Линклар

Озодлик олган маълумотга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг қарийб йигирма нафар ходими Бекободдаги металлургия комбинатида комплекс текширув ўтказишга киришган. Давлат пулини ўмарганликда гумонланган бир неча мулозим ҳисбга олинган, мансабдор шахслар эса сўроқ қилинмоқда.

Бекобод шаҳридаги Ўзбекистон металлургия комбинатига қарашли “Металлург” меҳмонхонасига МХХ уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлимининг 18 нафар ходими келиб жойлашган.

Бу ҳақда Озодликка “Ўзметкомбинат”да ишлайдиган муҳандислардан бири хабар берди.

“МХХ” комбинатнинг қурилиш-монтаж бўлинмасини қаттиқ текширяпти. Ҳамма ёқни ёпиб ташлади. Бўлинма бошлиғи Азиз Холматов ҳисбга олиниб, унинг уйида тинтув ўтказди. МХХ десанти келиши билан комбинат бош директори Азиз Холматовни зудлик билан ишдан бўшатиб ташлаган эди”, деди манба.

Манбага кўра, МХХ комбинат қурилиш-монтаж бўлинмаси бош инженери Давлат Дўстматовни ҳам ҳибсга олган. Дўстматов айни пайтда МХХнинг Тошкентдаги идорасида тергов қилинаётгани айтилади.

“Ўзметкомбинат”нинг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бири, МХХ комбинатни қаттиқ текширишга киришганини тасдиқлади:

“Ҳибсга олинган мулозимлар металлни ғайриқонуний сотиш билан шуғулланган экан. Айни пайтда барча складларни ёпиб ташлаб, муҳрлаб қўйишди”, деди мулозим.

Манбага кўра, МХХ комбинатнинг инвестицион лойиҳаларига тегишли барча ҳужжатларни олиб қўйиб, текширмоқда:

“Бу лойиҳа бўйича, шаҳар касалхонаси ҳудудида силга қарши дори воситалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурилиши керак эди. Ҳозир шу лойиҳанинг ҳужжатлари ҳам олиб қўйилган”, деди манба.

Унинг иддао қилишича, комбинатда амал қилган жиноий гуруҳ давлатнинг бир неча ўн миллиард сўмини ўзлаштирганликда гумонланмоқда.

Манбага кўра, комбинат бош директори Алик Нуриддинов ва бош инженери Айрат Ҳасановнинг тақдири ҳам қил устида турибди ва бош директор ишни ёпиш учун барча таниш-билишларини ишга солмоқда.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш учун “Ўзметкомбинат”га боғланди. Ўзини таништирмаган мулозим бу воқеани на тасдиқлади, на инкор қилди.

Сўнгги пайтда, “Ўзметкомбинат” раҳбарияти ва мулозимларининг ғайриқонуний ишлари ҳақидаги маълумотлар “Озодлик”, “Фергана”, “Узметроном” каби ахборот сайтларига сиздирилмоқда.

Бу хабарларни сиздираётган кучлар, комбинат мулозимларими ёки комбинат раҳбарларининг рақиблари, буниси Озодликка маълум эмас.

Жумладан, 31 май куни кечқурун, Бекобод туманида Ўзбекистон металлургия комбинати раҳбарининг хизмат машинаси катта тезликда йўл чеккасида кетаётган пиёдани уриб юборгани ҳақидаги хабар ҳам Озодликка юборилган эди.

Озодликнинг Тошкент ҳуқуқ-тартибот тизимларига яқин манбаси пиëда ўлимига сабаб бўлган Toyota Camry машинаси рулида "Ўзметкомбинат" раҳбари эмас, балки унинг ҳайдовчиси Ж.А. ўтиргани ва у аллақачон эҳтиëт чораси сифатида суддан олдин қамоққа олингани ва ҳодиса юзасидан жиноят иши очилганини билдирди.​

Аммо, бу ҳақдаги мақолага келган шарҳларда автомобиль рулида комбинат бош директорининг ўзи бўлгани ҳақида ёзилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG