Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:52

BahsOnline: Раҳбарни мақташ керакми?


Раҳбарни мақташ керакми? Ўзбекистон каби ўтмишда хону-султонларга сиғинилган мамлакатда раҳбарни мақташга тақиқ қўйилиши керакми? Эзгу амаллар қилган раҳбарни икки оғиз яхши сўз билан мақташнинг нима салбий томони бор? Бу саволларни BahsOnline дастурида муҳокама қиламиз.

Фарғона вилоятидаги бошланғич мактаб ўқувчиси Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга атаб мадҳия битгани ижтимоий тармоқларда баҳсларни уйғотди.

4-синф ўқувчиси Маҳсума Абдулаҳадованинг "кўз қорачиғини" президентга ҳадя қилиш мазмунидаги мадҳиясини бировлар маъқуллашган бўлса, бировлар танқид остига олди.

Сочингиз оқига ҳавасим келди,
Алмашгум сочимнинг толаларини.
Бизни деб кўзингиз нурлари кетди,
Берсайдим кўзимнинг қораларини.

Ўзбекнинг кимлигин эслатиб қўяй.
Ўшал Амриқою Европаликни,
Лол бўлиб ёқасин тутганда кўрай.
Ҳали катта бўлай, Ислом бобожон,
Сиз учун атайлаб достон битаман.

Ўзбекистонда президентни мақтаб достон ëзишга “шай” турган шоирлар армияси бўлишига қарамасдан бу соҳа қаттиқ тартибга солингани айтилади.

BahsOnline: Раҳбарни мақташ керакми?
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:54:30 0:00

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ўтган йили Тошкентдаги “Наврўз” тўйхонасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга бағишлаб қўшиқ куйлаганидан кейин Маданият ва спорт вазирлиги мулозимларидан дакки эшитган ва бу қўшиқ ҳонанда репертуаридан олиб ташланган эди.

“Сочларимни ўриб қўйинг отажоним” деган қўшиқни Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи отасига атаб айтган эди. Аммо бу қўшиқ ҳам теле-радиоканаллардан олиб ташланган.

Ўзбекистоннинг яқин ўтмишида таниқли шоирлар раҳбарни мақташ эмас¸ балки танқид қилиш талаби билан чиқишган.

Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидов 1989 йилда СССР да қабул қилинган “Раҳбарларни ҳақорат қилганларни жазога тортиш бўйича” қонунга муносабат билдириб мана буларни ëзган эди:

Бетавфиқ раҳбарни сўкканим учун,
Уч йил ётар бўлсам ётганим бўлсин.
Унинг йўқ обрўйин тўкканим учун,
Тўлов берсам борим сотганим бўлсин.

Халқимга қадрингни бил десам агар,
Кураш, ҳақни ошкор қил десам агар,
Бу қутқу аталса давлатга зарар,
Қанча азоб бўлса тортганим бўлсин.

Амалдор дер эса, тузум ‒ мен ўзим,
Фармон фармонимдир, сўз менинг сўзим,
Мен бундай тузумдан ўгириб юзим,
Тамом жиноятга ботганим бўлсин.

Аммо СССР тугаши арафасидаги эркинлик барҳам топиши биланоқ шоир "сардору-юртбошиларга" мадҳия ëзишга ўтиб олди.

Шоир 1999 йилнинг 16 февралида мана бу сатрларни ëзди:

Юртим, олис йўлга чиққан карвонинг бор,
Карвонингга посбон уйғоқ сарбонинг бор,
Эл дардида халоватсиз ўғлонинг бор,
Шу инсонга отилган ўқ менга тегсин.

26 май пайшанба кунги эшиттиришимизда BahsOnline дасурида “Раҳбарни мақташ керакми?” деган саволни муҳокама қиламиз.

Агар сиз ҳам баҳсга қўшилмоқчи бўлсангиз ҳар пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 19.05дан кейин OzodlikOnline, OzodSkype, OzodOvoz Скайп манзилларига боғланинг.

Сиз шунингдек жонли эшиттиришга: IMO: +420 724 971 539 WhatsApp: +420 724 971 539, + 420 602 612 713 VIBER: + 420 602 612 713 билан боғланишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG