Линклар

Президент Каримов Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига борди


Ислом Каримов Сурхондарëда фермерлар билан учрашувда

Ислом Каримов Сурхондарëда фермерлар билан учрашувда

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 30 июнь куни икки вилоят - Қашқадарё ва Сурхондарёга сафар қилди. Ўзбекистон телевидениеси берган хабарга кўра, у ҳар икки вилоятда сўнгги йилларда қурилган иншоотларни бориб кўрган ва деҳқон-фермерлар билан учрашган. Озодлик манбаларига кўра, сафари давомида президент мева-сабзавот етиштираётган деҳқонларга алоҳида эътибор қаратган.

"Ўзбекистон" телеканали берган хабарга кўра, 30 июнь кунининг биринчи ярмида Сурхондарё вилоятига борган президент Каримов шаҳарда қурилган намунавий уйлар, Термиз марказидаги кўнгилочар боғда қурилаётган "Санъат саройи" қурилишини кўздан кечирган.

Ислом Каримов Сурхондарёда, 30.06.2016, "Ўзбекистон" телевидениеси.

Ислом Каримов Сурхондарёда, 30.06.2016, "Ўзбекистон" телевидениеси.

Бундан ташқари, Термиз шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотирасига қурилган "Хотира ва қадрлаш" мажмуасини ҳам зиёрат қилди.

Термиз туманида эса президент маҳаллий деҳқон-фермерлар билан учрашиб, вилоятда пахта, буғдой, бундан ташқари, мева-сабзавот етиштиришни ошириш масаласида нутқ сўзлади. Тушга яқин Сурхондарёдаги Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳига борган Ислом Каримов сўнгра Қашқадарё вилоятига ўтди.

Ислом Каримов Қашқадарёда, 30.06.2016, "Ўзбекистон" телевидениеси.

Ислом Каримов Қашқадарёда, 30.06.2016, "Ўзбекистон" телевидениеси.

Расмий телевидение берган маълумотга кўра, Қашқадарёда президент вилоят марказида қурилган янги темир йўл вокзали биносини бориб кўрган ва бу қурилишда ҳали баъзи нуқсонлар борлигини танқид қилган.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимиятга вилоятда халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказишга мўлжалланган бассейн қуриш вазифасини топширган ва болалар спортини ривожлантириш зарурати таъкидлаган.

Расмий телевидение тез орада Ислом Каримовнинг бу икки вилоятга сафари тафсилотларига бағишланган махсус кўрсатув намойиш қилинишини хабар қилмоқда.

Бунга қадар Қашқадарёдаги маҳаллий ҳокимият идоралари президентнинг Қашқадарё вилояти халқ депутатлари кенгаши вакиллари, шунингдек, мева-сабзавот етиштириш, сотишга ихтисослашган илғор фермерлар билан учрашуви кутилаётганини маълум қилган эди.

Шунингдек, сафарнинг асосий қисми ўтган икки йил ичида таъмирланиб, маркази қарийб қайта қурилган Шаҳрисабзга ажратилиши айтилган эди. Расмий хабарда, ҳозирча бу борада бирор маълумот берилмади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2014 йил 20 февралда "Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида" қарор қабул қилган.

Қарорда шаҳардаги тарихий-меъморий обидалар комплексини таъмирлаш ва шаҳар марказини қайта қуриш назарда тутилган.

2015 йилнинг февраль ойида Ислом Каримов Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида вилоятга борган ва сайловчилар билан учрашган эди. Ўшанда унинг Шаҳрисабзга бориши айтилган, аммо бормаган эди.

Шаҳрисабз марказини қайта қуриш жараёнида Озодликка кўплаб мурожаат ва шикоятлар келиб тушган. Аксар шикоятларда аҳолининг бузилаётган уйларига товон пули тўланмаётгани, ер участкаларининг вақти берилмаётгани ёки умуман берилмаётгани айтилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG