Линклар

logo-print

Ғазнаси портлатилган "Исломий давлат" жорияларига ҳам пул тўлолмай қолди


"Исломий давлат"га қарши ҳаво ҳужумларини олиб бораётган халқаро коалиция раҳбарияти террор гуруҳи маблағ ва одам танқислигидан қийналаётгани ҳақида баёнот тарқатди. Яқинда қўлга киритилган ИДга тегишли ички ҳужжатлар таҳлилига кўра, ҳатто, жориялар учун ҳам пул қолмаган, жангарилардан эса электр токини камроқ ишлатиш ва гуруҳ автомобилларидан шахсий эҳтиёж учун фойдаланмаслик сўралмоқда.

ИД ички ҳужжатлари таҳлили

CNN телетармоғи тарқатган хабарга кўра, "Исломий давлат"га қарши кураш олиб бораётган халқаро коалиция қўмондони ўринбосари генерал-майор Питер Э.Герстен сўнгги ойлардаги ҳужумлар террор гуруҳи моддий базасига жиддий зарар етказганини айтган.

Сешанба оқшом журналистларга сўзлаган ҳарбий бироз вақт муқаддам қўлга киритилган ИД ички ҳужжатлари таҳлили ва сўнгги вазиятга доир маълумотлар асосидаги хулосаларини маълум қилди.

Расмий баёнотга кўра, умумиятла, ИД сўнгги ойларда маблағдан анча қисилиб қолган. Жангариларга турмушга чиқиш ёки жориялик қилиш учун борган жиҳодчи аёлларга тўлашга ҳам пул етмаётир.

Бундан ташқари, ҳужжатларда жангариларнинг электр токидан фойдаланишни чеклаш, ИД ҳисобида бўлган автомобиллар ва бошқа турдаги мулклардан ҳам фақат гуруҳ манфаати учун фойдаланиш, шахсий эҳтиёжлар учун фойдаланишни чеклаш ва назорат қилиш ҳақида гап боргани айтилмоқда.

Қизиғи, жангарилар жанг майдонига чиқмаслик учун табибдан ҳужжат олишини чеклаш ҳам кўзда тутилгани айтилди.

ИДга кираётган жангарилар камайди

Генерал-майор Питер Э.Герстен сўнгги ойлар ичида ИДнинг молиявий ва моддий техникавий базалари нишонга олингани ҳамда бу тактика иш берганини айтмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили шу вақтга ИДга ойига 1500дан 2000 мингга қадар кўнгилли жангари қўшилган бўлса, шу кунда ойига 200 гина одам ИД ҳудудига ўтмоқда.

"Аслида биз ҳозир ИДдан қочаётган жангарилар сони ошаётганини кузатаяпмиз. Уларнинг ғояга ишончи синаётганини кузатаяпмиз. Биз уларнинг (ИД раҳбарлари - таҳр.) тўловларни вақтида тўлай олмаётганини кўраяпмиз. Биз уларнинг ИДни ташлаб кетишга уринаётганини кўраяпмиз", деди жумладан АҚШ матбуотига сўзлаган генерал-майор.

АҚШ ҳарбийлари бу баёнотларига далил ўлароқ сўнгги йирик ҳаво ҳужумлари видеоларини ҳам эълон қилди.

ИДнинг $800 млн. ғазнаси портлатилди

Шу йилнинг январь ойида ИДнинг Ироқдаги нақд пул сақланган ғазнасига ҳужум қилинган видеода ҳавога учган банкнотлар акс этган. Ҳарбийлар бу каби бир неча ҳужумда гуруҳнинг 300 миллиондан 800 миллион долларгача нақд пули йўқ қилинганини айтмоқда. Айни пайтда, яна бир неча ғазна нишонга олингани ва тез орада уларга ҳам ҳаводан ҳужум уюштирилишини ваъда қилмоқда.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг октябрь ойидан буён ИДнинг бир неча йирик нефть базалари ҳам вайрон қилинган.

Вашингтондаги Яқин Шарқ форуми таҳлилчиларидан бири, жиҳодчилар қўлланаётган Интернет технологиялар ва онлайн ахборот базалари бўйича тадқиқотчи Айман ал-Тамимий жума куни форум тарқатган пресс-релизда: "Гуруҳнинг ички ҳужжатларида кўринишича, бундай ҳужумлар ИДнинг ҳарбий, молиявий ва маъмурий базасига жиддий зарар етказган", деб ёзди.

Айман ал-Тамимий ИДга тегишли ички ҳужжатларни қўлга киритган тадқиқотчидир. У бу ҳужжатларни ИД назорати остидаги ҳудудда бўлган суриялик фаоллар, журналистлар ва аҳоли кўмагида қўлга киритганини айтган. ИДнинг баъзи ҳужжатлари эса гуруҳ назоратидан озод қилинган ҳудудларда қўлга киритилган.

Жория ва хотинга 50 доллар

Бу ҳужжатлар илк бор CNN томонидан CTC Sentinel террорга қарши кураш марказига таянган ҳолда чоп этилган эди. Ҳужжатларда ИДнинг 2016 йил март ойига қадар бўлган маъмурий ва молиявий ҳисоботлари қайд этилган.

Жумладан, ИД ҳудудидаги тўловлар "жангари учун ойига ўртача 50 доллар, уларнинг хотинлари учун 50, болаларининг ҳар бири учун 35, ҳар бир жорияси учун 50, жориядан туғилган ҳар бир бола учун 35, ота-онаси учун 50 доллардан, қарамоғидаги бошқа оила-аъзоларининг ҳар бири учун 35 доллардан" қилиб белгиланган.

Ал-Тамимий Сурияда юрган ва қайтган жангарилар, гаровда сақланган журналистлар ва бошқа манбалардан олинган маълумотлар буни тасдиқлашини қайд этади. Дарвоқе, яқинда юртдошларини ИДга тарғиб қилиб, видеобаёнот тарқатган ўшлик кекса жангари ҳам унга бир ойлик маош 50 доллар эканини айтган эди.

Жангарилар ойлиги кесилган

Ҳозир ИД ҳудудидан чиқаётган хабарларга кўра, сўнгги ойларда ана шу маошини ололмаётган жангари ва уларнинг қарамоғидаги аёллар сони ортган. Ижтимоий тармоқларда эса, айниқса, Ғарб давлатларидан жорияликка борган аёллар, ҳатто, оддий гигиена талаблари даражасида ҳам шароит йўқлиги, жумладан - электр токи, иссиқ сув, тиш пастаси каби зарурий буюмлар ҳам етишмаётганидан нолиган постлар тарқалди.

ИДнинг ички ҳужжатларида гуруҳнинг Суриядаги пойтахти бўлган Роққа шаҳридаги жангариларнинг ойлигини ярмига кесиш қарори ҳам акс этган.

Самарасиз тарғибот

Ал-Тамимий томонидан тарқатилган мазкур ҳужжатларда октябрь ойида жиҳоддан қочган жангариларга афви умумий эълон қилгани, ўз маъмурий ричаглари ва ижтимоий тармоқларга масъул гуруҳлари воситасида янги жангариларни ёллашга зўр бераётгани ҳам кўринганини айтади.

Ҳаттоки, ИД ички ҳужжатларида жанг майдонига чиқишдан қочиш учун табибдан сохта маълумотнома олган жангариларнинг борлиги қайд этилгани ҳам айтилмоқда.

Айни пайтда бу ҳужжатларни кўздан кечирган таҳлилчилар ИД назорати остида яшаётган жангарилар ва уларнинг оилалари оғир шароитларда яшашга кўниккани ҳамда ички қийинчиликлар террор гуруҳи раҳбариятига жиддий эътироз туғилишига сабаб бўлмаслиги мумкин демоқдалар.

Айни пайтда коалиция ҳаво ҳужумларига бошчилик қилаётган генерал-майор Герстен ҳам ИДга қарши кураш тинимсиз давом этаётгани, бироқ ғалаба учун "сабр ва вақт зарур"лигини таъкидлаб ўтди.

ИД Марказий Осиёдан оилаларни жиҳодга ёллашга уринмоқда

Айни пайтда Ироқ ва Шомда жанглар кучайиб, талофотлари ошаётган "Исломий давлат" Марказий Осиёдан оиласи билан жиҳодга борган жангарилар даъвати ўрин олган тарғибот видеоларини пешма-пеш эълон қилмоқда.

Ўтган ойда экстермист гуруҳларнинг рус тилидаги сайтларида бола-ота-бобо тилидан даъватлар янграган икки видео чоп этилди.

"Исломий давлат" (ИД) ғояларини ижтимоий тармоқларда ёйиб келаётган Furat Media гуруҳи тарқатган видеолардан бири 30 дақиқалик ва унда асли ўшлик бўлган 60лар атрофидаги жангари ҳамюртлари, айниқса, Туркияда юрган ҳамюртларини Сурияга чорлади.

Яна бир видеода эса қозоғистонлик жангарилар болалари билан бирга ҳамюртларини Сурияга жиҳодга келишга чорлайди. Бу видеода 4-6 ёшлар атрофидаги гўдак қўлида қурол билан кадрга ўқталиб, президент Нурсултон Назарбоев номига таҳдид сўзларини такрорлади.

2014 йилнинг 29 июнида собиқ ИШИД - "Ироқ ва Шом Ислом давлати" террор гуруҳи Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудида халифалик ўрнатгани даъвоси билан чиққан ва ўзини "Исломий давлат", деб эълон қилган.

Қисқа муддат ичида Ироқ ва Сурия ҳудудидаги сарҳадларини кенгайтирган ИД бошқа дин вакиллари, жумладан, насроний ва язидийлар жамоалари вакилларини қатлиом қилди. Айни пайтда, шиа мусулмонларига қўшиб, ўз талабларига бўйсунмаган суннийларни ҳам қира бошлади.

Натижада, аввалига ИД дунё ҳамжамиятининг биринчи рақамли душманига айланди ва шу кунда 60 дан ортиқ давлат иштирок этаётган йирик халқаро коалиция унга қарши курашмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG