Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:22

Тожикистон ҳукумати сайёҳлар учун ҳожатхона қуради


undated
undated

Тожикистон ҳукумати чет эллик сайëҳларни жалб қилиш ва уларга қулайлик яратиш ниятида магистраль йўлларнинг ҳар эллик километрида ҳожатхона ва ҳар юз километрида эса кичик меҳмонхона қуришни режалаштирмоқда.

Тожикистондаги катта автомобиль йўллари бўйлаб ҳожатхона ва меҳмонхоналар қуриш тадбири давлат дастурига киритилган бўлиб, бу ишлар 2017 йилгача якунланиши керак.

Тожикистон сайёҳлик ташкилотлари анжумани раиси Фаттоҳ Файзуллоевнинг айтишича, айни пайтда бир қанча сайёҳлик ташкилотлари Душанбе-Хўжанд автомагистрали бўйлаб ана шундай инфратизимлар қуриш учун муносиб жой изламоқда.

“Биз Душанбе-Хўжанд ва Душанбе Кўлоб автомобиль йўлларининг ҳар 50 километрида биттадан ҳожатхона қуришимиз керак. Бу нафақат хорижий сайёҳлар учун, балки ўзимизнинг ватандошлар учун ҳам керак. Шунингдек, ҳар юз километрда бунёд қилинадиган меҳмонхоналар ҳам сайёҳларнинг бемалол ювиниб, дам олиши учун қулайлик яратади”, деди Фаттоҳ Файзуллоев.

“Араб сайёҳлари ҳожатхона топишолмади”

Тожикистонга сафар қилган баъзи хорижий сайёҳлар ўз хотираларида ҳожатхона тополмаганидан шикоят қилишади.

Тожикистоннинг Покистондаги элчиси Зубайдулло Саидов Душанбедаги йиғилишлардан бирида, пойтахтдан Ҳулбук қалъасига боришган араб сайёҳлари уч соат давомида йўл бўйида ҳожатхона тополмаганидан шикоят қилгани ҳақида гапирган эди.

“Меҳмонлар 400 километрдан ортиқ йўл юриб, ҳожатини чиқариш учун йўлда бирорта ҳожатхона топа олмадилар”, деди Зубайдов.

"Ошхоналар ҳолига маймунлар йиғлайди"

Тожикистонлик гидлардан бири Нарзулло Сарадбекпурнинг айтишича, катта автомобиль йўллари бўйлаб дуруст овқатланадиган ошхона ва тоза ҳожатхоналар йўқлигидан хорижлик сайёҳлар азият чекади ва бу Тожикистон обрўсига путур етказади.

“Бир неча кун аввал хорижлик сайёҳларни тоғли Бадахшонга олиб бордим. Аксарият ошхоналарда санитария қоидаларига умуман риоя қилинмайди. Ҳожатхоналар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади”, деди йўл бошловчи.

Унинг айтишича, сафар давомида бу ошхоналарда овқатланган 18 сайёҳдан 10 нафарининг қорни оғриб қолган.

Тожикистонда ҳожатхонларнинг етишмаслигини биргина сайёҳлар ҳис қилишмайди. Аксарият мактабларнинг ҳожатхоналари ҳам жуда хароб аҳволда.

ЮНИСЕФ тадқиқотига кўра, Тожикистондаги мактабларнинг юздан 45 фоизида ичимлик суви йўқ, 83 фоиз мактаблардаги ҳожатхоналарнинг ҳолати жуда ёмон ёки умуман йўқ.

ЮНИСЕФ сўнгги ўн йилда Тожикистон мактабларида 348 та ҳожатхона қурган ва уларнинг қарови маҳаллий ҳокимият ва мактаблар раҳбарияти зиммасига юклатилган эди.

Бироқ маҳаллий ҳокимият бу ҳожатхоналарнинг санитария ҳолатларига эътибор бермай қўйди ва натижада уларнинг аксарияти ишдан чиқиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG