Линклар

Канада суди Эронга тегишли мулкларни Теҳрон қўллови билан амалга оширилган ҳужумлар қурбонларига ўтказиб беришни буюрди

Канадалик судья Эронга тегишли мулкларни Теҳрон дастакловчи Хамас ҳамда Ҳизбуллоҳ гуруҳлари амалга оширган ҳужумларда жабрланганларга ўтказиб беришни буюрди.

Йил бошида АҚШда ҳам террор ҳужуми қурбони бўлганларнинг оила аъзолари Теҳронга қарши суд ишида енгиб чиққан эди.

Теҳрон эса суднинг бу қарорини кескин қоралаб, халқаро судга арзланди.

Канада суди қарорига биноан 11 миллион доллар қийматга эга дипломатик бўлмаган мулклар Буэнос-Айрес, Исроил, Ливан ҳамда Саудия Арабистонида 1983-2002 йилларда амалга оширилган портлашлар ёки асир олишлар қурбони бўлганларнинг оила аъзоларига ўтказиб берилиши керак. Бу ҳужумларда юзлаб одам ўлган.

АҚШдаги судлар каби, Онтарио олий суди Эронни Хамас билан Ҳизбуллоҳ аъзоларини тайёрлашда ҳамда гуруҳларга молиявий ёрдам кўрсатишда айбдор деб топди.

АҚШ олий суди Эронга тегишли 2 миллиард доллар қийматга эга мулкни жабрланувчилар оила аъзоларига ўтказиб беришни буюрган.

Аммо бу қарор ҳали амалга оширилгани йўқ. Теҳрон бу масала юзасидан халқаро судга мурожаат қилишини айтиб келади.

Онтарио олий суди судьяси Гленн Хейний ўз қарорини эълон қилар экан, “Террозим дунёдаги энг йирик хавфлардан биридир”, деди.

“Суд олдидаги асосий масала терроризмни дастаклаган Эрон Канада судлари юрисдикцияси олдида дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги ёки йўқлигидир”, деди Хейний.

Канададаги Эронга қарши жиноий иш қурбонларга ва уларнинг оила аъзоларига терроризмни дастакловчи ҳукуматлардан компенсация талаб қилиш ҳуқуқини берувчи қонун асосида очилди.

Бу қонун 2012 йил кучга кирган.

Канада Эрон ва Сурияни террозимни қўлловчи давлат деб ҳисоблайди.

Суднинг бу қарори Канада бош вазири Жастин Трюдо учун ноқулай пайтда эълон қилинди. Трюдо ҳукумати Эрон билан дипломатик алоқаларни тиклашга, ҳафта бошида Теҳронда бирор айбловсиз қўлга олинган монтреаллик профессорни озод қилишга уринмоқда.

Террозимга қарши Канада бирлашмаси аъзоси Денни Айзен “Канада Эрон билан алоқаларни тиклашга интилар экан, Эрон ўз террористик фаолияти ва инсон ҳуқуқларини поймол қилиши учун Канада судларида жавобгарликка тортилиши ўта муҳимдир”, деди.

Суд қароридан Эроннинг Оттавадаги дипломатик бинолари озоддир. Аммо дипломатик бўлмаган мулклар ҳамда айрим банк ҳисобларидаги маблағлар Эрон дастаклаган гуруҳлар фаолияти туфайли жабр кўрганларнинг оила аъзоларига ўтказиб берилди.

Теҳрон ҳали суд қарорига ўз муносабатини билдиргани йўқ.

Эрон бошида суд ишига эътибор бермади. Чиқарган қарорлари Канадада ҳам амалга оширилишини истаётган АҚШ судлари билдирувидан кейин Теҳрон Торонтода жойлашган ҳуқуқшунослик фирмасига мурожаат қилди.

Теҳрон ҳимоя сифатида суд қоғозларини тегишли тартибда олмаганини, суд иши ўта кеч очилганини, жабрланувчилар талаб қилаётган миқдорлар ҳаддан ташқари кўплигини айтди.

Хейний Теҳрон бошида “тизим билан ўйнашиб” ўзини ҳимоя қилмагани таъкидлади. Хейний яна эроннинг аргументлари асоссиз эканлигини айтиб, АҚШ судлари қарорини бекор қилишдан бош тортди.

XS
SM
MD
LG