Линклар

Президентликка сохта номзод Кетмоновнинг обрўси ҳақиқийсидан ўзиб кетди


Президентликка номзод Кетмонов карикатураси.

Президентликка номзод Кетмонов карикатураси.

Ўзбекистонда президент сайлови яқинлашиши билан бирга виртуал дунёда президентликка номзодларнинг сохта аккаунтлари ҳақиқийларига нисбатан кўпроқ тарафдор тўпламоқда.

Бундай ҳолатнинг юзага келишига сабаб, Озодлик суҳбатлашган Twitter фойдаланувчиларнинг ишонишича, Ўзбекистонда мавжуд муаммо ва масалаларга сохта номзодларнинг ҳақиқийларига нисбатан ғайриоддий ва қизиқарлироқ ечим йўлларини таклиф қилаётганидир.

Айни пайтда президентликка номзод Хатамжон Кетмонов штаби вакили Twitterда пайдо бўлган аккаунт юзасидан "юқори инстанцияларга раддия" берилганини билдирди.

957 га 33

@H_Ketmonov фейк аккаунти фаоллиги, айниқса, Америка президенти сайлови арафасида кучайди.

Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп президент этиб сайланиши ортидан сохта Кетмонов янги сайланган Америка президенти билан бирга "янги Америка ва янги Ўзбекистон" қуришга ваъда берди.

Сохта акаунтга Хатамжон Кетмонов ва Дональд Трампнинг¸ гўёки¸ бирга тушган сохта сурати ҳам жойлаштирилди.

​@H_Ketmonov номи остида твитлар тарқатаётган мазкур аноним фойдаланувчи Ўзбекистондаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ҳам ўзига хос ечим таклиф қила бошлади.

Мисол учун, @H_Ketmonov ҳар бир қишлоқда қопламали майдон ва ҳар бир маҳаллада масжид қуришга ваъда берди.

У шунингдек, ароқхўрларга асл алкоголь ичимлиги - "Кетмон" ароғини таклиф қилди

Ё бўлмаса, агар президент этиб сайланса, Ўзбекистон бюджетига ўз хотинидан кўпроқ эътибор қаратишга сўз берди.

Бундан ташқари @H_Ketmonov миллати ўзбек бўлмаган Ўзбекистон ватандошларига қарши кескин твитларни ҳам йўллади.

Сохта Кетмоновнинг гоҳида чин, гоҳида ҳазил ва гоҳида масхараомуз фикрлари уни виртуал дунёда бирмунча машҳурлаштирди.

14 ноябрга келиб, Кетмонов фейк аккаунтининг Twitterдаги фолловерлари сони 957 тага, твитлари сони эса 4563 тага етди.​

Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг Twitterда очилган ҳақиқий аккаунти фолловерлари эса бор-йўғи 33та.

Озодлик мухбирининг сохта аккаунт эгаси билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш уринишлари ҳозирча натижа бермади.

Виртуал обрў

Интернет фойдаланувчиларининг сохта Кетмонов твитларига бўлган қизиқишини Озодлик суҳбатлашган айрим фолловерлар ўзбек жамиятида муаммоларни очиқча гапириш имкони йўқлиги ва очиқ жамиятга бўлган эҳтиёж билан изоҳлашди.

"Кетмонов тренди жудаям кулгилик, у ҳар хил расмлар ва лозунглар билан одамлар қизиқишини ўзига жалб қилаяпти. Тошкент ва вилоятларда Кетмонов фамилияси одамлар тилидан тушмаяпти," - дейди интернет фойдаланувчиларидан бири.

"Буни¸ менимча¸ фақат ҳокимият ва халқ ўртасидаги бўшлиқнинг чуқурлиги билан изоҳлаш мумкин. Ўзбекистонда олий мансаб эгалари оддий халқдан иложи борича узоқ масофа сақлашга уринишади. Ижтимоий тармоқдаги франкерлар айни имкониятдан фойдаланиб, юксак натижаларга эришишмоқда," - дейди Facebookдаги Тунги Уйғоқ фойдаланувчиси.

Сохта Кетмоновнинг ўзи сўнгги кунларда обрўси ошиб кетганидан¸ ҳатто бозор-ўчарга чиқа олмай қолганини ёзади.

Сохта Кетмонов қидирилмоқда

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолларидан бири Озодликка Twitterда Кетмонов номи остида пайдо бўлган сохта аккаунтдан партия раҳбарияти хабардор эканини айтди.

Кетмонов штаби вакили эса сохта Кетмонов кимлигини аниқлаштириш масаласи билан партия раисининг ўринбосари Рустам Камиловнинг "шахсан ўзи" шуғалланаётганини билдирди.

"Биз Twitterдаги сохта аккаунт бўйича юқори инстанцияларга раддия берганмиз. Ҳозир бу масала билан Рустам Камиловнинг шахсан ўзи шуғулланaяпти," деди Кетмонов сайлов кампанияси штаби вакили.

​Президентликка номзод ҳақиқий Хатамжон Кетмонов¸ маҳаллий матбуот хабарларига кўра¸ ҳозирда Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида сайловчилар билан учрашмоқда.

Сайловчилар билан учрашувларда Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастурида иш ўринларини кўпайтиришни асосий мақсад қилиб қўйгани тўғрисида гапирмоқда.

Ўзбекистон Коммунист партяси ўрнига тузилган партияга раҳбарлик қилиб келаётган 47 ёшли Кетмонов иккинчи бор президентликка номзод қилиб кўрсатилди.

Ўзбекистонда 2015 йилда бўлиб ўтган президент сайловларида ҳам Кетмонов номзоди президентликка илгари сурилган эди.

Ўшанда кетмонов Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов билан беллашган¸ расмий натижаларга кўра¸ сайловчиларнинг 2¸92 фоиз овозини қозонган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG