Линклар

Ҳинд қамоғида қолаëтган ўзбек аëл ўзининг ўғирлаб келинганини иддао қилмоқда


37 яшар Барно Жўраеванинг беш ойдан бери Бҳопал қамоғида сақланаëтгани айтилмоқда. Сурат Hindustantimes.com сайтидан олинди.

37 яшар Барно Жўраеванинг беш ойдан бери Бҳопал қамоғида сақланаëтгани айтилмоқда. Сурат Hindustantimes.com сайтидан олинди.

Hindustan Times нашрининг 23 май куни ëзишича¸ 37 яшар Ўзбекистон фуқароси Барно Жўраева беш ойдан бери Ҳиндистондаги Bhopal қамоқхонасида сақланмоқда. Мамлакатга ноқонуний яшаганликда айбланиб¸ бир ярим йилдан бери суд қилинаëтган бу аëл¸ ўзининг ухлатадиган дори берилиб¸ сўнгра Непалдан Ҳиндистонга ўғирлаб келинганини иддао қилмоқда.

Ҳиндистондаги етакчи нашрлардан бири Hindustan Times нашрига кўра¸ маҳаллий тилдан бирортасини билмайдиган ўзбекистонлик аëл ўзига қўйилаëтган расмий айблов мазмунидан яхши огоҳ эмас.

Ўзбекистонлик Барно Жўраева 9 декабрь куни Misrod туманида Ҳиндистонда қонуний визасиз яшашда айбланиб қўлга олинган ва унинг иши шундан бери қайта-қайта туман судида кўриб чиқилмоқда.

“Айбланувчи на ҳинд¸ на инглиз тилини билади. У фақат ўзбекча гапиради. Полиция уни ўзига қўйилаëтган айбларни тил тўсиғи боис яхши тушунмаëтган бир шароитда қамаб қўйди. Унинг паспортини ҳам полиция мусодара қилган” дейди ҳинд нашрига Барно Жўераевга ҳуқуқий маслаҳатчилик қилаëтган Manoj Shrivastava.

Полицияга кўра¸ Жўраева 2014 йил 26 июль куни Ҳиндистонга Непалдан ноқонуний тарзда ўтган ва шундан бери мамлакатда ноқонуний яшаб келган.

“Аслида воқеа бошқачароқ. Жўраеванинг ўзи полицияга учраб¸ ўзининг аксил-ижтимоий гуруҳлар томонидан ухлатадиган дори берилиб¸ Ҳиндистонга олиб ўтилганини айтишга уринган. Доридан кейин ўзига келганда¸ Жўраева Деҳлида бўлган”¸ дейди Srivastava.

“Деҳлида Жўраева бҳопаллик Vikas Sarkar деган одам билан танишган ва у ўзбекистонлик аëлни бу ерга олиб келган. Сўнгра у Chhotu Shukla деган одам ҳамроҳлигида Бҳопал полицияга учраган”¸ дейди Hindustan Times газетасига Жўраеванинг ҳуқуқий маслаҳатчиси.

Адвокатга кўра¸ Барно 2014 йил 7 декабрида маҳаллий полиция раҳбарларидан бирига учраган¸ аммо тил тўсиғи боис¸ вазиятини тўғри тушунтира олмаган. Шундан сўнг уни полиция участкасига¸ бу ердан эса¸ қамоқхонага жўнатишган.

Ҳозирча ўзбекистонлик аëлнинг қачон ва нима мақсадда Непалга келгани¸ уни айнан қандай “аксил-ижтимоий гуруҳлар” Ҳиндистонга ўғирлаб ўтганига оид тафсилотлар очиқланмади.

Нашрнинг ëзишича¸ 2014 йилнинг 10 декабридан бери Барно Жўраеванинг иши бўйича саккиз марта маҳкама эшитуви бўлган ва уларнинг бирортасида ўзбекча биладиган таржимон қатнашмаган.

Ҳинд нашрининг ëзишича¸ ҳозиргача Ҳиндистондаги Ўзбекистон элчихонаси ҳам ўз фуқароси тақдиридан тўлиқ хабардор қилинмаган.

Айтилишича¸ элчихона ходимлари Жўраеванинг Ўзбекистон фуқароси эканлигини тасдиқлаш ëки тасдиқламаслик учун¸ унинг паспорт нусхаси юборилишини сўраган. Аммо маҳаллий полиция¸ хориж давлат элчихоналари билан бевосита алоқа қилиш ўз ваколатига кирмаслиги боис¸ ҳалигача бу ишни қилмаган.

На ўзбекча биладиган таржимон ва на ўзбек элчихонаси вакиллари ўз ишига аралашмаëтгани боис¸ Барно Жўраева ўзига нима айб қўйилаëтганини охиригача англамаган ҳолда¸ маҳкама ҳукмини кутмоқда¸ дейилади маҳаллий нашрда чоп этилган мақолада.

Ҳиндистон¸ аксар Осиë ва Яқин Шарқ мамлакатлари каби ўзбекистонлик фоҳишалар¸ хусусан¸ одам савдоси қурбонлари кўп учрайдиган давлатлардан бири.

Ҳинд матбуоти¸ ўзбек фоҳишалари гуруҳининг қўлга олиниб¸ қамалгани ëки депортация қилингани ҳақида тез-тез хабар бериб туради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG