Линклар

logo-print

Эрдўғон Истанбул намойишида Гуланни "жазолаш"ни ваъда қилди


Эрдўғон уюштирган Истанбул намойишига чиққанлар сони¸ расмийларга кўра¸ бир неча миллионни ташкил этади.

Эрдўғон уюштирган Истанбул намойишига чиққанлар сони¸ расмийларга кўра¸ бир неча миллионни ташкил этади.

2 август куни юз минглаб туркиялик Истанбул марказий майдонига йиғилди. Кузатувчилар бу митингни ўтган ойдаги муваффақиятсиз тўнтариш уринишидан бери ҳукуматни қўллаб ўтказилган энг йирик намойиш ўлароқ баҳолашмоқда.

Туркия бош вазир Бинали Йилдирим 7 август куни бўлиб ўтган намойишга келганларга Фатҳуллоҳ Гулан АҚШдан экстрадиция қилинишини билдирди. Туркия ҳукумати диний пешво Гуланни 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси муваффақиятсиз тугаган ҳарбий тўнтаришни ташкиллаштиришда айблаб келади. Бош вазир Йилдирим намойишга чиққанларга Гулан жиноятига муносиб жазоланишини ваъда қилди.

“Барчангиз шуни билингки, ушбу террор гуруҳининг етакчиси Туркияга келади ва қилмиши учун жавоб беради”, деди бош вазир.

Хабарларга кўра, мухолиф партиялар етакчиларидан ҳам тўпланган намойишчиларга мурожаат қилиш сўралган. Аммо митингга курдларни қўлловчи Халқ демократик партияси таклиф қилинмаган.

15 июлги ҳарбий тўнтариш уринишидан бери Эрдўғон ҳукумати давлат ва жамоатчилик секторида ишлаб келган ўн минглаб одамни “гуланчилик”да айблаб¸ ишдан ҳайдади. Бундан ташқари, минглаб одам тўнтаришга алоқадорликда айбланиб, қўлга олинди.

Қўлга олинганларнинг аксари Гулан ва унинг глобал ҳаракатига алоқадорликда айбланмоқда. 1999 йилдан бери АҚШнинг Пенсильвания штатида яшаб келаëтган Гулан эса бу айбловларни кескин рад этиб келади.

Эрдўғон ҳукуматининг гуланчиликда гумонланаëтган ва айбланаëтганларларга қарши кўраётган кескин чоралари Европа давлатларини хавотирга солмоқда. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу танқидларни писанд қилмай, Ғарб мамлакатларини Туркияни етарлича қўлламаётганликда айбламоқда.

Якшанба куни бўлиб ўтган митингда сўзга чиққан Эрдўғон “Гулан тузган тармоқ”ни парчалашга чақирди ва агар парламент қўллайдиган бўлса, мамлакатда ўлим жазосини қайта тиклашга ваъда берди.

Телерепортажларга қаралса, Истанбулдаги митингда байроқ тутган намойишчилар Туркия президентининг ҳиссиётли нутқини ортиқча ҳаяжонсиз эшитганини кўриш мумкин.

XS
SM
MD
LG