Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:25

Клептократиялар ресурсида Ўзбекистон Гулнора Каримова ва Алишер Усмонов билан тамсил этилган


АҚШда дунё клептократияларига бағишланган интернет ресурс ташкил қилинди. Ҳукуматлари коррупция ва ўғриликка муккасидан кетган давлатлар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар жамланган интернет сайт қароргоҳи Вашингтонда жойлашган нуфузли Hudson Institute тадқиқот марказининг Kleptocracy Initiative лойиҳаси доирасида йўлга қўйилди.

Kleptocracyarchive.org манзили бўйича жойлашган маълумотлар базасининг Ўзбекистонга оид қисми ҳозирча икки шахс билан тамсил этилган. Булар президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳамда асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновлардир.

“Гулнора Каримова Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизидир. Transparency International ташкилотининг 2015 рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги энг коррупциялашган 10 мамлакатнинг бири бўлган. 2012 йилги маълумотларга кўра, унинг бойлиги 570 миллион доллар билан 665 миллион доллар ўртасида бўлган ва бу бойликни Каримова “Ўзбекистондаги ҳар қандай даромадли бизнесдан улуш ундириш орқали тўплагани иддао қилинади”. Каримова АҚШ дипломатлари тарафидан “мамлакатдаги энг ёмон кўрилган шахс”, дея таърифланган, аксар ўзбекистонликлар уни “очкўз, ҳокимиятга интилувчи ҳамда мамлакатдаги тадбиркорлар ёки унинг йўлида турган ҳар қандай шахсни йўқ қилиш учун отасининг қудратидан фойдаланадиган шахс”, сифатида билишади”, дейилади Ўзбекистон президентининг қизига берилган таржимаи ҳолда

Кleptocracyarchive.org сайти Ўзбекистон президенти қизини дунёнинг энг ашаддий ўғриларидан бири мақомига лойиқ топишига Гулнора Каримова учта йирик телеком ширкатидан юзлаб миллион доллар миқдорида пора ундиргани билан изоҳлайди.

Kleptocracy Initiative муаллифлари Каримованинг бугунги аҳволига оид тафсилотлар жуда озлиги, у оила аъзолари билан Twitter орқали жанжаллашиши, хусусан, синглиси Лола ва онаси Татьяна Каримовани жодугарликда айблаши ортидан 2014 йил февралида ғойиб бўлганини эслатади.

Россиянинг энг бадавлат кишиларидан бўлган асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов таржимаи ҳолида унинг собиқ Ўзбекистон ССР собиқ прокурорининг ўғли экани эслатилади.

1980 йилда фирибгарлик ва товламачиликда айбланиб, қамоққа ҳукм этилган Усмоновнинг Россия ва Ўзбекистон криминал гуруҳлари билан алоқаси бўлганига доир иддаолар борлиги ҳам эслатилади. Хусусан, унинг мафия тўдабошиси Ғафур Раҳимов билан алоқалари бўлгани тўғрисидаги иддаолар боис Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэг Маррейнинг уни “олти йил қамоқда ўтириб чиққан бандит”, дея тасвирлашига асос бўлган. Усмонов бу айбловлар ортидан судлашувларни бошлаган, лекин бу айбловлар ҳамон жамоатчилик муҳокамаси кун тартибида қолмоқда, дейилади таржимаи ҳолда.

XS
SM
MD
LG