Линклар

logo-print

Қирғизистон Россиянинг Иссиқкўлда янги торпедаларни синаётганидан бехабар


"Футляр" торпедаси - Россия ҳарбий саноатининг янги маҳсулоти.

"Футляр" торпедаси - Россия ҳарбий саноатининг янги маҳсулоти.

Россия ахборот воситаларининг хабар беришича, Россия ҳарбий-денгиз флоти "Футляр" номли янги турдаги сув ости торпедаларини Иссиқкўлда синовдан ўтказмоқда. Бу тур торпедалар жорий йил охирида Россия қуролли кучлари сафига олиниши кутилмоқда.

Иссиқкўлда Россия торпедаларининг синовдан ўтказилаётгани тўғрисидаги маълумот қирғиз томонини ҳайратга солди.

Қирғизистон Қуролли кучлари Бош штаби сўзчиси Майрамбек Мусиевнинг айтишича, Россия синов ўтказиш учун Қирғизистон ҳукуматидан рухсат сўрамаган:

"Давлатлараро келишувга мувофиқ, бизда Россия базаси бор. Агарда улар синов ўтказса, бу ҳақда бизга маълумот беришлари шарт. Биздан рухсат олишганидан кейин синов ўтказишади. Биз уларга "Нима учун Россия интернет порталида шундай бўлди, деб маълумот тарқатилди? Келишувга мувофиқ, сиз бизни бу ҳақда хабардор қилишингиз зарур ва рухсат олгандан кейингина синов ўтказиша оласиз", деб расман сўров юбордик. Улар жавоб қайтаргач, биз бу жавобни расман эълон қиламиз," - дейди Майрамбек Мусиев.

Иссиқкўлнинг Қоракўл шаҳрига яқин ердаги кенгликда Россиянинг торпедаларни синаш базаси жойлашган.

Бироқ, расмий маълумотларга кўра, у ерда кўпдан бери синовлар олиб борилмайди.

Қирғизистондаги Россия элчихонаси ҳарбий атташеси Иссиқкўлда янги турдаги торпеда синовдан ўтказилаётгани ҳақидаги хабар юзасидан изоҳ бермади.

Ҳарбий атташе катта ёрдамчиси Вячеслав Косов Россия ахборот агентликлари берган маълумотни тасдиқлагани ҳам, инкор этгани ҳам йўқ.

Қирғизистонда айрим жамоатчилик вакиллари Иссиқкўлда ҳарбий синовлар ўтказилаётгани ҳақидаги хабарларни хавотир билан қарши олишди. Жамоатчилик фаоли Азамат Акелеев Иссиқкўл табиатининг қўриқлаш зарурлигини айтади.

"Иссиқкўлнинг асосий бойлиги - табиатининг гўзаллиги ва тозалиги. Бизга Худо берган энг қимматли неъматимиз бўлган Иссиқкўлда бундай синовларнинг ўтказилиши иқтисодимизга ҳам, обрў-эътиборимизга ҳам салбий таъсирини кўрсатмай қўймайди. Шу сабабли буни дарҳол тўхтатишимиз, чеклашимиз керак. Иссиқкўл дахлсиз ҳудудга айланиши шарт," - дейди Азамат Акелеев.

Экологларга кўра, кўл тубида торпедаларнинг синовдан ўтказилиши сувдаги тирик мавжудотларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Совет даврида Иссиқкўлда торпедаларнинг синалиши ва унинг зарари жамоатчиликдан сир тутилган.

Торпедаларни синаш одатда суви тоза, туби кенг ва узун масофага эга бўлган кўлларда олиб борилган.

Шу сабабли СССР даврида бундай синовлар учун Иссиқкўл энг қулай жой деб билинган.

Бироқ Иссиқкўл вилоятининг собиқ губернатори Эмилбек Каптагаевнинг ишонишича, торпедалар синови сув ва атроф муҳитга зарар бермайди:

"Иссиқкўлда азалдан торпедаларнинг сувда сузиш имконияти синалади холос. Бизга портловчи қисми умуман олиб келинмайди. Сув остида 12 километр кенгликда қўйиб юборишади ва сузган параметрларини ҳисоблаб, қувватини аниқлаб, уни қайта олиб кетишади. Бу ерда зиёни тўғрисида ҳеч қандай хавотир йўқ. Россияда Иссиқкўлдагидай шаклланган база йўқлиги учун шунинг азалдан янги чиқарилаётган торпедаларнинг барчасини Иссиқкўлда синашади," дейди Эмилбек Каптагаев.

"Футляр" торпедаси Россия ҳарбий саноатининг янги маҳсулотидир.

Унинг кема бортидан бошқарилиб, сув остидаги мўлжални 50 километр масофадан тўғри нишонга ола билиши қайд этилаган.

Бунгача Иссиқкўлдаги Россия полигонида "Дастан" заводида ишлаб чиқарилган "Шквал" каби кемаларга қарши торпедалар синаб келинган.

XS
SM
MD
LG