Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:25

“Жиззах ҳақиқати” газетаси биринчи оила таназзулини башорат қилди


Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ўртасидаги муносабатларнинг совуқлиги икки қўшни давлат ўртасидаги совуқликнинг бош омили сифатида кўрилади.
Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ўртасидаги муносабатларнинг совуқлиги икки қўшни давлат ўртасидаги совуқликнинг бош омили сифатида кўрилади.

Жиззах вилоят ҳокимлиги расмий нашри бўлган “Жиззах ҳақиқати” газетасининг сўнгги сонида босилган “Уруғ-аймоқчилик авж олганда...” сарлавҳали мақола¸ маҳаллий муштарийлар томонидан “сенсация” деб баҳоланди. Жиззахдаги расмий йиғинлару гуллаб-яшнаëтган тадбиркор-фермерлар ҳақида ëзиб келаëтган ҳокимлик газетаси тўсатдан қўшни Тожикистон президенти Раҳмоннинг ҳокимиятни ўз болалари ва “тракторчи” қариндошларига бўлиб бергани ҳақида ëзди.

Фуқароларнинг фаолиятсизлиги одатда ҳокимиятнинг зулмкорлигидан келиб чиқади. Тожикистон президенти И.Раҳмоннинг иш тутуми буни яққол исботлайди. У одатда билимли¸ ақлли кишиларни ëқтирмайди. Уларни иложи борича четлатишга¸ керак бўлса халос бўлишга интилади. И.Раҳмон бутун маҳоратини ўз уруғ-аймоғини давлат бошқарувига жалб этишга¸ бошқаларни эса бошқарувдан узоқроқ тутиб туришга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда мамлакат бошқарув аппаратини унинг яқинлари¸ аниқроғи¸ фарзандлари ëки муайян ҳудудларнинг одамлари ташкил этади. Мамлакатда президентнинг яқинлари “Кўлоб элитаси” деб ном олган.”

(Мақоланинг биринчи бандидан иқтибос)

Мақола давоми Раҳмон ўз қизи¸ ўғли ва ҳатто тракторчи акасини юқори лавозимларга тайинлаганию¸ президент қариндош-уруғларию “ëғли жойлар”ни эгаллаган кўлоблик юртдошларининг порахўрлигига бағишланади.

Муаллиф номи ўрнига “Интернет манбалари асосида тайëрланди” деган изоҳ билан ëзилган мақоланинг сўнгги банди¸ башорат билан тугайди:

“Мамлакатнинг бир гуруҳ тўралар қўлида йиғилиб қолганлиги Тожикистоннинг иқтисодий инқироздан боши чиқмаслигига¸ аҳолининг кўпчилиги ўта фақирликда кун кечиришига олиб келмоқда. Эртанги кунга ишончи бўлмаган кишилар ўз юртларидаги уруғ-аймоқчилик иллатларидан безор бўлиб¸ норозилик билдиришмоқда. Натижада¸ ҳозиргача ҳақ-ҳуқуқини талаб қилмаëтган кишилар ақлан ва маънан уйғонмоқда. Бу эса ҳадемай “Кўлоб элитаси” таназзулга юз тутишини кўрсатади”, деб хотималанади “Жиззах ҳақиқати” газетасининг сўнгги сонида босилган мақола.

Ўзбек тилидаги нусхаси 7183 нусха¸ рус тилидаги “Джизакская правда” эса 1228 нусхада чиқадиган Жиззах вилоят ҳокимлиги газетасининг тўсатдан қўшни давлат биринчи оиласи кирдикорларини фош қилгани¸ бу мақолани ўқиган жиззахликлардан бирига кўра¸ ҳайратга сабаб бўлган.

“Ўзи бу газетани бюджет ташкилотларига мажбуран ўткизишади. Биров хоҳиши билан ўқийдиган газета эмас¸ чунки ўқийдиган нарсанинг ўзи йўқ унда. Нуқул ҳокимлик мажлисларию¸ фалон фермернинг қандай қилиб муваффақиятга эришгани ҳақида сафсата сотишади. Газетанинг сўнгги сони қўлимга тасодифан тушиб қолдию¸ Раҳмон ҳақидаги мақоладан ҳайратга тушдим. Биринчи гапини қайта-қайта ўқидим. Тушунмадим. Газетани ҳокимликдаги¸ СНБдаги кураторлар неча марта ўқиб¸ кейин тиражга берса керак. Булар бунақа мақолани ë газетани сал ўқимишлироқ қилиш хаëлида¸ ë ўша қотиб қолган “қўшниларимизда аҳвол чатоқ¸ бизда зўр” деган ақидадан келиб чиқиб уюштиришган шекилли”¸ дейди Жиззах расмий идораларидан бирида ишловчи масъул ходим.

“Жиззах ҳақиқати” газетасидаги манбанинг микрофонсиз суҳбатда айтишича¸ “Уруғ-аймоқчилик авж олганда...” мақоласи таҳририятга рус тилида туширилган матннинг таржимаси¸ холос. Бу манба рус тилидаги матннинг ким томонидан туширилганини айта олмаслигини билдирди. Айни пайтда қўшни давлат президенти оиласининг ҳокимиятни ўз оиласи ва ҳамюртлари ичида бўлишиб олгани ҳақидаги мақола "тепадан берилган заказ асосида чиқарилганини билвосита эътироф этди ва мақола керакли идоралар билан маслаҳатлашиб¸ чоп қилингани"ни билдирди.

Ўзбекистоннинг қўшни Тожикистон билан муносабатлари мустақилликдан бери мураккаблигича қолмоқда.

Минтақадаги сув ресурсларини тақсимлаш¸ хусусан¸ Душанбе ҳукуматининг Роғун ГЭСи қуриш режаси икки ҳукумат орасига совуқчилик солаëтган асосий омиллардан бири сифатида кўрилади.

Айни пайтда¸ кузатувчилар¸ қўшнилар ўртасидаги совуқчилик бош манбаси Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ўртасидаги шахсий зиддият¸ деган фикрни ҳам илгари суради.

Ўзбекистон президенти Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманларидан бирида ҳокимиятга келгач¸ босар-тусарини билмай қолган Имомали Раҳмонга “кимнинг танкларида ҳукумат биносига кириб келганини унутмаслик”ни тавсия қилган эди.

Жорий ой бошида Францияда чиқадиган “Le Point” журнали Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Самарқанд устида ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов билан муштлашишгача боргани ҳақидаги бир неча йил олдин қилган очиқламасини эълон қилди.

Француз нашрига кўра, 2009 йилда Раҳмон матбуот учун бўлмаган, лекин журналистлар ҳам таклиф этилган учрашувдаги чиқишида:

“Мен у (Ўзбекистон президенти Ислом Каримов) билан бир неча марта тортишганман, бир мартасида масала муштлашувгача борган, Назарбоев (Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев) ўртага тушиб айирганди. Ўшанда мен унга: “Самарқанд ва Бухорони барибир қайтариб оламиз!”, деганман”, - дея хотирлаган Имомали Раҳмон 2005 йилда Қозоғистонда бўлган Каримов билан учрашувини.

Тожикистон биринчи оиласи ва Раҳмон яқинлари-юртдошларининг халқни қашшоқлаштириб¸ мамлакатни таназзулга тортаëтгани ҳақидаги Жиззах газетасидаги мақола Имомали Раҳмон келаси ой Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашиши учун Тошкентга келиши арафасида чоп этилди.

XS
SM
MD
LG