Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:02

“Каримовни дуо қилиш оммавий васвасага айлантирилди”


Қизиқчи Мирзо Холмедов
Қизиқчи Мирзо Холмедов

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг саломатлиги қай аҳволдалиги мавҳум қолар экан, ижтимоий тармоқларда “дуо қилиш пойгаси авж олгани” кузатилади.

Қизиқчи Мирза Холмедов Инстаграмдаги саҳифасига қўйган видеосида президентга соғлик тилаб дуо қилишни кўзида ëш билан сўраган. Шу билан бирга президент суратини қўйиб дуо қилишга чақирмаган артистлар қораланмоқда.

Хусусан¸ Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонова ҳам дуо қилмагани учун ижтимоий тармоқлардаги мухлислари томонидан танқидга учради.

Президентни дуо қилаëтганлар орасида яқинлари узоқ муддат қамоқда қолаëтганлар ҳам бор. Улардан бири "Рустамбанк" асосчиси Рустам Усмоновниг ўғли Давлат Усмонов “президентни мен қатори ҳамма севади” дея ëзди. Банкир Рустам Усмонов 17 йилдан бери қамоқда қолмоқда.

Давлад Усмоновнинг саҳифасидан тасвир
Давлад Усмоновнинг саҳифасидан тасвир

Тармоқларда эса ўзбек юзерлари Каримовни "пайғамбар" дея аташмоқда.

Однаклассники тармоғидаги юзер Оллоҳга илтижо қилиб¸ “Агар юртбошимизга бирор нарса бўлса¸ сени Оллоҳим дея сира тан олмайман” дея ëзғиради.

Стокҳолм синдроми?

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илxомов таъкидича бу руҳий бесаранжомликнинг бир кўриниши бўлган Стокҳолм синдромидир:

- Гўëки халқ ўз президенти ҳақида қайғураëтгани¸ ўлмасин деб тилаклар тилагани билан боғлиқ оммавий экстазни таҳлил қилсак. Халқ ўз президентини севади¸ деган афсонага бизни ишонтиришга уринишмоқда. Бу маъракада ҳукуматнинг ҳам ташкилотчилик улуши бор. Юзлаб тролнинг ойлик эвазига тармоқларда ижтимоиий фикр яратганига оид амалиëтни Россия мисолидан биламиз. Ҳукумат ëки ҳукуматга яқин фондлар бу тролларни молиялаганини ҳам биламиз. Ўзбеклар ўз юртбошисини севишга сафарбар деган ҳикояни яратиш “Камолот” ва “Маҳалла “жамғармаси каби ташкилотлардан талаб қилинганини ҳам биламиз. Бу муқобил ахборот йўқ жойда оммавий пропаганда билан мияларни ювиш жараëнидир. Ўзбекистон бу услубни Россиядан ўзлаштирган¸ дея оламиз.. Кўраëтганимиз ҳолат кўпгина диктаторлик режимларига хос ҳолат. Руҳшунос олимлар бу ҳолатни “Стокҳолм синдроми” дея таърифлашган. Бу гаровга олинган мазлумнинг ўз золимини севиши демакдир. 25 йил мобайнида зомбига айлантирилган аҳолида самимий муҳаббат бўлиши мумкинми¸ деган савол ҳам ўртага чиқади.

Бу синдромнинг Ўзбекистонда ҳосил бўлишига иккита сабаб мавжуд. Биринчиси¸ жамиятнинг кенг қатламига ëйилган патриархал тутум¸ отага сиғинишнинг мафкуравий бидъатга айланиши.

Иккинчиси эса¸ конформизм - одамларнинг вазиятга мослашуви. Руҳий адаптация ëки иккиюзламчилик. Булар кўпчилик фикрига кўчада қўшилади. Уйига келиб кўрпачага чўкканида бошқача фикр айтади. Бу қўшалоқ стандартлар давлат тепасидагилар тарафидан урфга киритилди¸ десак ҳам бўлади. Трибунадан бир гап гапириб¸ амалда бошқа иш қилинганлиги ëки конституцияга бир гап ëзиб¸ ҳаëтда унинг тескариси қилинишидир. Шу маънода бу оммавий психоздан бошқа нарса эмас¸ дейди Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов.

XS
SM
MD
LG