Линклар

Куни-кеча troll.uz сайтида номи очиқланмаган деканат номидан ëзилган “баëнот” эълон қилинди. “Яхши ниятда сўрасангиз ҳам¸ ëмон ниятда сўрасангиз ҳам бизда талабалар ҳақида маълумот берилмайди. Узр!!! Деканат” деб ëзилган бу эълон айрим нашрлар томонидан жиддий қабул қилиниб¸ Ўзбекистон олийгоҳлари талаба-қизларни совчилардан ҳимоялашга ўтди¸ деган мазмунда талқин этилди. Озодликнинг бу жараëнга оид ўтказган суриштирувидан¸ troll.uz порталидаги бу эълоннинг¸ ҳозирча бир орзу экани аниқланди.

Ўзбекча ҳазил?

Ўзини ўзбек юморининг миллий портали сифатида тақдим этувчи troll.uz фаолияти мақсадига изоҳ бераркан¸ ўзбек “жамиятидаги муаммоларга ечим топишда жамоатчилик диққатини тортиш учун юмордан фойдаланиш”ини айтади.

Troll.uz сайтида чоп этилган бу эълоннинг амалда бор-йўқлиги аниқ эмас.

Troll.uz сайтида чоп этилган бу эълоннинг амалда бор-йўқлиги аниқ эмас.

Исталган фойдаланувчи муаллиф мақомига ўтиши мумкинлиги айтиладиган бу порталда яқинда эълон қилинган талабалар ҳақида маълумот берилмаслигига оид деканат номидан ëзилган баëнотнинг қайси олийгоҳнинг¸ қайси деканатида осилгани ҳақида бирор маълумот йўқ. Озодлик ҳозирча Ўзбекистон олийгоҳларининг бирортасида шу мазмундаги баëнот жамоатчилик учун осиб қўйилганини аниқлай олмади.

Айни пайтда¸ Озодликнинг Тошкент ва айрим вилоятлардаги олийгоҳлар мутасаддилари билан телефон орқали қилган суҳбатларидан¸ бундай эълоннинг troll.uz фойдаланувчиларининг шунчаки орзуси ифодаси экани англашилди.

Маълумот олишнинг озгина нози бор...

Озодлик мухбири келинликка номзод қиз ҳақида маълумот излаëтган бўлажак қайнона сифатида пойтахт Тошкентдаги қатор нуфузли университетлар ректорати ва деканатлари билан боғланди.

Қизлар кўп ўқийдиган ва совчилар кунда-шунда саналадиган олийгоҳлардан иккитаси масъуллари¸ аввалига университет ва институт ҳудудига бегоналарнинг кириши тақиқлангани¸ хусусан¸ бўлажак куëв ëки келинларга оид шахсий маълумот излаб келувчи совчиларга эшиклар ëпиқлигини билдирди.

“Бизнинг университетга кўчадан исталган одам кириб келавермайди. Пастда хавфсизлик хизмати ўтиради¸ турникет бор. Кимга келдингиз¸ нимага келдингиз деб суриштирилади. Мабодо¸ қизингиз ëки ўғлингиз ўқиса ва конкрет масалада келган бўлсангиз киритишади. Лекин кирганингиз билан деканатдагилар мана сизга деб¸ келин қиламан деган қизингизга оид маълумотни бериб қўймайди. Бу нарса мумкинмас¸ айниқса¸ қизнинг хулқ-атворига оид характеристикани сизга ҳеч ким бермайди”¸ деди Тошкентдаги совчилар нишонига айланган олийгоҳлардан биринчиси расмийси.

Тошкентдаги бошқа бир университетга жорий ҳафта совчиликка борган аëллардан бири Озодлик билан суҳбатда бу жараëннинг анча қийин кечганини ҳикоя қилади:

- Пастда қоровул тўхтатди. Жияним ўқийди¸ шуни дарсга келиб-кетмаëтганини билиш учун деканатга келувдим деди¸ кейин кирғизди. Деканатдан шу қизни излаб келувдим¸ деб сўрасам¸ Талабалар билан ишлаш бўлимига юборишди. Бу ердагилар¸ мен сўраган қиз ҳақида ҳеч нарса айтмаймиз¸ деб туриб олишди жияним¸ десам ҳам. Кейин коридорда айрим аëл ўқитувчилардан сўрадим. Улар ëрдамида деканатдагилардан яхшилаб илтимос қилгандим¸ қизнинг қайси группада ўқишини айтишди ва чақиртиришди. Қиз ҳеч гапдан хабари йўқ¸ деканатга келди ва ундан дарсга оид нималарнидир сўраган бўлишди. Жияним билан кузатиб турдик. Унга қиз ëқмади¸ шу билан¸ деканатдигаларга раҳмат айтиб¸ чиқиб кетдик¸ дейди Тошкент университетларидан бирига талаба қизни кўриш ва суриштириш учун совчиликка борган аëл.

Бу суҳбатдошга кўра¸ олийгоҳларда ишловчи таниш бўлса¸ ëки керакли одамдан рисоладагидай сўралса (бир коробка шоколад билан¸ масалан)¸ келинликка номзоднинг таржимаи ҳоли¸ оиласига оид маълумот¸ қолаверса¸ ўқишдаги юриш-туришига оид батафсил маълумот олиш мумкин.

“Эзгулик учун ëрдам беришга тайëрмиз!”

Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги мамлакат миқëсидаги ягона саналган бошқа икки олийгоҳ ректорат ва деканатлари масъуллари¸ келинликка мўлжалланаëтган талаба-қиз ҳақида маълумот олиш борасида ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтишди:

- Қизнинг кимлиги¸ қайси йўналишда ўқишини аниқ билсангиз¸ деканатдагиларга учранг¸ албатта¸ сизга ëрдам беришади¸ деди бажонудил деканатлар рақамини тақдим этган олийгоҳлардан яна бири ректорати ходимаси.

Рақами берилган факультет деканатига телефон қилинганида¸ гўшакни деканнинг ўзи кўтарди.

Муддаони эшитгач¸ декан бундай яхши ниятдагилар учун ўз эшиги очиқлигини таъкидлади:

- Ман шу факультетнинг раҳбариман¸ деканман. Агар тақдир-насиб¸ қўшилган бўлса¸ яхши. Қўшилмаган бўлса¸ биз ўртакашга ўхшаб қоламиз. Шунинг учун аввал ўзларингиз кўриб¸ билиб¸ суриштириб бўлгандан кейин¸ қанақа ўқийди¸тарбияси қанақа¸ уни суриштираман десангиз¸ майли¸ савоб учун сизга маълумотни опаларимиз ëрдам қилиши мумкин. Лекин қизни чақиртириб¸ сизга кўрсатишга маънавий ҳаққимиз йўқ. Сиз суриштираман¸ десангиз эртага келаверинг¸ бир гап бўлар. Мақсад эзгулик эканку¸ ëрдам берамиз¸ деди Тошкент олийгоҳларидан бири декани.

“Энг харидоргир бўлажак келинларга оид маълумот ҳам – “бемалол”

Озодлик тошкентлик қайноналар орасида “хулқи-одоби рисоладагидай” деб кўриладиган университетлар рўйхатида энг баландда бўлган учинчи олийгоҳ билан боғланди. “Келинликка номзод қиз ҳақида маълумот сўрасак¸ берасизларми?”¸ деган саволга бу олийгоҳ маъмурияти вакили¸ ижобий мазмунда жавоб қайтарди:

- Бу масалада деканатларга мурожаат қилсангиз¸ ëрдам беришади¸ деган бу суҳбатдош маслаҳати ортидан энг одобли қизлар ўқийди¸ дея донг таратган факултет деканати телефонини ҳам тақдим этди.

Деканат расмийси¸ муддаони эшитгач¸ бўлажак қайноналарга бажонудил ëрдам беришга шайлигини таъкидлади:

- Манимча¸ бу нарсанинг имконияти бор. Фақат деканнинг ўзлари билан гаплашилса¸ яхши бўлади. Одатда биз талабаларимиз ҳақида четдагиларга маълумот бермаймиз. Лекин қизларнинг хулқи-одоби¸ ўқиши¸ юриш-туришини суриштирсангиз¸ бунақа маълумотларни бераверамиз. Сиз бир келинг¸ пастда турган қоровулга деканда ишим бор¸ денг¸ совчиликка келганингизни айтманг. Деканнинг олдиларига кириб¸ муддаоингизни айтсангиз¸ ўзлари ëрдам берадилар. Керак бўлса¸ қизнинг куратори¸ ўқитувчиларини ҳам чақиртириб берадилар¸ деди Озодлик боғланган Тошкентдаги учинчи олийгоҳ деканатларидан бири масъули.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG