Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:21

ХВЖ расмийси Эронни иқтисодий ривожланиш учун фақат нефтга умид боғламасликка чақирди


Ҳарк оролидаги Эронга қарашли нефтни экспорт қилиш объекти.
Ҳарк оролидаги Эронга қарашли нефтни экспорт қилиш объекти.

Халқаро валюта жамғармаси директорининг биринчи ўринбосари Девид Липтон Эронни ўз иқтисодини ривожлантириш учун нефтдан келажак даромаднинг ўсишига умид боғламасликка, унинг ўрнига глобал иқтисод билан алоқаларни тиклашга уринишга чақирди.

17 май куни Эрон Марказий банкида сўзга чиққан Липтон: “Мен Эрон иқтисоди учун ўта муҳим бир пайтда сўзлаяпман. Муҳим санкциялар бекор қилиниши ортидан сизнинг мамлакатингизда глобал иқтисод билан интеграцияни янада кучайтириш учун янги имконият пайдо бўлди. Бу жараён вақт ўтиши билан ривожланишга сабаб бўлиши ҳамда эронликлар турмуш даражасининг ўсишига олиб келиши мумкин”, деди.

Январь ойида санкциялар бекор қилинганидан бери Эрон нефть қазиб олиш кўламини анча оширди. Мамлакат санкциялар бекор қилинишидан аввал айрим ҳолларда кунига 1 миллион баррель нефть қазиб олган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич кунига 4 миллион баррелга етди.

Липтон 2014 йили 100 доллардан ошиқ бўлган нефть нархининг 47 долларга тушиб қолганини эътиборга олган ҳолда, нефтдан тушаётган даромад Эрон иқтисодининг ривожланишига катта омил ярата олмайди, деб ҳисоблашини айтди.

Липтоннинг билдиришича, Эрон иқтисодининг барқарор ривожланиши нефть ишлаб чиқаришдан бошқа соҳаларни тараққий эттириш ва янги ишчи ўринлари яратишга боғлиқдир.

Липтон кейинги йилларда инфляцияни озайтириб, мамлакатни ривожланиш йўлига солган ислоҳотларни олқишлади.

Липтон Эронни Хитой ва Лотин Америка ҳамда Шарқий Европадаги мамлакатлардан ўрнак олишга чақирди. Бу мамлакатлар глобал иқтисодга қайта қўшилиш учун кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширди ҳамда ўз иқтисодларини диверсификация қилди.

Липтон Эрон олдида паст нефть нархларидан бошқа жиддий муаммолар борлигини эътироф этди. Хусусан, у мамлакат олдида турган қийинчиликлар орасида суст глобал иқтисод, инвесторларни ташвишлантираётган хатарлар, суст банк тизими ҳамда бюджет ислоҳотларига бўлган эҳтиёж борлигини айтиб ўтди.

Эрон олдида турган энг жиддий қийинчиликлардан бири мамлакат билан молиявий ҳамкорлик қилишни чекловчи АҚШ санкцияларидир. Бу санкциялар Эрон терроризмни дастаклаётгани ҳамда инсон ҳуқуқларини поймол қилиб келаётгани учун бекор қилинмаган.

Липтон, агар Теҳрон бу чекловлар бекор қилинишини истаса, пул ювиш ҳамда терроризмни дастаклашни тўхтатиши кераклигини айтди.

“Эрон расмийлари кейинги пайтда пул ювиш ҳамда терроризмни молиялаштиришни чекловчи тизим ўрнатиш йўлида олға силжиди. Бу халқаро молиявий тизимга қайта уланиш учун зарур омилдир. ХВЖ Эрон расмийларининг бу соҳадаги саъй-ҳаракатларини қўллашда давом этади”, деди у.

Эронда ХВЖнинг расмий дастури йўқ. Шундай бўлса-да, ташкилот мамлакатга маслаҳат ҳамда техник ёрдам бериб келади.

XS
SM
MD
LG