Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:46

Халқаро ташкилотлар тожик расмийларидан адвокатларни озод қилишни талаб қилмоқда


Мухолифатчи Зайд Саидовнинг ҳибсга олинган адвокатлари Шуҳрат Қудратов ва Фахриддин Зокиров, Душанбе, 2014 йил феврали.
Мухолифатчи Зайд Саидовнинг ҳибсга олинган адвокатлари Шуҳрат Қудратов ва Фахриддин Зокиров, Душанбе, 2014 йил феврали.

Инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи икки халқаро ташкилот - Human Rights Watch ва Норвегия Хелсинки қўмитаси Душанбедан ҳибсда сақланаётган тўрт адвокат ва бошқа адвокатнинг икки ўғлини “ҳеч қандай шартсиз” зудлик билан озод этилишини талаб қилмоқда.

Иккала ташкилотнинг “Тожикистон: адвокатларни озод қилинг” дея сарлавҳаланган қўшма баёнотида 2014 йилдан буён Тожикистонда камида 5 нафар адвокат - Шуҳрат Қудратов, Фахриддин Зокиров, Бузургмеҳр Ёров, Нуриддин Маҳкамов ва Дилбар Додожонова ҳамда адвокат Исҳоқ Табаровнинг икки ўғли Фируз ва Далер қўлга олингани урғуланади.

Уларнинг ҳаммаси турли айбловлар билан қўлга олинган, улар орасида фақат Фахриддин Зокировгина узоқ муддатли икки ҳибсдан сўнг қўйиб юборилган. Қолганлари эса, халқаро ташкилотлар баёнотига кўра, шубҳали айбловлар билан жазо ўтамоқда ёки уйдирма айбловлар билан ҳибсхонада тутиб турилибди.

Human Rights Watch ва Норвегия Хелсинки қўмитаси тожик расмийларидан адвокатларни тақиб қилиш ва уларга босим ўтказишни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Икки ташкилот баёнотида Тожикистонда адвокатларни қўлга олиш расмийларнинг мухолифларини ҳимоя қилганлик ёки сиёсий мотивга эга шубҳали жиноят ишларини ўрганишга уринганлик учун ўч олиш мақсадида амалга оширилгани таъкидланади.

Баёнотда қайд этилишича, тожик расмийлари ўтган бир йил давомида ўз сиёсий мухолифларини мунтазам равишда таъқиб қилаяпти, мухолифат вакиллари ва уларнинг тарафдорларини ўзбошимчалик билан қўлга олаяпти ҳамда қийноққа дучор қилаяпти. Расмийлар хориждаги мухолифларини экстрадиция қилинишига уринмоқдалар ва бунинг уддасидан чиқолмаган тақдирда ўғирлаб келаяптилар.

Баёнот муаллифлари 2015 йили Тожикистонда асосий мухолиф куч бўлган Ислом уйғониш партияси фаолияти тақиқланганидан кейин расмийларнинг сўз ва йиғилиш эркинлигига нисбатан босими кучайиб кетганига эътибор қаратадилар. 2015 йил мартида эса дунёвий мухолифат лидерларидан бири Умарали Қувватов Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўлдириб кетилган. Бу қотиллик тожик расмийларининг бевосита иштирокида ёки уларнинг розилиги билан амалга оширилганига ишора қилувчи асосли тахминлар бор.

Ҳуқуқ ҳимоячилари тожикистонлик адвокатларнинг қўлга олиниши мухолифатчи Зайд Саидовни ҳимоя қилган икки адвокат Шуҳрат Қудратов ва Фахриддин Зокиров 2014 йили ҳибсга олинганидан кейин бошланганини таъкидлайдилар. Аввал Тожикистон саноат вазири бўлган Саидов сиёсий партия тузмоқчи бўлиб юрган ва унинг икки адвокати товламачиликда айбланиб, қўлга олинганди. Бунинг ортидан Зайд Саидовнинг учинчи адвокати Исҳоқ Табаровнинг икки ўғли ушланган.

2015 йилда қўлга олинган адвокатлар Ёров, Маҳкамов ва Додожонов эса Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакилларини ҳимоясига бел боғлагандилар.

Human Rights Watch ва Норвегия Хелсинки қўмитаси тожик расмийлари Ислом уйғониш партияси аъзоларини ҳимоя қилмоқчи бўлган бошқа адвокатларга ҳам ҳибс билан таҳдид қилганларини таъкидлайди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, тожик расмийлари адвокатлар фаолиятини янада кўламлироқ назорат қилиш учун қатор чоралар кўрганлар. Хусусан, адвокатлардан лицензия олиш учун Адлия вазирлигида имтиҳондан ўтиш талаб қилинган. Адвокатура тўғрисидаги янги қонун тасдиқлангунича адвокатлар бундай лицензияни расмийлардан эмас, балки мустақил адвокатлик бирлашмаларидан оларди.

Тожикистонлик адвокатлар Human Rights Watch ва Норвегия Хелсинки қўмитасига имтиҳон саволлари ҳуқуқшуносликка эмас, тарих, маданият ва сиёсатга оид бўлганини билдирганлар. Улар расмийлар назорати остида ўтган имтиҳонлар шов-шувли жиноий ишларда ҳимоячилик қилганларни адвокатлик фаолиятидан маҳрум қилиш мақсадида ўтказилганидан ташвиш билдирганлар.

Баёнот сўнгида ҳуқуқ ҳимоячилари АҚШ, Европа Иттифоқи ва Тожикистоннинг бошқа халқаро ҳамкорлари Душанбедан сиёсий сабабларга кўра тутилган адвокатларни озод этишни талаб қилиши лозимлигини урғулайдилар. Шунингдек, улар халқаро ҳамкорлардан йиғилиш ва сўз эркинлиги бўйича Тожикистон ўз мажбуриятларига риоя қилиши борасидарасмий Душанбега босим ўтказишни сўраганлар. Ҳуқуқ фаоллари БМТ Хавфсизлик кенгашида 6 май куни тингланажак Тожикистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича янги ҳисоботи чоғида муҳокама иштирокчилари бу мамлакатда адвокатлар ва мухолифатчилар тақиб қилиниши юзасидан ўз хавотирларини изҳор қилиши лозимлигини ҳам қўшимча қилганлар.

XS
SM
MD
LG