Линклар

Қарши тумани ҳокими бош шифокорни икки мушт уриб ерга ағдарди


Ўзбекистонда ҳокимларнинг давлат идоралари ходимларини калтаклаши кенг тарқалган

Ўзбекистонда ҳокимларнинг давлат идоралари ходимларини калтаклаши кенг тарқалган

Қарши туманига янги ҳоким бўлиб тайинланган Асрор Бойқораев пахтазорини ўт босган фермерларни бир сидра уриб чиққанидан сўнг, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғига қўл кўтарди. Бир биридан мустақил Озодлик манбаларига кўра, ободонлаштириш ишларини олиб боришда бош врач ишидан хато топган ҳоким уни икки мушт уриб ағдарган. Бироқ, бош врачнинг ўзи ҳокимдан калтак еганини инкор қилмоқда.

Қарши тумани ҳокими Асрор Бойқораев 25 июнь куни туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, 70 яшар Сардор Эркаевни калтаклаган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган, туман марказий касалхонаси шифокорларидан бирининг айтишича, ҳоким бош врачни икки мушт уриб ағдарган:

“Президентнинг Қаршига келиши муносабати билан больница рўпарасидаги бино кўча кўркини бузиб тургани учун бузилади. Бироқ, девор остида икки киши қолиб кетади. Лекин улар қаттиқ жароҳат олишгани йўқ. Ҳоким бу гапдан хабар топиб келган ва бош врачга икки мушт туширган. Врач ерга ағдарилиб, ҳушидан кетиб қолган”, деди шифокор.

Қарши туманида яшайдиган Озодликнинг бошқа бир манбаси ҳам, бош шифокорнинг ҳокимдан калтак еганини тасдиқлади:

“Муштумзўр ҳоким ҳақиқатан кўп кишини уряпти. Туман касалхонаси раҳбари, отаси тенги Сардор Эркаевни ҳам ҳаммани олдида муштлади. Яқинда туманда кўзга кўринган фермерлардан бири Аҳрор акани далада, милиция бошлиғи ва прокурорни олдида шундай урибдики, шўрликнинг ҳамма жойи шилиниб, кўкариб кетибди. Мен уни шу аҳволда кўриб, кўнглини кўтариб қўйдим. Ҳозир Қарши тумани маркази Бешкентда “арча ости” деган ибора пайдо бўлган. Ҳокимият олдидаги арчалар олдига калтакланишга маҳкум фермерларни ҳоким йиғади ва калтаклайди”, деди манба.

Қарши туманидаги ўқитувчилардан бирининг айтишича, янги ҳоким бу вазифага тайинланиши билан ишни зўравонликдан бошлади:

“Мен зиёлиман. Ҳали бундай зўравон, сўконғич ва муштумзўр ҳокимни кўрмаган эдим. Унинг калласига нима келса, шуни мажбурлаб қилдиряпти. Масалан, ҳозир Бешкентда қизил рангли жой қолмади. Замонавий, алюкабонддан бўлган қилинган қизил, оқ паноларни ҳаммасини оқ-сариқ қилиб қайтадан бўятяпти. Нима эмиш, қизил ранг империя рамзи эмиш. Ҳеч ким айтмайдики, бизнинг байроқда сариқ ранг йўқ, қизил ранг бор, деб. Кадастр ҳужжатлари бўлса ҳам, тадбиркорларнинг унга ёқмаган биноларини буздириб ташлаяпти. Йўқ дегани, калтак еяпти. Ахир, президентимиз бунақа муштумзўр ҳокимларни доим танқид қилиб келадику, нега унинг мушугини ҳеч ким пишт деёлмайди”, деди ўқитувчи.

Қарши тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Сардор Эркаев Озодлик билан суҳбатда ҳоким томонидан калтакланганини инкор қилди:

“Бўлмаган гап, ҳоким мени ургани йўқ. У доим менга ҳурмат билан муомала қилади”, деди Сардор Эркаев.

Қарши тумани ҳокимлигидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Қарши тумани ҳокими Асрор Бойқораевнинг фермер ва ташкилот раҳбарларини калтаклаши биринчи бор кузатилаётгани йўқ.

Озодликка мурожаат қилган фермерларнинг иддаосича, туманга янги ҳоким этиб тайинланган Асрор Бойқароев 12 июнь куни мажлис тўплаб, пахта даласини ўт босган фермерларни калтаклаган ва ҳақорат қилган. Исми сир қолишини сўраган қаршилик фермерлардан бири Озодлик билан суҳбатда ҳоким икки нафар ҳамкасбини судловсиз ярим суткага қамаб қўйганини айтган эди.

Асрор Бойқораев бир ой муқаддам Қарши туманига ҳоким этиб тайинланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG