Линклар

logo-print

Тошкент шаҳридаги "Авиасозлар деҳқон бозори" душанба куни тушгача ёпиб қўйилди. Маъмурият бозор "Санитария куни" муносабати билан ёпилгани, кундузги соат 12дан сўнг очилиб, одатдаги тартибда ишлай бошлаганини маълум қилди. Аммо, эрталабдан ичкарига қўйилмаган сотувчилару харидорлар орасида бозор бузиляпти, деган хавотир тарқалди ва тармоққа тушган баъзи суратлар шов-шувни янада кучайтирди.

Санитария куни

Халқ орасида "Кадишев бозори" деб танилган "Авиасозлар деҳқон бозори" душанба куни эрталаб аввалдан огоҳлантирилмаган тарзда ёпиб қўйилди.

Сотувчилар бозор дарвозасидаги "Санитария куни" деб ёзилган эълонни кўриб, бозор бузилиши бошланди, деган ваҳимага тушдилар.

Ижтимоий тармоқлар ва қатор Интернет нашрларида Кадишев бозоридан олинди, дея бир неча бузилган раста сурати ҳам эълон қилинди.

2014 йилнинг октябрида Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Авиасозлар деҳқон бозори" қайта таъмирланиши ва ўша пайтда таъмир лойиҳаси ҳозирланаётганини маълум қилган эди.

6 июнь куни Озодлик мухбирига жавобан маъмурият вакили бозорнинг бузила бошлаганига оид хабарларни инкор қилди:

"Бозор бузилаётгани йўқ, фақат тозаланди. Эшикка ҳам ёзиб қўйдик: "Санитария куни" деб. Ҳеч қандай раста бузилгани йўқ, тозалаш куни бўлди, холос. Сотувчиларнинг маҳсулотлари бузилмаслиги учун кундузги соат 12дан бошлаб очдик, ҳозир бозор нормальный ишлаяпти", деди бозор маъмуриятининг ўзини таништирмаган вакили.

Бозор бузилиши аниқ

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бир неча сурат ҳақида эса маъмуриятдан бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади. 6 июнь куни бозорга борган Озодлик манбаси суратдаги расталардан бири мажмуа ташқарисида бўлган ва афтидан, ноқонуний қурилган раста эканини билдирди.

Аммо, маъмурият бозор бузилиши кутилаётганини тасдиқлади:

"Лекин, ҳали реконструкцияга вақт бор. Ҳали бизга муддатини айтишгани йўқ ҳокимиятдан, ҳеч ким билмайди", деди "Авиасозлар деҳқон бозори" маъмуриятининг расмийси.

Пойтахтдаги йирик бозорлардан бири бўлган "Авиасозлар деҳқон бозори" тошкентликлар орасида "Кадишев бозори" номи билан танилган ва энг гавжум бозорлардан биридир.

Шаҳар ҳокимияти қайта таъмир пайтида бозорнинг ҳозирда бироз қоришиқ бўлган озиқ-овқат ва кийим-кеча сотиладиган қисмини алоҳида павильонларга ажратишни режаламоқда.

2014 йилда Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати, шунингдек, бозор ичидаги эски икки қаватли савдо комплекси капитал таъмирдан чиқарилиши ҳамда бозорда замонавий талабларга жавоб берадиган автостоянка қурилишини маълум қилган.

Аммо, бундан бир неча ой муқаддам "Авиасозлар деҳқон бозори" тўлиқ бузилиб, унинг ўрнида 4 қаватли янги гипермаркет очилади, деган овозалар ҳам тарқалди. Бозор маъмурияти ҳозирча бундай овозаларни инкор қилмоқда.

Авиасозлар бозори тарихи

"Авиасозлар деҳқон бозори" Тошкентда 1966 йилда бўлган даҳшатли зилзиладан сўнг очилган.

Зилзиладан сўнг Тошкентга собиқ иттифоқ республикаларидан кўплаб қурувчи, ҳашарчи ва ишчи-мутахассислар келган, уларнинг маълум қисми Чкалов авиазаводида ишлаган.

Ишчилар учун завод яқинида Лисуново массиви қурилган ҳамда бу шаҳарча учун махсус "Авиасозлар" бозори очилган эди. Вақт ўтиши билан бозор кенгайди ва 2000 йилларга келиб, унинг номи "Авиасозлар деҳқон бозори" деб ўзгартирилди.

Ҳозирда бозорнинг тошкентликлар орасида қадрланган жиҳати унинг икки қаватлик павильони ичида сотиладиган кўкатларидир. Харидорлар янги узилган ва хилма-хил кўкатлар, сабзавотлар учун кўпроқ шу бозорга қатнайди.

Бузилаётган бозорлар

Тошкент шаҳар маъмурияти 2016 йилда Тошкентдаги бир неча бозор, жумладан, "Олой", "Миробод", "Авиасозлар", "Наврўз", "Сергели", "Юнусобад" бозорлари ҳам реконструкция қилинишини маълум қилган. Бозорлардаги таъмирлаш ишларини бу йилги Мустақиллик байрамига қадар тугатиш режалангани айтилган.

Шу кунга қадар "Олой" бозорида йирик таъмирлаш ишлари бошланди, "Миробод" бозорида эса қисман бошланди ва шу икки бозордаги бузилиш-қурилиш ишлари учун 15 миллиард сўм (5 миллион 200 минг АҚШ доллари) ажратилгани расман маълум қилинди.

Қуйидаги видеода "Олой" бозорида шу йилнинг 29 мартида бошланган бузилиш жараёнини кўришингиз мумкин:

"Олой" бозори ҳам Тошкентнинг камида 150 йиллик тарихга эга бўлган бозорларидан бири ҳисобланади.

Қизиғи, бу бозор 2013 йилда ҳам қайта қурилган эди. Ўшанда бозор ёнида автомобил парки, бозор ичкарисида тўртта павильон қурилган ва бунга бир ярим миллиард сўмга яқин маблағ сафрланган. Орадан 2 йилдан ошироқ вақт ўтиб, айни бозор нега яна қайта қурилаётгани ҳақидаги савол ҳозирча очиқ қолмоқда.

XS
SM
MD
LG