Линклар

logo-print

Тошкентдаги йирик улгуржи "Карвон бозор"нинг каттагина қисмини бир неча соат сув босди. Сотувчилар 29 июнь куни кечга яқин бозор дарвозаси ёнидан ўтган иссиқ сув қувури ёрилиб кетгани, бозорнинг озиқ-овқат ва хўжалик моллари қисмидаги дўконлар, расталарни сув босганини айтмоқда. Ҳодисада жароҳатланганлар йўқ. Бозор маъмурияти ҳозирга қадар бирор изоҳ бергани йўқ.

29 июнь куни тушдан кейин бозор ҳудудида бўлган сотувчилардан бирига кўра, қувур жуда кучли портлаган ва унинг ёнида турган бир неча машинанинг ойнаклари синиб кетган:

- Бутун бозорга эшитилди портлаш. Ер остидан ўтган теплотрасса портлади. Ўша ердаги 4-5 та машинанинг ойнакларига тош тегиб, синиб кетди. Лекин, одамларга зарар етмади. Сув ўша ердан отилиб чиқиб, павильонларнинг ичидан 1 соатча оқиб турди, - дейди ҳодиса гувоҳи.

Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани Ўрикзор даҳасида жойлашган Карвон бозори Ўзбекистондаги энг йирик улгуржи бозорлардан бири ҳисобланади. Ўрикзор даҳасида жойлашгани учун оддий халқ бу бозорни “Ўрикзор” номи билан атайди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда бозорнинг озиқ-овқат ва хўжалик моллари сотиладиган павильонлари, орадаги йўлаклар, бозор дарвозаси атрофини сув тўлиқ қоплаганини кўриш мумкин.​

Сотувчилардан 30 июнь куни олинган маълумотга кўра, кечга яқин қувур ямалган ва сув оқими тўхтаган. Тадбиркорлар дўконларини тозалаб, бугун эрталабдан савдосини давом эттирмоқда.

Ҳозирча, тадбиркорлардан қанча моли оқиб кетгани ва неча сўм зарар кўрганини биров келиб суриштирмаган, сотувчилар ҳам зарар қопланишига умид қилмаётирлар:

- Чунки, ўтган йили июнь ойида ҳам айни сув қувури портлаган ва бозорнинг айни қисмини бир неча соат сув босган. Ўшанда ҳам бечора тадбиркорлар қанчадир зарар кўрган. Лекин, ҳеч ким буни суриштирмаган. Бу йил ҳам ҳеч ким суриштиргани йўқ, - дейди "Карвон бозори"да бир неча йилдан бери савдо қиладиган тадбиркор.

Ҳозирча "Каврон бозори" ёпиқ акциядорлик жамиятидан бу ҳақида бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

2010 йилда Карвон бозори мулозимларига нисбатан савдо қоидаларини бузиш, катта миқтордаги маблағни талон-тарож қилиш, мансаб ваколатини суистемол қилиш бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ўшанда бозорнинг эгаси бўлган мультимиллионер Дмитрий Лим Ўзбекистонни тарк этган эди.

XS
SM
MD
LG