Линклар

5-июнь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида рўй берган зўравонлик кутилмаган ҳодиса бўлди. Бу каби ҳолатлар Қозоғистонда оз кутазилади. Аммо бундай воқеалар одатда Қозоғистон ғарбида, аниқроғи, Ақтўбе шаҳри жойлашган ҳудудда содир бўлади.

Қозоғистон расмийлари 6 июнь куни камида 18 киши, жумладан, 12 ҳужумчи умрига зомин бўлган отишмани ким ва нима сабабдаб амалга оширганини изоҳлашга қийналди.

Аммо зўравонликка туртки бўлган сабаблар расмийларнинг кўз олдида турибди.

400 мингга яқин киши истиқомат қилувчи Ақтўбе шаҳри Қозоғистоннинг нефтга бой ғарбий қисмида жойлашган. Нефть савдоси олиб келувчи даромадлар Қозоғистон иқтисодини узоқ йиллардан бери қўллаб келади. Аммо нефть савдоси олиб келадиган фойданинг жуда оз қисми ғарбий Қозоғистоннинг Ақтўбе каби нефтга бой шаҳарларига етиб боради.

Пойтахт Остона билан тижорий пойтахт Олмаота шаҳарларини ривожлантириш учун эса миллиард-миллиард доллар сарфланади.

Шундай экан, ғарбий Қозоғистондаги ижтимоий аҳволга ҳукумат етарлича эътиботор бермаётгани кўпчиликни ташвишлантиради. Қолаверса, ғарбий Қозоғистон Совет Иттифоқи қулаганидан кейин Ислом дини чуқур илдиз отган ҳудуд ўлароқ тасвирланади. Натижада қозоқ расмийлари бу ерда содир бўладиган ҳар қандай зўравонлик учун исломий экстремистларни айблаб, ҳудудни радикал мусулмонлар уяси ўлароқ тасвирлайди. Ҳудуд аҳолиси эса бунга эътироз билдириб келади.

Ақтўбе худкуш ҳужуми амалга оширилган Қозоғистондаги ягона шаҳардир. Бу ҳодиса 2011 йилнинг 17 майида содир бўлган эди. Ўшанда 25 ёшли Раҳимжон Махатов Миллий хавфсизлик қўмитасининг маҳаллий бўлимига кириб, ўзини портлатиб юборган эди. Ҳужумда икки киши ҳароҳат олган. Қозоғистон расмийлари дарров Махатовнинг исломий экстремистларга алоқаси борлигини таъкидлаганди. Аммо буни тасдиқловчи далил жуда оз келтирилди.

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳри нобарқарорликлар ўчоғи бўлиб қолмоқда.

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳри нобарқарорликлар ўчоғи бўлиб қолмоқда.

Айрим қозоқ расмийлари 5 июнги ҳужумни “ноанъанавий исломий гуруҳлар” иши ўлароқ баҳолади. Ҳозирча буни тасдиқловчи далил жуда оз. Аммо юқорида айтиб ўтилганидек, Қозоғистон расмийлари мамлакат ғарбидаги зўравонликлар учун илк бор исломий экстремистларни айблаётгани йўқ.

Махатовнинг худкуш ҳужумидан кейин Қозоғистон матбуотида мамлакат ғарбида салафийлар мавжуд эканлиги ҳақида хабар берилди. Хабарларда соқол қўйиб олган ўта диндор ёшлар хавф туғдириши ҳақида ёзилган эди.

2011 йилнинг июнида Ақтўбедан 200 км масофада жойлашган қишлоқда икки полиция ходими ўлдирилганидан кейин расмийлар ҳудудга махсус кучларни юборган, махсус амалиёт давомида тўққиз нафар гумонланувчи билан бир полиция ходими ҳалок бўлган эди. Расмийлар бошида гуруҳ аъзоларини исломий радикализмда айблади. Кейинроқ улар аслида дин ниқоби остида фаолият кўрсатган жиноий гуруҳ аъзоси бўлгани айтилди.

Ақтўбедан 500 км масофада жойлашган Атирау шаҳрининг бир гуруҳ турғуни “Жунд ал-Ҳилафа” жангари гуруҳига асос солган. Гуруҳ 2011 йилнинг ноябрида Атирау шаҳрида икки портлашни, кейинроқ Олмаотада яна бир ҳужумни амалга оширди. Олмаотадаги ҳужумда беш жангари ҳамда икки полиция ходими ҳалок бўлган эди.

Қозоқ расмийлари “Жунд ал-Ҳилафа” Покистондаги жангарилар билан алоқа қилишини таъкидлаган бўлса-да, гуруҳга асос солган уч шахс кейинроқ Қозоғистонда қўлга олинди.

Кейинги йилларда Қозоғистоннинг ғарбий қисмлари мамлакатдаги энг нотинч ҳудудга айланди. 2011 йил Жанаўзенда нефть ишчилари олти ой давомида намойишга чиқди, 16 декабрда полиция намойишчиларга ўт очганидан кейин камида 15 киши ҳалок бўлди.

Шундай экан, зўравонлик айнан Қозоғистон ғарбида содир бўлгани ҳайратланарли эмас. Расмийларнинг 5 июнги ҳужум сабабини аниқ айтиб бера олмаётгани ҳам ҳайратланарли эмас. Қозоғистон расмийлари зўравонлик мамлакат ташқарисидаги кучларнинг иши эканлигига ишонишни истаса-да, унинг сабабини англаб олиш учун ғарбий Қозоғистонда истиқомат қилувчи аҳолининг кундалик турмушига назар солиш етарли.

Брюс Панниер

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG