Линклар

"43 йиллик машинани мулк ҳисоблаб, боламга нафақа беришмаяпти"


Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидан боғланган тингловчи ўзи ва рафиқаси ишсиз бўлгани ҳолида боласига 2 ёшгача бўлган нафақа пули берилмаётганидан шикоят қилди. Даъвога кўра, маҳалладан борган ҳайъат ҳовлида ётган 43 йиллик "Жигули"ни даромад манбаи, деб топган ва нафақа бермасликка қарор қилган.

Исмини ошкор этмаслик шарти билан OzodMikrofonга сўзлаган юқоричирчиқлик тингловчи ўзи яшаб турган маҳалла ҳайъатининг қароридан норози эканини айтмоқда:

- Бир аёл келди маҳалладан. Ҳовлимда 1973 йилда чиққан эски "Жигули"ни кўриб: "Ана машинангиз бор экан", дейди. Бечора машинани 4та ғилдираги ҳам йўқ, занглаб ётибди. "Шу машинангиз бўлмаса, бола пулини берардик", дейишди. Мен вақтинча ишсизман, лекин бозорда арава тортаман. Хотиним ишсиз. Иш топгунимча, боланинг ўз ҳаражатларига ёрдам бўлиб турар, деган эдик. Лекин, беришмади, - дея арз қилди юқоричирчиқлик тингловчи.

Қуйида у киши билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Ўзбекистонда 2 ёшгача бўлган болаларга бериладиган нафақа пули Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги 44-сонли қарори асосида тасдиқланган "Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низом билан тартибга солинади.

Низомда қайд этилишича, 2 ёшгача боласи бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тўланади. Нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса – 12 ойга тайинланади.

2 ёшгача болага бериладиган нафақа миқдори энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида белгиланади. Бунинг учун оиланинг охирги 3 ойлик даромади кўрсатилади ва бу даромад миқдори оиладаги жон бошига бўлинганда, энг кам иш ҳақининг 1 ярим баробаридан кам бўлиши лозим.

Низом бўйича қуйидаги тоифага кирувчи болали оилалар нафақа пулини олишда устунликка эга:

- ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;

- ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

- 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар);

- ногирон боласи (болалари) бўлган оилалар;

- болани (болаларни) тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар (оталар). Бунда боланинг амалда тўлиқ бўлмаган оилада она (ота) томонидан тарбияланишини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи белгилайди;

- ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларида ҳисобда турган оилалар;

- ёлғиз пенсионерлар.

Низом мазмунига биноан, Озодликка мурожаат қилган тингловчи ҳам 2 ёшгача бўлган боласи учун, нафақат, нафақа пулини олиш ҳаққи, балки бундай ҳақдорлар орасида устунликка ҳам эга.

Ўзбекистонда бу масалани ҳал қилиш тўлиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги комиссиялар ваколатига берилган, ҳокимиятларнинг молия бўлимлари эса бу қарорни тасдиқлайди, холос.

Кейинги пайтларда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан боғланаётган тингловчилар орасида 2 ёшгача бола пули берилмаётгани ва одатан, бунинг сабаблари очиқланмаётгани, ҳатто, ариза топширган оилаларга аниқ тушунтирилмаётганидан шикоятлар кўп бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG