Линклар

Фарғона вилояти, Фурқат туманида фермерлик қилаётган 70 яшар ногирон фермер Очил Бегматов вилоят ҳокими уни мажлисда камситганидан Озодликка арз қилди. Фермернинг айтишича, вилоят ҳокимининг ўзи уни Учкўприк туманида ўтказилган йиғилишга таклиф қилган, аммо мажлис бошланишидан аввал уни сенсираб мажлисдан ҳайдаб чиқарган.

Фурқат туманида фермерлик қилаётган 70 яшар Очил Бегматовнинг айтишича, 14-ноябрь куни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи уни Учкўприк туманида ўтказиладиган йиғилишга чақиртирган, аммо ҳамманинг олдида сенсираб мажлисдан ҳайдаб чиқарган:

- Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўтган ҳафтада мени аҳмоқ қилди. Ўзимизнинг Фурқат туман ҳокимидан Ёқубжон деган бир бўлим мудири келиб, “вилоят ҳокими сизни эртага Учкўприк туманига мажлисга чақиряпти”, деди. Душанба куни ўзи ҳамроҳ бўлиб олиб борди. Эрталаб соат 8 га етиб бордик. Биринчи қаторда ўтирган эдим, мажлис бошланмасдан вилоят ҳокимлигида ишлайдиган бир аёл мени ёнимга келиб, “яна бу ерда у-бу гапларни гапирманг”, деди. Мен “бу ошкоралик, керакли гапларни гапирамизда”, дедим. У индамай кетди. Ўн минутлардан кейин ҳоким кириб келди ва жойига ўтирмасдан “бошқа тумандан келганлар, бу ердан чиқиб кетсин, зални бўшатиб қўйсин”, деди”, дейди фермер.

Очил Бегматовнинг айтишича, у ўриндан туриб ҳокимдан нега бундай деяётганини сўраган:

- Ўртоқ ҳоким, ўзингиз чақиртирганингиз учун келувдим, дедим. Шунда ҳоким сенсираб, “мен билмайман, бор, чиқ, чиқ”, деди. Мен яна унга, “бўлмаса нимага чақиртирасиз?”, дедим. Ҳоким яна сенсираб “бор чиқ”, деди. Кейин аччиғим чиқиб, “ҳе, сендақа артист ҳокимдан ўргилдим”, дедимда чиқиб кетдим, деди Очил Бегматов.

Аввал бир марта инфаркт олганидан сўнг юраги хаста, бир кўзи ожиз ва бир оёғи кесилган фермер Очил Бегматов ҳокимнинг бу ҳаракатини ўзига ҳақорат сифатида қабул қилганини айтади:

- Вилоят ҳокимининг қилган ишини қаранг, бетамизликда бу. Менга нисбатан ҳайвонга қилинадиган муомалани қилдида, у, деди фермер.

Очил Бегматов Фурқат туманидаги илғор фермерлардан бири ҳисобланади. Унинг айтишича, Озодлик радиосида туман ва вилоят ҳокимлари камчиликларини доимо очиқ танқид қилгани учун, вилоят ҳокими шу тариқа ундан ўч олган:

- Одатда, мени мажлисларга чақирмай қўйишганди, чунки тўғри гапни айтаман. Бу мажлсида ҳам айтадиган гапларим бор эди. Ўша ҳокимликдаги аёлни ҳам олдимга бежиз юборишмаган. Гапираман, деганим учун чиқариб юборишди. Агар мажлисда қолганимда айтадиган гапларим кўп эди. Масалан, йўқ пахта учун талабаларни, ўқитувчиларни, дўхтирларни далага ҳайдаб қийнашаётганини айтардим. Ўзим гувоҳман, 200 одам битта фермерга тушди. Уларни олиб келган 5 та автобуснинг путёвкасини фермер тасдиқлаб берди, энди фермер ҳисобидан 750 минг сўм пулни олади. Терилган пахта эса 60 кило! Фермерларни қарзга ботирган - мана шу саводсиз раҳбарларнинг ўзлари. Э, айтадиган гап кўпкуя, деди Очил Бегматов.

Учкўприк тумани ҳокимлигининг ўзини Каримов деб таништирган мулозими ҳақиқатан ҳам вилоят ҳокими иштирокида мажлис бўлиб ўтганини тасдиқлади, лекин воқеани шарҳлашдан бош тортди.

Озодлик бу воқеага вилоят ҳокимининг муносабатини олиш мақсадида Шуҳрат Ғаниевнинг қабулхонаси билан ҳам боғланди. Ўзини ҳоким котиби Турсунали деб таништирган мулозим бу воқеани фақат ҳокимнинг ўзи шарҳлай олишини, аммо ҳоким билан боғланишнинг имкони йўқлигини айтди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ва фермерларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш ҳолатлари ҳаиқда Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

Жумладан, жорий йилнинг 20 июль куни Фарғонада ўтказилган йиғилишда врач ва аптекачиларнинг “калласини сапчадай узиб ташлаш”ини айтган ҳоким уларни “б.. еган ҳайвонларга” тенглаштирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG