Линклар

Иссиқкўлда энди “Роҳат” йўқ


Иссиқкўлдаги "Роҳат НБУ" пансионати бундан буён "Алтин жай" деб аталадиган бўлди.

Иссиқкўлдаги "Роҳат НБУ" пансионати бундан буён "Алтин жай" деб аталадиган бўлди.

Иссиқкўлда аввал Ўзбекистонга қарашли бўлган уч пансионатнинг номи ўзгартирилди. Қолган бир пансионатнинг номи ҳам яқин орада ўзгариши мумкин. Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги пансионатлар олиб қўйилишига Ўзбекистон томони ҳозирча расмий муносабат билдиргани йўқ.

Иссиқкўлда аввал Ўзбекистон тасарруфида бўлган уч пансионатнинг номи ўзгартирилгани ҳақида Озодликка Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармаси матбуот котиби Данияр Дўсматов маълум қилди.

- Эски номи “Золотые пески” бўлган пансионат “Бўстери” деб номланди. “Роҳат НБУ” деган пансионатнинг янги номи “Алтин жай” бўлди. “Дилором” деган пансионатнинг номи эса “Эне сай” деб ўзгартирилди. Ҳозир “Бўстон” деган пансионатнинг номини ўзгартириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда, бу пансионат номи ҳам алмашади, - деди Данияр Дўсматов.

Жорий йилнинг 4 апрелида Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Темир Сариев Совет Иттифоқи пайтида Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ва корхоналар ҳисобидан Иссиқкўлда бунёд этилган “Роҳат”, Дилором”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистонга қайтариб олиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Ўшанда бу пансионатлар 1992 йилда ҳукуматлараро қабул қилинган шартнома ва қарорларга мувофиқ Қирғизистонга ўтказилгани айтилганди.

Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармаси матбуот котиби Данияр Дўсматовга кўра, аввал Ўзбекистонга қарашли бўлган бу пансионатлар ҳозир “Витязь” деб номланган давлат корхонаси таркибига киритилган ва шу кунда шўъба корхонаси ўлароқ фаолият юритмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, аввал бу пансионатлар Қирғизистонда масъулияти чекланган жамиятлар ўлароқ фаолият олиб борган. “Роҳат-НБУ” пансионатининг таъсисчиси Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Олтин қум”ники “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, “Дилором”ники “Асакабанк”, “Бўстон”ники эса “Ўзсаноатқурилишбанк” эди.

Хўш, бу корхоналар ўзларидан олиб қўйилган пансионатлар учун товон пули олдими?

Бу саволимизга жавоб бера оладиган кишини Миллий банкда ҳам, “Ўзсаноатқурилишбанк”да ҳам, “Ўзбекистон темир йўллари”да ҳам тополмадик. “Асакабанк”дан эса бу саволга жавоб олиш учун расмий хат йўллашимиз лозимлигини айтишди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида қирғиз расмийлари Бишкек пансионатлар учун Тошкентга товон пули тўламаслигини билдирган.

Айни пайтда ўзбекистонлик масъуллардан бири аввалроқ пансионатларнинг Қирғизистон томонидан олиб қўйилиши масаласи Тошкентда тегишли давлат органлари томонидан ўрганилиб, муҳокама қилинаётганини айтганди.

Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармаси матбуот котиби Данияр Дўсматов Иссиқкўлдаги пансионатлар бўйича Ўзбекистондан мулк даъвоси бўлган-бўлмагани ҳақида ўзида маълумот йўқлигини айтди.

Жаноб Дўсматов бугунги кунга келиб мазкур пансионатларнинг ижрочи раҳбарлари ҳам алмашганини маълум қилди.

- “Алтин жай” пансионатининг раҳбари Исмаилов Мирзабек Турусбекович, “Бўстери”ники Чалжанов Келгенбай Кунуевич, “Эне сай”нинг раҳбари эса Атаев Ақжўл Сабирбекович бўлди. “Бўстон” раҳбари бўйича масала эса ҳозир кўриб чиқилаяпти, - деди Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармаси вакили Данияр Дўсматов.

Иссиқкўл вилоятининг “Бўстери” қишлоғидаги “Олтин қум” пансионати 28,35 гектар майдонни, Қараўй қишлоғидаги “Дилором” пансионати 21,77 гектар майдонни, яна шу қишлоқдаги “Роҳат-НБУ” пансионати 19,05 гектар майдонни, Кунчиғиш қишлоқ ҳукумати ҳудудидаги “Бўстон” пансионати эса 10,65 гектар майдонни эгаллаган.

XS
SM
MD
LG