Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:45

Ўзбекистонда газсиз, чироқсиз, совқотиб яшаётганлар ҳам сайловда овоз бермоқчи


Ўзбекистон сайловчилари кейинги 25 йил давомида Ислом Каримовдан бошқа одамнинг президент бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган.
Ўзбекистон сайловчилари кейинги 25 йил давомида Ислом Каримовдан бошқа одамнинг президент бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш “Ижтимоий фикр” марказига кўра¸ президент сайлови арафасида ўтказилган сўнгги сўров респондентларнинг аксарияти – 97,5 фоизи 4 декабрда бўлажак сайловда иштирок этиш ниятида эканини кўрсатган. Сўров муаллифлари¸ бу "фавқулодда фаолликни" марҳум президент Каримов хотирасига ҳурмат ва миллий бирдамлик ифодаси сифатида талқин этмоқда.

Фавқулодда сайловлар – фавқулодда фаоллик

Ўзбекистонлик сайловчиларнинг 2016 йилнинг 4 декабрига белгиланган муддатидан олдин ўтказилаëтган президент сайловидаги фаоллигини шарҳлаган “Ижтимоий фикр” марказининг етакчи социологи Марат Ҳожимуҳаммедов¸ бу йилги сайловларнинг ўзига хослигини таъкидлайди:

- Бу сайловларнинг ўзига хослиги¸ уларнинг фавқулодда эканлиги¸ яъни Ўзбекистон 1-президенти ўлимидан сўнг ўтказилаëтгани билан боғлиқ. Президентимиз вафот этганда бутун халқ чуқур қайғуга тушганини кўрдик. Шунинг учун одамларнинг фаоллиги¸ уларнинг масъулият туйғуси ошган. Сайловларда қатнашиш нафақат давлатимизга бўлган бурчимиз¸ балки оламдан ўтган президентимиз хотирасига ҳурматимиз¸ деб билаяптилар. Иккинчиси¸ ҳозирги сайлолар мамлакатимиз бирдамлигини имтиҳондан ўтказади. Шунинг учун одамлар ўзининг иштироки билан Ўзбекистоннинг бирдамлигини намойиш этмоқчи¸ дейди Марат Ҳожимуҳаммедов.

Ижтимоий фикр маркази ўтказган сўровда қатнашганларнинг 69,9 фоизи сайлов кампаниясини мунтазам равишда, 28 фоизи эса имкон қадар кузатиб бораётганини айтганлар. Респондентларнинг 96,7 фоизи фикрича, президент сайлови мамлакат ва ҳар бир ватандош тақдири учун жуда катта аҳамият касб этади.

"Каримовсиз сайлов ўзгаришлар умидини уйғотди"

Бундай хулоса ортидан Озодлик мухбири ҳам мамлакатнинг турли вилоятларида яшовчи¸ турли ëшдаги оддий ўзбекистонликлардан айримлари билан боғланиб¸ уларнинг 4 декабрь куни овоз беришга шахсан ўзлари бориш-бормасликлари билан қизиқди.

Андижонлик Шавкатбек¸ ëши 40 дан ошганига қарамай¸ ўз умрида бирор марта сайловларда овоз бермаганини айтар экан¸ бу йилги сайловда¸ албатта, қатнашиш режаси борлигини айтади.

- Бу йилги сайловга қизиқиш бор менда¸ нимага десангиз жичча ўзгариш бўлаяптику! Мана виртуал қабулхона чиқди¸ одамларнинг проблемалари ҳал бўлаяпти ҳар қалай. Ишонсангиз¸ шу пайтгача¸ бирор марта сайловда қатнашмаганман¸ уйдагилардан кимдир ҳаммамиз учун варақаларни қутига ташлаб келарди. Каримовнинг сайланишини ҳамма биларди¸ шунинг учун қизиқиш умуман йўқ эди. Сайловларнинг сохталигини маҳалла сайловларида кўрганман – халқ овоз берган одам қолиб¸ ўзлари танлаган одамни раис қилишган¸ шундан билганман бизда сайлов йўқлигини. Бу йил лекин умид бор нимадир ўзгаришига¸ кейин қанақа бўлади¸ билмайману¸ аммо ҳозирча озгина ишонч бор яхшиланишга¸ дейди андижонлик Шавкатбек.

24 ноябрь куни Озодлик боғланганида Самарқанднинг Оқдарë туманидан яшовчи 28 яшар Дилдора газсиз¸ светсиз уйда¸ совуқда қандай исинишни билолмай турганидан гап бошлади.

Турмуш даражасининг ўта абгорлиги¸ ҳаëт учун энг зарур қулайликлар турмушидан йилларча аввал ғойиб бўлганини айтган бу суҳбатдош¸ 4 декабрь кунги сайловларда қатнашиш ниятида экани¸ аммо ҳозирча кимга овоз бериш борасида бир тўхтамга кела олмаганини айтди:

- Ислом Каримов даврида у кишига овоз берганман. Энди ҳаëт яхши бўлмаса ҳам¸ у киши яхши одам бўлганлар¸ шунга овоз берганман. Ҳозир на газ бор¸ на свет бор¸ совуқда ўтирибмиз. Мирзиëев яхши гапларни гапираяптику¸ лекин улар ҳали бизгача етиб келгани йўқда¸ шунга одам ҳайрон. Ҳозирча кимга овоз беришни билмайман¸ деб қўшиб қўйди бу суҳбатдош.

Озодликка ўзи яшаëтган ҳудудда газ-свет йўқлиги¸ нархи ошганига қарамай¸ бензин ҳам сотувда йўқлиги ҳақида шикоят йўллаган фарғоналик 23 яшар Отабек ҳам¸ 2015 йилги президент сайловида қатнашмагани¸ бироқ бу йил қатнашишга қизиқаëтганини айтади:

- Ўтган сайловда ëш бўлганим учунми¸ қатнашмаганман. Қизиқмаганман ҳам. Бу йил қизиқаяпман¸ шахсан ўзим бораман. Секин-аста ҳамма нарсани тушуниб бораяпмиз. Худо хоҳласа¸ Шавкат Мирзиëевга овоз берамиз. Камчилик жуда кўп¸ лекин бошқа номзодларнинг нимадир қилишига ишонч йўқ¸ чунки уларни умуман билмаймиз¸ дейди фарғоналик 23 яшар Отабек.

Сўнгги сўров пайтида¸ ўзбекистонлик сайловчиларнинг янги президентдан кутаëтган умидлари ҳам сўралганини билдирган “Ижтимоий сўров” маркази социологи Марат Ҳожимуҳаммедов¸ бу умидларни икки гуруҳда талқин қилди:

- Сўров давомида биз аниқлаган асосий умид бу биринчи президент бошлаган ишларнинг давом этишига умиддир. Биринчидан бу¸ Ўзбекистоннинг тинчлик-осойишталигини таъминлаш билан боғлиқ. Тинчлик мустаҳкам бўлиши керак¸ деб умид қилишаяпти. Иккинчиси¸ бу ислоҳотларни давом эттириш¸ янгиликлар киритиш¸ албатта¸ ўзгаришлар бўлиши. Лекин ҳар қанақа ўзгариш эмас¸ давлат ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилган ўзгаришлар бўлишига умид қилаяпти одамлар¸деди “Ижтимоий сўров” маркази етакчи мутахассиси Марат Ҳожимуҳаммедов.

Суҳбатдошга кўра¸ сўнгги сўровда 2200 нафар киши иштирок этган, уларнинг 50,9 фоизи шаҳарликлар, 49,1 фоизи эса қишлоқ аҳолиси бўлган.

Ўзбекистонда президент сайлови 4 декабрга белгиланган. Унда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан - президент вазифасини бажарувчи ва амалдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев, Халқ-демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Миллий тикланиш партиясидан Сарвар Отамуродов ва Адолат партиясидан Наримон Умаров номзод ўлароқ қатнашади.

XS
SM
MD
LG