Линклар

Аълочи ногирон қизни икки коллеж ҳам ўқишга қабул қилмади

  • Садриддин Ашур

Биринчи гуруҳ ногирони, кўзи туғма ожиз Мухлиса Акрамова

Биринчи гуруҳ ногирони, кўзи туғма ожиз Мухлиса Акрамова

Андижон вилоятининг Балиқчи туманида яшайдиган биринчи гуруҳ ногирони, кўзи туғма ожиз Мухлиса Акрамова интернат-мактабни қизил шаҳодатнома, мусиқа мактабини эса аъло баҳолар билан тугатгач, Наманган ва Андижон санъат коллежларига ўқишга киришга ҳаракат қилди. Коллежлардан бирининг раҳбари қўшиқ айтиш истеъдоди бўлган ногирон қизни қабул қилишни кескин рад қилди, иккинчи коллеж қабул комиссияси эса, Мухлиса иддаосича, уни атайлаб имтиҳондан йиқитган. Ногирон қиз унга нисбатан адолатсизлик бўлаётгани ҳақида YouTube порталида президентга мурожаатнома йўллади.

Балиқчи туманининг Хўжаобод қишлоғида яшайдиган 16 яшар биринчи гуруҳ ногирони, туғма кўзи ожиз Мухлиса Акрамова YouTube портали орқали Ўзбекистон президентига қилган мурожаатида, уни ўқишга қабул қилмаган коллеж директорлари устидан арз қилади:

“Бобожон, ўзингиз айтинг, айбим нимада? Ногиронлигимдами? Орзуларим кўп эди, Аввал санъатда, кейин жаҳон тилларида ўқишни, барча ёшлар қатори ватаним равнақига ўз ҳиссамни қўшишни хоҳлагандим. Ўзингиз айтасизку, келажак ёшларники, деб. Бобожон, ўзингиз ўйлаб кўринг, наҳотки ёшлар мактабдан кейин ўзлари хоҳлаган жойда ўқиёлмаса? Мен лоқайдлик, ноҳақлик қурбони бўлдим. Илтимос, шундай қилингки, мен каби ожизлар соғлар қаторида бемалол ўқий олсинлар!”, дейди ўз видеомурожаатида ногирон ўқувчи.

Мухлиса Акрамова Андижон вилояти Асака шаҳридаги 16-махсус мактаб-интернатни жорий йилда қизил шаҳодатнома билан тугатган.

Айни пайтда, Асака шаҳридаги болалар санъат ва мусиқа мактабининг ҳам аъло битирувчиси ҳисобланади.

Мухлиса қўшиқ айтишни яхши кўради, у санъат коллежи ва олийгоҳларида ўқиб яхши санъаткор бўлишни орзу қилади.

Мухлиса уйига яқин бўлгани сабаб Наманган санъат коллежига ўқишга кириш учун борганини, лекин орзуси сароб бўлганини айтади:

- Мусиқа мактабидаги устозим Зумрад опа билан бордим. Коллеж директори менинг ҳужжатларимни қабул қилишдан бош тортди. Биз кўзи ожизларни ўқитмаймиз, деди. Йиғлаб-йиғлаб қайтиб келдим”, деди Мухлиса.

Унинг айтишича, шундан сўнг у ҳужжатларини Андижон санъат коллежига топширган:

- Кейин 21 июнь куни Андижон санъат коллежига бордим. Директор Қобилжон ака Мамасолиев билан учрашдик. У ҳам менга йўлимни топиб юролмаслигимни, болаларга кулги бўлишимни айтиб, ўқишга олишдан бош тортди. Мен қаттиқ туриб талаб қилганимдан сўнг ҳужжатларимни қабул қилишди. Учта имтиҳон бўлди. Шуни аниқ биламанки, мен тенгдошларимдан яхшироқ топширдим, имтиҳон пайтида уларга ҳатто ёрдам ҳам бердим. Лекин менга энг паст балл қўйиб, имтиҳондан йиқитишди, деди Мухлиса.

Озодлик ногирон қизнинг бу иддаоларига муносабат олиш мақсадида Андижон санъат коллежи раҳбарияти билан боғланишга ҳаракат қилди. Аммо коллеж директори Қобилжон Мамасолиев қўнғироқларимизга кун бўйи жавоб бермади.

Асака шаҳрининг 22-мусиқа мактаби ўқитувчиси Зумрадхон Астанова ҳам шогирдидан кўнгли тўқ бўлганини айтади:

- Мактаб-интернатни қизилга битирди, мусиқа мактабида ҳам битта тўрти бор эди холос, қолган баҳолари беш эди. Мен унинг коллежга ўқишга кириб кетишига умуман шубҳам йўқ эди. Лекин негадир унга паст баҳо қўйишди, деди ўқитувчи.

Президентдан унинг билимини ва иқтидорини қайта имтиҳон қилишни сўраган Мухлиса ўзини қаноти қайрилган полапонга қиёслайди:

- Биласизми, энди учишга чоғланаётган полапонларга нимадир тўсиқлик қилса уларнинг шашти сўнади, руҳи тушади. Худди шунингдек, биз каби кўзи ожиз болалар мактабни тугатиши билан ўқишга киролмаяпти. Ахир кўзи очиқ одамлар уларга озгина шароит яратиб беришса, улар ҳақида озгина қайғуришса бўлмайдими? Ёки кўзи ожизлар ўқитилмасин, деган қонун борми?, деди Мухлиса Акрамова.

Андижон вилоятидаги коллеж ўқитувчиларидан бирига кўра, коллежларда коррупция авж олган:

“Буни яширадиган жойи қолмади. Ҳозир санъат, педагогика, тиббиёт коллежларига ўқишга иқтидорли болалар эмас, дадасининг пули кўп болган болалар кириб кетяпти. Андижон вилоятида шу йўналишдаги коллежларга ўқишга киришнинг нархи жойига қараб 300-500 долларгача бўлмоқда. Директорларнинг нафси шунчалик ҳакалак отиб кетдики, ҳатто истеъдоди бор ногирон болалар ҳам очиқчасига қабул қилинмаяпти”, деди коллеж ўқитувчиси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG