Линклар

Қирғиз президенти маслаҳатчиси телефон суҳбатини ким ëзиб олгани ўрганилмоқда


Бусурманқул Табалдиев

Бусурманқул Табалдиев

Қирғизистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбари, ҳозирда президент маслаҳатчиси бўлган Бусурманқул Табалдиевнинг россиялик бизнесмен Муса Бажаев билан Жеруй олтин конидаги вазият бўйича телефон суҳбати ёзуви матбуотга ошкор бўлгач, жамоатчиликда норозилик уйғонди. Суҳбатда кондаги норозиликни бостириш масаласи муҳокама қилинган. Ҳукуматдан суҳбатни ким, нима мақсадда ёзиб олди ва амалдорга қандай чора кўрилади, каби саволларга жавоб бериш талаб қилинмоқда.

Аудиоёзув мазмуни

Аудиосуҳбатдаги Табалдиевникига ўхшаган овоз соҳиби гўшакнинг у тарафидаги суҳбатдошига Қирғизистон президенти Жеруй олтин кони теграсидаги вазиятни кузатиб туришни унга топширганини айтади.

Табалдиев экани иддао қилинаётган овоз соҳиби, шунингдек, конда ишчилар митинг режалаётгани ва хавфсизлик хизматини сафарбар қилишдан бошлаш кераклигини айтади. Ҳатто, кон бўйича ишларга ўзининг собиқ ўринбосари, МХҚ генерали Мусаев номзодини таклиф қилади.

Россиялик бизнесмен Муса Бажаевга экани иддао қилинаётган овоз соҳиби эса президент ёрдами учун ташаккур билдириб, МХҚ билан яқин ҳамкорликка тайёрлигини билдиради.

Шу билан ёзиб олинган телефон суҳбати тугайди.

Бош прокуратурага ариза

Бу аудиоёзув жамоатчиликка ошкор бўлгач, фуқаролик жамияти фаоллари президент ва Қирғизистон МХҚ собиқ раисига ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилди, дея жиддий эътирозлар билдира бошлади.

Фаоллардан бири Адил Турсунов ёзувнинг асл ёки сохталигини аниқлаб беришини сўраб, Бош прокуратурага ариза киритди:

- Шарчи биз ҳуқуқ-тартибот идораларига ишонмасак-да, бу ҳолда қонун асосида ҳаракат қилишимиз керак. Дарҳол, президент ва хавфсизлик хизмати хорижга жосуслик қилаяпти, деб айблов ёғдирмасдан, бу ёзувнинг ҳақиқийлигини аниқлашимиз керак, - дейди фаол.

Инвестор манфаатлари ҳимояси

Қирғизистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари, ҳозирда президент маслаҳатчиси бўлган Бусурманқул Табалдиев ҳозирча бу борада бирор изоҳ бергани йўқ. Аммо, президент девонидаги айрим расмийлар шундай суҳбат бўлгани ва мулоқотдан мақсад хорижлик сармоядор манфаатларини ҳимоя қилиш бўлганини айтмоқдалар.

Ҳозирда Жеруй конида иш олиб бораётган «Альянс Алтин» ширкати вакили Данияр Жаникулов эса аслида бу конда ишлаш лойиҳаси учун ўтган тендер ҳам адолатли бўлгани ва ҳукумат иштирокчилардан бирортасига ён босмаганини иддао қилмоқда:

- Қирғизистон тарихида илк бор ҳукумат конда ишлаш ҳаққини танлов натижалари асосида берди.Очиқ танлов бўлди. Бизга ҳукумат ён босгани ҳақидаги гаплар эса бўҳтон, - дейди можаролар марказида қолаётган конда ишлаётган ширкат вакили.

Миллий хавфсизлик муаммоси

Ёзиб олинган телефон суҳбати матбуотга ошкор бўлгач, жамоатчиликда буни ким ва нима мақсадда ёзиб олди, деган яна бир жиддий савол кўтарилди.

«Бутун Қирғизистон» партияси лидери Адахан Мадумаровга кўра, МХҚ собиқ раҳбарининг телефон суҳбатининг эшитилиши - мамлакат хавфсизлигига таҳдид борлигига жиддий ишоратдир:

- Агар, бу мулозимнинг суҳбати эшитилаётган бўлса, у ҳолда бошқа раҳбарлар, президент суҳбати эшитилмаётганига ким кафолат беради? Бу ерда мухолифлар ўртасидаги курашгина эмас, балки бутун бошли мамлакат хавфсизлиги ҳақида гап бормоқда, - деди сиёсатчи.

Жеруй олтин конидаги можаро

Бу кондаги олтинни қазиб олиш бўйича лойиҳа ўтган йили май ойида тендерга чиқарилган ва «Альянс Алтин» ширкати унда ғолиб чиқиб, ҳукуматга 100 миллион доллар тўлаган эди.

Бундан ташқари, инвесторга кон теграсидаги аҳоли пунктларида 100 та мактаб қуриш ва яна 100тасини таъмирлаш, завод қуриб, аҳолини иш билан таъминлаш шарти қўйилган эди.

Аммо кон жойлашган Талас вилояти аҳолиси Жеруй конидаги ишлар ва сармоядорнинг ваъдалари ижросидаги сустлигидан норози бўлиб, бир неча пор митинг ўтказди. «Альянс Алтин» ширкати эса айбловларни инкор қилмоқда ва кон яқинида жойлашиши режаланган олтинни қайта ишлаш заводи шу йил якунидан қурила бошлашини ваъда қилмоқда.

Жеруй - Қирғизистонда Қумтор конидан кейин иккинчи ўринда турадиган йирик олтин конидир. Унда заҳира 84 тонна атрофида, деб баҳоланган.​

XS
SM
MD
LG