Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:15

Мирзиёев ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайлаш таклифини ўртага ташлади


Ўзбекистоннинг янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёев келгусида ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайлаш масаласини кўтарди. Бу таклифни Мирзиёев 7 декабрь куни Ўзбекистон конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланиб, Тошкентда ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида киритди.

“Келгусида биз маҳаллий ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайлаш масаласи ҳақида ҳам ўйлаб, муҳокама қилиб кўришимиз керак. Ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ ва жамият олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришиш мумкин”, деди жумладан Ўзбекистоннинг сайланган президенти.

Ўзбекистон конституциясининг 102-моддасида вилоят ҳокимлари ва Тошкент шаҳри ҳокими мамлакат президенти томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилиниши ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилган.

Яна мазкур моддага мувофиқ, Ўзбекистондаги туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари тегишли вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади, шаҳарлардаги туманларнинг ҳокимлари тегишли шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланади, туманларга бўйсунадиган шаҳарларнинг ҳокимлари туман ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Агар Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимларни бевосита халқ сайлашига оид таклифи жамоатчилик томонидан дастаклангудек бўлса, Ўзбекистон констутицияси моддаларига айрим ўзгартишлар киритиш лозим бўлади.

Конституция куни муносабати билан сўзлаган нутқида Ўзбекистоннинг сайланган президенти мамлакатда “давлат бошқаруви тизимини бугунги ва эртанги кун талабларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштириш” зарурлигини, “бу борада 2017-2021 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикасида маъмурий бошқарув соҳасидаги ислоҳотлар концепциясини қабул қилиш кўзда тутилаётгани”ни таъкидлади.

“Ушбу концепцияга мувофиқ, давлат бошқаруви органлари тузилмасини, вазифа ва ваколатларини оптималлаштириш, уларнинг ўзига хос бўлмаган, такрорланадиган функцияларини ҳамда ходимлар умумий сонини қисқартириш, шунингдек, давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги ролини кескин камайтириш бўйича аниқ тадбирлар амалга оширилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Сайланган президентга кўра, давлат хизмати институтини ислоҳ этиш, давлат хизматчиларининг моддий ва ижтимоий таъминоти, уларнинг касбий тайёргарлигини тубдан такомиллаштириш, бу соҳага янгича фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, ватанпарвар кадрларни жалб этиш бўйича самарали тизим ҳам яратилади ва бу масалаларнинг барчаси яқинда ишлаб чиқиладиган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топади.

XS
SM
MD
LG