россиядаги дилери - “УЗАВТОРУС” ширкати, ширкатнинг Воронеждаги ваколатхонаси - “УЗДЭУАВТО-ВОРОНЕЖ”, “КМ/Ч” Бошқарув компаниялари эгадоши ҳам бўлган.

Бироқ, Россиядаги “СПАРК-Интерфакс” нашрига кўра, ҳозирда бизнесмен Жалилов қўл остида “Оқ-Йўл” корхонаси (автомобил юк транспорти фаолияти), “Транслогист” (юклар транспортировкаси ва сақланиши),“УзДЭУ Академияси” (таълим тизими), “Узмашэкспорт” (транспорт воситалари савдоси) ва Москвада қайдга олинган “Малика-М” ресторанлари ва кафелари қолган.

"Машинасозлар академияси пул ювадиган машина"

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Жалилов амалга оширган схема доирасида Россияда ташкил қилинган “УзДЭУ Академияси”да юзминглаб “ўлик жонлар”ни ўқитиш эвазига йирик маблағни ўзлаштирилган.

Шунингдек Озодликка маълум бўлишича¸ “Тоҳиржон Жалилов Москвадан бир неча миллион доллар турадиган беш хонали уй сотиб олган”.

Бу сотиб олишлар фонида Тоҳиржон Жалилов раҳбарлигидаги GM Uzbekistan машиналарини Россияда сотиш соҳаси молиявий бўҳрон ичида қолиб, касод чегарасига яқинлашган.

“Ўзбекавтосаноат” тизимидаги Озодлик манбасига кўра, икки минг дона енгил машина олдин Воронежга келтирилган¸ кейин эса Қозоғистоннинг Ўзбекистонга яқин жамлоққа (отстойник) олиб борилган".

Озодлик шу кунларда ҳам ушбу жамлоқда 1700та машина турганини аниқлади.

Манба иддаосига кўра¸ GM Uzbekistan корхонаси ишлаб чиқарган машиналарни Россияга эскпорт қилиш деган формат ичида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирилган”.

Озодлик бу иддоалар юзасидан Россиядаги Ravon ваколатхонасининг маркетинг бўйича директори Елена Кузнецова билан суҳбатлашди.

Кузнецова хонимнинг айтишича¸ GM Uzbekistan раҳбарларининг қамоққа олиниши билан боғлиқ барча муаммоларга “Россиядаги инқироз сабаб бўлган".

"17 минг машина деб айта олмайману, лекин банклардан кредит олинган ва кризис боис қайтаришда қийинчиликлар бор. Ғайрат Ниëзов зиммасига юкланаëтган айбларда асос кам¸ чунки Ниëзов яқиндан бошлаб Москвада ишлай бошлади. Абрамовичга оид бино сотиб олинган эмас, балки ижарагга олинган. Жалиловнинг Москвадан уй олгани тўғри¸ лекин бу уй унақа ҳашаматли эмас. Боз устига уй ипотекага олинган. Жалилов бу уй қарзини яна 20 йил тўлаши керак бўлади. Мен бир нарсани айтай, тўғри, Жалилов зарар қилди. Лекин, йил охиригача бу зарар ислоҳ қилиниши керак эди. Ҳозир бу зарар учун ҳам ҳамма Жалиловни айблаяпти. Жалилов ўз раҳбари Рўзиқулов билан ҳамжиҳатликда иш қилган. Шу ўринда раҳбариятга ҳам саволимиз бор", дейди Кузнецова.

Рўзиқуловга нисбатан матбуотда янграган иддаоли айбловлар ортидан унинг жиноий жавобгарликка тортилмаганлигини Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизмати 28 июнда маълумот сифатида тарқатган эди.

GM Uzbekistan собиқ раҳбари тергов қилинмоқда

"РАВОН МОТОРС РУС"нинг Москвадаги ваколатхонаси

"РАВОН МОТОРС РУС"нинг Москвадаги ваколатхонаси

2010 йилдан бери ўзбек автоконцернини бошқарган Тоҳиржон Жалилов товламачилик йўли билан ширкат пулларини ўзлаштирганликда гумонланиб, шу йилнинг апрель охирларида ҳибсга олинганди.

Озодлик манбаларига кўра, Жалилов GM Uzbekistan корхонаси ишлаб чиқарган машиналарни Россияга эскпорт қилишда ноқонуний схемалар ёрдамида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштиришда гумонланмоқда.

Ҳозирда Тошкентдаги МХХ тергов изоляторида қолаётган Тоҳиржон Жалиловга Россияда яна қатор мол-мулк ва йирик ширкатлар тегишли экани аниқланган.

Бу аснода Ўзбекистон ҳукумати Россияда банклар томонидан ҳибсга олинган GM Uzbekistan машиналарини мамлакатга қайтаришга ҳаракат қилаётгани айтилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, бунинг учун “Ўзавтосаноат” давлат ширкати Россияга бир гуруҳ мутахассисларини юборган.

___

Мақолада келтирилган барча даволар бир - биридан мустақил бўлган манбалар томонидан шу жумладан ҳукумат, Ўзбекистон автосаноати мулозимлари, диллерлик вакиллари, GM таркибидаги "инсайдер" лар томонидан билдирилган. Озодлик радиоси ушбу журналистик терговини давом эттирмоқда. Мавзуга оид ҳужжатларни Озодлик радиосига сиздирмоқчи бўлсангиз ozodlikmail@gmail.com га ёзинг. АҚШ конгреси томонидан молияланадиган ва 60 йилдан ошиқ вақт мобайнида Ўзбек халқи учун холис ахборот етказиб бераётган Озодлик радиоси АҚШ конституцияси асосида ўз манбаъларининг шахси сир қолишини кафолатлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG