Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:49

Тайландда ўзбек аёлларини сотган ўзбеклар ушланди


Grace Hotel меҳмонхонаси у ерда аввал ҳам ўзбекистонлик фоҳишалар тўдаси қўлга олингани билан таниш.
Grace Hotel меҳмонхонаси у ерда аввал ҳам ўзбекистонлик фоҳишалар тўдаси қўлга олингани билан таниш.

Тайландда ўзбекистонлик уч аёл одам савдосида айбланиб ҳибсга олингани хабар қилинмоқда. Пойтахт Бангкокдаги Grace Hotel меҳмонхонасида ушланган ўзбекистонликлар аёлларни алдаб мамлакатга олиб келгани ва фоҳишаликка мажбурлагани айтилмоқда. Бангкокдаги Ўзбекистон консуллиги қўлга олинган аёллар тўғрисида Тайланд расмийларига сўровнома юборганини айтмоқда. Grace Hotel меҳмонхонасида бундан бир неча ой аввал ҳам ўзбекистонлик бир гуруҳ фоҳиша аёл қўлга олинган эди.

Ёшлари 28 билан 52 орасида экани айтилаётган ўзбекистонлик уч аёл Бангкокда ҳибсга олингани ҳақида Тайландда чиқадиган Daily News газетасига таяниб, CA-News агентлиги хабар қилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон фуқаролари Тайландга ўзбекистонлик бошқа аёлларни алдов йўллари билан олиб келиб, уларни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаганликда гумон қилинмоқда.

Бунга оид тергов уларнинг қурбонига айланган ўзбек аёлларидан бири БМТнинг наркотиклар ва одам савдосига қарши кураш агентлигига мурожаат қилгандан кейин бошланган. Бу аёл билан мулоқотга киришган Тайланд полицияси гумонланувчилар изига тушган.

Тайланд полициясида бу маълумотни тасдиқлатишнинг иложи бўлмади.

Бангкокдаги Ўзбекистон консуллигининг шахси ошкор қилинишини истамаган вакили, қўлга олингани айтилаётган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисида маҳаллий расмйларга сўров юборилгани, лекин ҳозирча жавоб олинмаганини маълум қилди.

- Беринглар деймиз, хўп дейилади. Бошқа ҳар хил ходимларга нима қилинади. Баъзилари масъулиятсиз қарайдими, бошқа қиладими, вақтида бермай қолиши мумкин.

Лекин аёллар ҳибсга олингани айтилаётган Бангкокдаги Grace Hotel меҳмонхонаси у ерда аввал ҳам ўзбекистонлик фоҳишалар тўдаси қўлга олингани билан таниш. Озодлик бу ҳақда июн ойи бошларида хабар қилган эди.

Grace Hotel меҳмонхонасида Тайланд полицияси бу мамлакатда ишлайдиган одам савдосига қарши курашувчи FREELAND Foundation ташкилоти билан биргаликда фош қилган “Ўзбек фоҳишалари паккаси” ҳақидаги репортаж машҳур National Geographic телеканалида кўрсатилган эди.

Озодлик мухбири душанба куни FREELAND Foundation ташкилотига қўнғироқ қилиб, айни меҳмонхонада ўзбек қўшмачилари ҳибсга олинганидан хабарингиз борми, деб сўради.

Ташкилот вакили, бу ишдан хабари борлиги, бироқ ўзбекситонлик одам савдоси қурбонлари масаласи билан шуғулланадиган мутахассис идорада бўлмагани боис бу борада изоҳ бера олмаслигини айтди.

National Geographic репортажи “Тайланд полицияси бир хонада биқиниб ётган 13 ўзбек фохишасини топгани” ҳақида ҳикоя қилади.

Бироқ Ўзбекистон консуллиги вакилининг иддао қилишича, бу репортаж бундан анча аввал рўй берган ҳодисани акс эттирган.

- Хабаримиз бор. У нотўғри хабар. Қанақа маънода? Бу кеча яқинда ушланмаган. Охирги айтганингиз борку, нима Грес отелда ушланибди, учтадан ташқарисини айтаяпман, у тўғрисини айтсам, эътибор қилган бўлсангиз, инглиз тилидаги матнига ҳам қарасангиз, 2005 йилга ссилка бераяпти, бир 2012 йилга бераяпти, бу нарса илгари бўлган. Бир-икки йил аввал бўлган. Ўша нарсани уларнинг устидан нима қилиб судга бериб, бошқа қилиб улар кўпчилиги депортация қилиниб шунақа қилиб чиқартириб юборилди. Нима дейди аниқ маълумот берилмаган,- дейди консуллик ходими.

Лекин унинг айтишича, National Geographic телеканалига бу борада расмий эътирознома юборилиб, раддия бериш талаб қилинмаган.

Ўша репортажда полиция хонага бостириб киргач, аёллар ўзбек тилида бақир-чақир қила бошлайди ва кимгадир телефон қилишга уринишади.

Телекўрсатувда қатнашган FREELAND Foundation ташкилотининг одам савдосига қарши кураш бўлими раҳбари Стив Галстер бу аёлларнинг кўпчилиги одам савдоси қурбони бўлгани, лекин улар бу ҳақда бировга айтишдан қаттиқ қўрқишини айтади. “Улар мафиядан ҳам, полициядан ҳам қўрқишади”, дея тушинтиради мутахассис.

Ўзбекистон консуллиги вакили ҳам бу гапни тасдиқлайди.

- Энди бу жуда ҳам қийин аҳвол. Бу ерда консулхона дипломатлари ҳар доим ҳам буларга аралашиб нима қила олмайди. Чунки фақатгина ўзимиз тарафдан уюштирган фуқаролар эмас бу ердаги фуқаролари бўлиши мумкин, бошқа ëқнинг фуқароси бўлиши мумкин. Аралашган бўлиши мумкинда. Криминал системага айланиб кетганки баъзи пайт унинг ичига киришингиз ҳам бир тарафдан жуда қийин, полиция орқали, бошқарувчи орқали кирмасангиз, анчагина хавф туғдиради.

Консуллик ходимининг айтишича, Тайландга алдов йўли билан олиб келинаётган аёллар кўп учрайди.

Сўнгги бир неча ой ичида ўзбекистонлик фоҳишалар тўдалари Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Хитой, Малайзия, Россия, Грузия ва Жанубий Корея каби мамлакатларда ҳам фош қилинди.

Ўзбекистонда 2008 йилда “Одам савдосига қарши кураш”га оид қонун қабул қилинган ва бу қонун шу соҳадаги жиноятлар олдини олиш учун асос бўлиши лозимлиги кутилган.

Шунга қарамай, АҚШ Давлат департаментининг 2011 йил одам савдоси ҳақидаги ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча одам савдосига қарши курашга оид минимал талабларни ҳам бажара олгани йўқ.
XS
SM
MD
LG