Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:16

Москвадан паноҳ топган Ҳусан Московский Ўзбекистонда "оқланди"


60 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедов жиноят оламида "Ҳусан Московский" номи билан танилган.
60 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедов жиноят оламида "Ҳусан Московский" номи билан танилган.

Ўзбекистонлик тадбиркор Ҳусан Зиямуҳаммедов жиноий иш фигурантлари қаторидан олиб ташлангани иддао қилинмоқда. Тадбиркор Ўзбекистондан хўл мева экспорти соҳасига қайтарилди.

Бу ҳақда Озодликка мамлакат бошқарув элитаси ва тадбиркор оиласига яқин манбалар билдирди. "Ҳусан Московский" иши доирасидаги ҳуқуқий процедуралар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг апрель ойи охирида Москвага сафари ортидан тўхтатилган.

Ўтган йил апрель ойида Ҳусан Зиямуҳаммедов Россияга изнсиз қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари, жумладан, ҳўл мева жўнатганликда ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил этганликда айбланиб, устидан жиноий иш очилгани айтилади.

Иддао қилинишича¸ 60 яшар Зиямуҳаммедовга нисбатан очилган жиноят иши доирасидаги ҳуқуқий процедуралар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг жорий йил 26 апрелидаги Москвага расмий сафари ортидан тўхтатилган.

Озодликнинг Ўзбекистон бошқарув элитасига яқин манбасининг айтишича¸ Ҳусан Зиямуҳаммедовга Россияга Ўзбекистондан мева-сабзавот олиб келиш бўйича ваколати берилган:

- Ҳусан Зиямуҳаммедовга тегишли бизнес тизимлари бундан олдин ҳам Россияга мева-сабзавот олиб келиш билан шуғулланиб келган. Бу борадаги самара назарда тутилган ҳолда Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот етказиш вазифаси Зиямуҳаммедов бошчилигидаги ширкатга берилди. Одатда бундай холларда ўтказиладиган тендер танлови ҳам бўлгани йўқ. Май ойидан бошлаб Ўзбекистондан Россияга борадиган мева-сабзавот оқимини Зиямуҳаммедов назорат қилаяпти. Ҳозир Зиямуҳаммедов Москвада тадбиркорлик билан банд. Унга қарши очилган иш ёпилди. Лекин Ҳусан ака, ҳар эҳтимолга қарши, Тошкентга бормаяпти¸ дейди Озодлик манбаси.

Ушбу манбанинг қўшимча қилишича¸ "Ҳусан Московский" қалтис вазиятдан ютуқ билан чиққан"

- Россиядаги сабзавот бозорини Озарбайжон гуруҳлари назорат қилади. Бу гуруҳларга қарши туриш учун Ҳусан Зиямуҳамедовдан бошқа одам топилмагани ҳам ушбу қарор қабул қилинишига сабаб бўлди¸ дея иддао қилди манба.

Қудратли қуданинг халоскор қўли?

Ўзбекистон тергов идоралари ва мамлакат бошқарув элитасига яқин манбанинг иддао қилишича¸ Ҳусан Зиямуҳаммедовга нисбатан жиноий ишнинг тўхтатилишида унинг "қудратли қудаси" тадбиркор ва криминал авторитет Салим Абдувалиев асосий роль ўйнаган.

Исми сир қолишини истаган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг собиқ мулозими, Озодлик билан суҳбатда, Ҳусан Московский Салим Абдувалиевнинг ўнг қўли сифатида Москвада фаолият олиб бораëтгани ва айнан Абдувалиев кўмагида дахлсиз юрганини иддао қилди.

Ҳусан Зиямуҳаммедов ва Салим Абдувалиевни қариндошлик иплари боғлаб туради.

Салим Абдувалиев ва Ҳусан Зиямуҳаммедов тўйда
Салим Абдувалиев ва Ҳусан Зиямуҳаммедов тўйда

2014 йил апрелида криминал авторитет Салим Абдувалиев набирасининг яна бир криминал авторитет Ҳусан Зиямуҳаммедов оиласига келин бўлиб тушгани жиноий тизимларнинг ўзаро қариндошлик ришталари билан боғланиб кучайишига мисол ўлароқ талқин қилинган эди.

Ҳусан Зиямуҳаммедовн устидан жиноят ишининг очилиши криминал авторитет Салим Абдувалиевга қарши қаратилган зарба сифатида кўрилган эди.

Сиëсий конъюнктура

Озодликнинг Ўзбекистон бошқарувига яқин манбасининг айтишича, Москвага қочган Ҳусан Московскийнинг оқланиши Ўзбекистондаги йирик коррупционер мулозимлар - Ҳаëт Шарифхўжаев, Юрий Савинков устидан очилган ишни мувофиқлаштираëтган мулозимлар режасида бўлмаган.

Озодлик манбасининг иддаосига кўра¸ Ўзбекистон МХХ раиси ўринбосари Шуҳрат Ғуломов Ҳусан Зиямуҳаммедов ишининг ёпилишига қарши бўлган:

- Умуман СНБ раҳбарияти "Московскийни" ушлаб, қамоққа тиқиш ниятидан қайтмаган. Ҳайдаровга яқин гуруҳ (Президент маъмурияти раҳбари Зелимхон Ҳайдаров, демоқчи - таҳр.) "Московскийни" оқлаш кераклигини президентга уқтира олди. Бу уқтириш Россия Ўзбекистон муносабатлари учун фойдали деган тарзда "упаковка" қилинди¸ дейди манба.

Айни пайтда, "Ҳусан Московский" дохил жиноят иши доирасида қўлга олинган ўзбекистонлик икки фуқаро - "Марик" (Марк Биленко) ва "Обид Карам" (Обид Баҳромов) - ҳибсда қолаётгани айтилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, жиноят оламида "Марик"¸ "Марик-лошарик" номи билан танилган ва ҳозир ҳибсда қолаëтган тошкентлик Марк Биленко Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг тижорий ҳамкоридир.

Марк Биленко Ҳусан Зиямуҳаммедов билан биргаликда 1993 йилда Тошкент вилояти Зангиота туманида алокоголь ичимликлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Фар-Ваб" Ўзбекистон-Исроил қўшма корхонасини ташкил қилган.

Шу билан бирга "Аstе1" ширкати ҳам Биленкога оид экани айтилади.

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш соҳасидаги ҳамкорлари ҳали ҳам озод қилинмаган.

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг ўнг қўли ҳисобланган Обид Баҳромов ҳам 2015 йил апрель бошидан бери ҳибсда қолаётгани маълум.

Жиноят оламида "Обид карам" номи билан танилган Обид Баҳромов Россияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланиб келгани иддао қилинади.

Жорий йилнинг 23 январида Ҳусан Зиямуҳаммедов Россия ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан Санкт Петербург вокзалида ушланиб сўроқ қилиб, қўйиб юборилган эди.

Ўтган йилнинг июнида шаҳарни тарк этмаслик шарти билан вақтинча ҳибсдан озод қилинган тадбиркор Ҳусан Зиямуҳаммедов Москвага қочиб келиб яшамоқда.

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг Тошкентда истиқомат қиладиган ўғли Музаффарга яқин манбанинг билдиришича, Зиямуҳаммедов 2015 йилда 3 марта қисқа вақига ҳибсга олинган. Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг Тошкентдаги уйи МХХнинг махсус гуруҳи тарафидан муттассил ташқи назоратга олингани ҳам Озодликка маълум.

XS
SM
MD
LG