Линклар

logo-print

Озодликнинг Асака туманидаги кўмир омборидаги ур-йиқитлар, кўмирнинг баланд нархларда сотилаётгани ҳақидаги хабаридан сўнг бир кун ичида омборда тартиб ўрнатилди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбаларига кўра, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, МХХ вакиллари ва прокурор ўзлари 24 ноябрь куни кўмир омборига бориб, тартиб ўрнатган.

Асака кўмир омборидан бир неча кундан бери кўмир сотиб ололмаётган харидорлардан бирининг айтишича, Озодлик мақоласидан сўнг бир кун ичида кўмир омбори тартибга келтирилди:

“Мақола чиққандан сўнг бу ер тўполон бўлиб кетди. Кеча эрталабдан МХХ, ИИБ бошлиқлари, прокурор ва бир гуруҳ милиция ходимлари келишди. Бир куннинг ўзида ҳаммаёқни тартибга келтириб қўйишди. Ҳозир кўмир фақат милиция ходимлари назоратида чиқяпти. Овоз кучайтиргич билан одамларни тартибга чақириб туришибди”, деди харидорлардан бири.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир хариборнинг айтишича, 25 ноябрь куни ҳам милиция бошлиғи ва ўринбосарлари эратлабдан омборни назорат қилиб турибди:

“Аввалги кунлар кўмирни экскаваторда юклаб, унинг бир чўмичини бир тоннадан деб ҳисоблашаётганди. Энди эса, тарозида тортиб чиқариляпти. Бундан ташқари кўмир нархлари ва ишонч телефонлари ёзилган катта плакатларни илиб қўйишган. Дон маҳсулотлари комбинатининг милициялари ҳам ёрдамга келган. Фақат, мошиналарни навбатга қўйишни тартибга солишолмаяпти, чунки роса мошина кўпайиб кетган”, деди харидор.

Эслатиб ўтамиз Озодлик 23 ноябрь куни Андижон вилоятининг Асака ва Қўрғонтепа туманларидаги кўмир омборларида кўмир сотиб олиш учун ур-тўполон бўлаётгани ҳақида хабар берган эди.

“Ун заводи олдида жойлашган кўмир складида бир неча кундан буён ур-тўполон. “Асакадон”ни мелисалари ҳам эплай олмаяпти. Участковой эса қочиб кетган. Ҳар куни 100-150 одам кўмир олиш учун келади. Ким уддабуронлик қилса, бир-икки сўм устига пул берса¸ ўша кўмир олаяпти. Қолганлар эса жанжал қилаяпти”, деб ëзган эди асакалик манба.

Мақолада тилга олинган Қўрғонтепа туманидаги кўмир омборида тартиб ўрнатилган ёки ўрнатилмагани ҳақида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG