Линклар

Ўзбекистон мактабларида ўқув йили Ислом Каримовни хотирлаш билан бошланди


Биринчи ўқув куни Ислом Каримовни хотирлаш билан бошланди

Биринчи ўқув куни Ислом Каримовни хотирлаш билан бошланди

4 сентябрь куни Ўзбекистондаги ўрта умумтаълим мактабларида очилган янги 2016-17 ўқув йилида машғулотлар “Хотира дарслари” билан бошланди.

Мотам ичидаги таълим даргоҳларида машғулотлардан аввал шу йилнинг 2 сентябрида оламдан ўтган мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирланди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка маълум қилган таълим тизими мутасаддиларига кўра, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан жўнатилган маъруза матни ва мультимедиа дастури ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди.

Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси томонидан берилган маъруза матнида муҳтарам Юртбошимизнинг мамлакатимиз тарихидаги ўрни, у кишнинг оламшумул ислоҳотлари, айниқча ижтимоий соҳага берган юксак эътибори акс этган. Ана шу маъруза машғулотлар бошланишидан аввал ўқувчиларга мактаб директорлари тарафидан ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, синфхоналарда мамлакатимизнинг мустақиллик йилларидаги юксалиш даври мультимедиа воситасида намойиш этилди” дейди Тошкент шаҳридаги 61-мактаб директори Гулнора Исломова.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига кўра, ўқув йили бошланган кун шу пайтга қадар анъанавий тарзда “Билимлар куни” деб юритиб келинган ва мамлакатдаги 9692 та умумтаълим мактабларида илк машғулотлар “Мустақиллик дарслари” бўлган.

Бу йил эса президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан мазкур анъана ўзгарди.

Президентимизнинг ёрқин хотираси, у кишининг мамлакатимиз тараққиётидаги беқиёс ўрнини ўқувчиларга тушунтира билиш бизнинг бурчимиздир. Вазирлигимиз шу мақсадда ўқув йили бошланишини “Хотира дарслари” кўринишида ташкил этди” дейди Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги услубчиси Баҳодир Нишонов.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг “Хотира дарслари”ни ташкил этиш билан боғлиқ кўрсатмасида “Мазкур дарслар орқали муҳтарам президентимизнинг Ўзбекистон мустақиллиги, халқ озодлиги йўлида кўрсатган фидойилиги, она-юртга муҳаббат, миллат олдидаги юксак хизматлари ёшлар онги ва қалбига сингдирилади” декйилади.

Шунингдек, бу йил 1-синфга қадам қўйган 640 минг нафар болага марҳум президентнинг совғалари топширилди.

"Президент совғаси" 12 турдаги ўқув қуроллари ва ўқувчи сумкасидан иборат.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG