Линклар

logo-print

Жон Керри: ИШИДга қарши курашда Яқин Шарқ мамлакатларининг алоҳида ўрни бор


АҚШ Давлат котиби Жон Керри

АҚШ Давлат котиби Жон Керри

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Алҳурра телеканалига берган интервьюсида халқаро коалициянинг ИШИДга қарши кураши, Саудия Арабистонининг бу курашдаги роли, Ироқда ёш лидерларнинг майдонга чиқиши ва сиёсий ўзгаришлар рўй беришининг аҳамияти ҳақида гапирди.

ИШИДга қарши кураш ҳақида

Иттифоқчиларимиз катта ишларни амалга оширмоқда. ИШИДга қарши кураш ҳаракатларига 66 давлат жалб этилган, айниқса, Яқин Шарқдаги мамлакатлар бу уринишларга катта ҳисса қўшмоқда. Бу гуруҳга турли жойлардан келаётган молиявий воситаларни кесиб ташламоқчимиз. Ёшларнинг бу гуруҳ ғояларига берилиши олдини олиш учун курашяпмиз, бунинг учун ижтимоий тармоқларда ИШИД ғояларига қарши турувчи одамлар билан ўзаро мулоқот қилишга оид қатор ташаббусларимиз бор. Бундан ташқари, аэропортлар, божхона, виза ва ҳоказо соҳаларда қоидаларни кучайтириш орқали хорижий жангарилар оқимини сезиларли тарзда қисқартирмоқдамиз. Ҳозирда ИШИДга қарши курашда биргаликда, менимча, анча самарали иш олиб бормоқдамиз, бу гуруҳнинг кўплаб етакчиларини йўқ қилдик, ҳамда ҳозирда ИШИД Ироқда босиб олган ҳудуднинг 44 фоизини, Сурияда эса 16-17 фоизини озод қилдик, деб айта оламиз. Шунинг учун бу жараён секин-аста, лекин изчиллик билан олдинга қараб силжимоқда ва бу жараён ортга қайтмаслиги учун уни синчковлик билан амалга оширяпмиз.

ИШИДга қарши курашда Саудия Арабистони роли ҳақида

Саудия катта ҳисса қўшмоқда. Саудия минтақадаги мамлакатлар орасида етакчидир. Менимча, икки муқаддас масжид ходими сифатида, Қирол Салмон ва ҳукуматнинг Ислом масаласида алоҳида салоҳияти бор. Улар ғоявий жабҳада ҳаракатларни амалга оширмоқда, яъни бу ҳаракатлар биз томондан эмас, улар томонидан, Исломнинг муҳим маркази бўлган мамлакат томонидан амалга оширилмоқда. Улар асл Ислом қандай бўлишини тушунтиришяпти, бу ишни мен қила олмайман, лекин Қирол Салмон ва унинг саройи қила олади. Бундан ташқари, улар Суриядаги можарога сиёсий ечим топишга қаратилган халқаро ёрдам кўрсатиш уринишларида ҳам олдинги жабҳаларда туришибди. Шу билан биргаликда, улардан ИШИДга хусусий манбалардан келаётган молиявий ёрдам, алоҳида айтмоқчиман, ҳукуматга тааллуқли эмас, хусусий манбалардан келаётган молиявий ёрдамни тўхтатиш ҳаракатларини кучайтиришни сўрашимиз мумкин, менимча. Бу масала устида Саудия Арабистони билан иш олиб бормоқдамиз. Лекин Саудия бу ҳаракатларни амалга оширишда асосий ва муҳим ҳамкор бўлиб келмоқда.

Ироқда сиёсий ислоҳотларни тадбиқ этиш эҳтиёжи ҳақида

Ироқда муайян ислоҳотларни ёқлаб келяпмиз ҳамда Бош вазир Абадий ва унинг ҳукуматига натижаларга эришиш, ироқликлар орасида муроса ясаш, мамлакатда барқарорлик ўрнатиш ва иқтисодни илгарилатиш учун барча гуруҳлар жалб этилиши лозимлигини аниқ айтганмиз. Бошқарув жараёнига ҳар бир ироқликни жалб этиш зарур. Менимча, сўнгги кунларда кўрганимиз каби, маълум тарангликлар вужудга келишининг олдини олиб бўлмайди, албатта. Лекин бошқа томондан, ҳозирча бу жараён узоқ муддатда охир-оқибат баъзи қарама-қаршиликлар, баъзи қийинчиликларни бартараф қила оладиган ўзанга тушмоқда. Бу эса, умид қиламизки, одамларни ягона мақсад томон интилишга ундайди. Шунинг учун Бош вазир Абадийни бундай эҳтиёж борлигига ишонтиришга ҳаракат қилишда давом этамиз. Аслида, ҳозир сиз билан гаплашиб ўтирар эканмиз, вице-президент Байден ҳозирда Ироқда у билан мазкур масалаларни муҳокама этмоқда. Яъни жараёнга барчани жалб этиш, одамларни бир стол атрофига таклиф қилиш, келишмовчиликларни бартараф қилиш, ҳамда барча одам жараёнга адолатли тарзда жалб қилиниши масаласини муҳокама этишмоқда.

Яқин Шарқда истиқболдаги авлоддан чиқадиган лидерлардан нималар кутилаётгани ҳақида

Менимча, бундай лидерлар бугун керак ва бундай лидерлар аллақачон пайдо бўлаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Масалан, Саудия Арабистонида Валиаҳд Шаҳзода ўринбосари Муҳаммад бин Салмон қатор турли жабҳаларда, хусусан Саудия Арабистони Қироллигида иқтисодий ўзгартишларни ясаш ҳаракатларига бош-қош бўлмоқда. Бу жуда меҳнатталаб ва айни пайтда муҳим режадир. Эшитишимча, у ёш бўлгани ва одамларнинг иқтисодий келажагини шакллантиришга ҳаракат қилаётгани жуда кўп ёшларни илҳомлантирмоқда ва улар бу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда. Менимча, Араб Амирликларида ҳам Валиаҳд Шаҳзода Жаноби Олийлари Муҳаммад Бин Зайид ҳам узоқни кўриб биладиган одам эканини кўрсатди ва ака-укалари билан биргаликда энергия, террорчиликка қарши кураш соҳаларида таҳсинга лойиқ ташаббусларни амалга тадбиқ этмоқда. Улар ИШИД, Ал-Қойдага қарши туриш масаласида қатъийлик намойиш қилишмоқда ва одамлар буни қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг Бирлашган Араб Амирликлари иқтисодини ислоҳ қилишдаги хизматларини айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

XS
SM
MD
LG