Линклар

Каримов истеъфосини илк бор талаб қилган халқ депутати Шуҳрат Нусратов озодликка чиқди


25 йил муқаддам Ўзбекистон Олий Кенгашининг тарихий еттинчи сессиясида президент Каримовни кескин танқид қилган собиқ депутат Шуҳрат Нусратов қамоқдан озод этилган. 69 ёшли собиқ депутат 2012 йилда иқтисодий жиноятларда айбланиб етти йилга қамалган ва Навоий колониясида жазо муддатини ўтаётган эди.

Озодлик манбаларига кўра, Шуҳрат Нусратов душанба куни муддатидан олдин озодликка чиқарилган.

Нусратов Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга қарши кескин танқидий чиқишлари билан танилган эди.

1991 йилда у Ўзбекистон Олий Кенгашининг 7-сессиясида Миллий хавфсизлик хизматини шахсан президентга бўйсундиришга қаратилган “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил қилиш тўғрисида” ги қонунга қарши гапирган эди.

“Разведка ва контрразведка органлари барча техник воситалари билан биргаликда битта одам¸ яъни Каримовнинг қўлига бериб қўйилмоқда. Бу мумкин бўлмаган бир нарса. Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Агар бунга йўл қўйсак¸ бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар¸ айниқса¸ бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни қамашади”, деган эди 1991 йилда Ўзбекистон парламенти минбаридан туриб Нусратов.

Ўша сессиядаги нутқидан кўп ўтмай Шуҳрат Нусратов Куйбишев туман (ҳозирги Мирзо Улуғбек тумани) партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимидан олинди.

Сиёсатдан узоқлашган собиқ депутат қамалишига қадар сўнгги асосан тадбиркорлик билан шуғулланган, Тошкентдаги пиво ишлаб чиқарувчи "Сarlsberg Uzbekistan" ширкати бошқарувчиларидан бири бўлиб ишлаганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG