Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:09

Каримов “Лазги”га ўйнаб келган расмий байрам қолдирилди


31 август куни ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган расмий тантаналар Каримовсиз ўтказилмайдиган бўлди. Озодлик суҳбатлашган Тошкент расмийлари¸ шунингдек хориж дипломатлари¸ ҳозирча ҳеч кимга расмий билдиришнома юборилмаганига қарамай¸ бу тадбирнинг бекор қилинганини айтдилар.

Вазирликнинг хабари йўқ

30 август куни Озодликнинг ҳукуматга яқин бир-биридан мустақил икки манбаси 31 авгсут кунги расмий тадбирнинг бўлмаслигини билдирди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Озодлик боғланган расмийси¸ ҳар йили ҳукумат ва хориж дипломатик ваколатхоналари намояндалари учун 31 август куни ўтказиб келинаëтган расмий тантаналарнинг бекор қилинганини на тасдиқлаш ва на инкор қила олишини билдирди.

“Бу тадбирни ўтказиш учун махсус тузилган ташкилий-ижодий гуруҳ бор. Унинг раиси Бош вазир Шавкат Мирзиëев. Улар қандай қарорга келишганидан ҳозирча хабаримиз йўқку¸ аммо 31 август кунги расмий байрам бекор қилинса керак. Билишимча¸1 сентябрь кунги халқ сайиллари бўлади”¸ деди Маданият вазирлиги расмийси.

Артистлар байрамга шай

Озодлик билан суҳбатда байрам тадбири учун масъул идоралардан яна бири -“Ўзбекнаво” эстрада бошқармаси вакили¸ Мустақилликнинг 25 йиллигига бағишланган бу йилги расмий тантаналарга ҳар йилгидан кўра каттароқ ва жиддийроқ тайëргарлик кўрилгани ва санъаткорларнинг бу тадбирга шайлигини билдирди.

“Аммо бу концерт дастури бўладими-бўлмайдими¸ буниси ҳозирча айтишмади”¸ деди мамлакатдаги шоу-тадбирларнинг асосий ташкилотчиси ҳисобланган “Ўзбекнаво” расмийси.

Озодлик ҳар йилги Мустақиллик ва Наврўз байрам тадбирларининг расмий дастурида қатнашиб келаëтган айрим таниқли санъаткорларнинг ўзлари билан ҳам боғланди.

Шахслари очиқланмаслигини сўраган бу санъаткорлар¸ ҳозирча ҳеч ким ўзларига 31 август кунги тадбир қолдирилгани ҳақида аниқ маълумот бермаганини айтдилар.

“Биз ëз бўйи репетицияларда қатнашиб келдик. Концертга тайëрмиз. Бўлади¸ дейишса борамиз. Лекин ҳозирча “бўлмайди” деб ҳам айтишмади. Бу ерда вазият ғалати¸ нима бўлаëтганини ҳеч ким аниқ билмайди”¸ деди Озодлик боғланган санъаткорлардан бири.

Чет эл дипломатлари "қоронғулик ичида"

Мавзуни ўрганиш жараëнида Озодлик Тошкентдаги қатор хориж элчихоналари билан ҳам боғланди.

Европа элчихоналаридан бири дипломатининг билдиришича¸ элчихонага 31 август кунги расмий байрам тадбирига таклифнома анча олдин – президент Ислом Каримов 28 август куни инсультга чалиниб¸ реанимацияга ëтқизилгунча юборилган. 30 август куни бу манба¸ Тошкент расмийлари ўзларига 31 август кунги расмий тантаналарнинг 1 сентябрга қолдирилганини билдиришганини айтди.

“Бизга байрам бекор қилинди¸ деб очиқ айтишмади – у 1 сентябрга кўчирилди¸ дейишди. Шундан тушундикки¸ бу йил расмий тадбир бўлмайди¸ фақат халқ сайли бўлса керак”¸ деди Озодлик суҳбатлашган европалик дипломатлардан бири.

Озодлик билан суҳбатда айрим қўшни давлат дипломатлари ҳам ҳар йили президент мезбонлик қиладиган мустақиллик байрам тадбирининг бўлмаслигини айтишди.

“Таклифнома анча олдин келган. Лекин ҳар йили 31 август олдидан бизга телефон қилиб¸ байрамга келиш эсдан чиқмасин¸ деган маънода огоҳлантириб қўйишарди. Бу йил бизга ҳеч ким эртага байрам¸ эсдан чиқмасин¸ демади. Айни пайтда¸ келманглар¸ байрам бўлмайди¸ ҳам дейишмади. Лекин вазиятдан келиб чиқиб¸ бу байрам қолдирилди¸ деб ўтирибмиз¸ деди Озодлик суҳбатлашган яна бир дипломат.

Вилоятларда томошалар бўлаяпти

Озодликка маълум бўлишича¸ вилоят ҳокимлари мезбонлик қиладиган мустақилликка бағишланган расмий тадбирлар вилоятларда режада белгиланганидек 29 август куни бўлиб ўтган.

“Хоразмда ҳаммаси яхши ўтди. “Ола киштак роталла”га ўйнадик. Ҳокимнинг ўзи ўтказди¸” деди Озодликнинг Хоразм волоят ҳокимлигига яқин манбаси.

Жанубий вилоятлар ҳокимликлари расмийлари ҳам Озодликка 29 август кунги расмий тадбирлар режага мувофиқ ўтгани¸ эндиликда халқ сайилларининг ҳам режадагидек ўтказилиши кутилаëтганини билдирди.

31 август кунги расмий тантаналарнинг бўлиш-бўлмаслиги ҳақида хабар бермаëтган маҳаллий нашрлар¸ айни пайтда Мустақилликнинг 25 йиллигига бағишланган халқ сайиллари ва концертларнинг 1 сентябрь куни Тошкентнинг 12 ҳудудида ўтказилишини маълум қилди.

Каримов мустақилликнинг 25 йиллиги байрамида қатнаша олмайди

2016 йилнинг 2 июнь куни президент Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармонга имзо чеккан эди.

Ижроси Бош вазир Шавкат Мирзиëевга топширилган ушбу фармонда Каримов Мустақиллик байрамида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш ҳақида буйруқ берган эди.

Бу тадбирлар кульминациясининг ҳар йилгидек 31 август куни кечқурун Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги миллий боғида ўтказилиши режаланган давлат тадбири бўлиши кутилаëтган эди. Бу байрам ҳар йили бир хил сценарий асосида президент Ислом Каримовнинг табрик нутқи билан бошланиб¸ унинг Хоразм “Лазги”сига рақси ва мушакбозлик билан якунланар эди.

Каримов мустақиллик байрамида яна рақсга тушди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:43 0:00

(Ислом Каримовнинг 2015 йил 31 август кунги Мустақиллик расмий тадбирида тушган рақси.)

Расмий байрам тантаналарига тўрт кун қолганда Вазирлар Маҳкамаси расмий баëнот тарқатиб, президент Каримовнинг "стационар даволанишда" эканини маълум қилди.

29 август куни президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева отасининг мияга қон қуюлиш ташхиси билан реанимацияда ëтганини билдирди ва бу иккала хабар жамоатчиликка Ислом Каримовнинг бу йилги мустақиллик тадбирида қатнаша олмаслигини ошкор қилди.

XS
SM
MD
LG