Линклар

Тарихий “Жўрабек” масжиди ўрнига Ислом Каримов номидаги “алюкобонд масжид” қурилди


Islam Karimov mosque in Tashkent

Islam Karimov mosque in Tashkent

Тошкентлик генерал Жўрабек тарафидан 1897 йили қурилган ва “Жўрабек “ масжиди дея тарихий ëдгорлик сифатида махсус рўйхатга тиркалиб, асраб келинаëтган масжидга Ўзбекистоннинг марҳум президенти номи берилгани ҳақида унинг кенжа қизи ЮНЕСКОдаги Ўзбекистон вакили Лола Каримова -Тиллаева хабар берди.

Масжид таъмири ўзи ва эри тарафидан молияланганлигини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида айтган мулозима “Ушбу масжидни қайта тиклаш ишларини бошлаган пайтимизда, унга раҳматли падари бузрукворимнинг номлари берилишини ҳаёлимизга ҳам келтирмаган эдик”, дея таъкидлайди.

Лола Каримова-Тиллаеванинг Facebookдаги саҳифасида ëзишича¸ масжид унинг тадбиркор эри Тимур Тиллаев маблағи ҳисобига қайта тикланган:

“Масжидни қайта тиклаш, савобли ишни бажариш бахтини мен ва турмуш ўртоғимга насиб айлагани учун меҳрибон Парвардигорга беадад шукроналар ва ҳамду-санолар айтаман”, дея таъкидлайди марҳум президентнинг кенжа қизи.

Масжидни ким таъмир қилди¸ давлатми ëки тадбиркор?

2015 йилнинг баҳор ойида содир бўлган сирли ёнғин натижасида буткул вайрон бўлган масжид биноси “катта бой” пули эвазига таъмир қилинаëтгани ҳақидаги хабар жорий йил январида расман рад қилинган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси "Жўрабек" жоме масжиди атрофида тарқалган гап-сўзларга ойдинлик киритиб, "уни бойлар янгидан қуряпти" деган гапларни рад этган эди:

“Нима эмиш, “Жўрабек” жоме масжидини фалон бойвачча ёки хориждаги фалончи бой қуряпти” деган мутлақо асоссиз хабарлар тарқатилмоқда. Бу гаплар аслият ва воқеликка бутунлай мос келмаслиги шундоқ кўриниб турибди. Чунки ҳамма кўриб турибди-ку, ушбу масжидни янгидан барпо этишга диний идора ташаббус қиляпти, Тошкент шаҳар ҳокимияти эса ер ажратиш ишларига амалий кўмак ва бунёдкорлик ишларига моддий ёрдам бермоқда”, дея таъкидланган эди вазирлик расмий саҳифасида жорий йилнинг 31 январида эълон қилинган баëнотда.

Меъморлар хавотири

Айни пайтда тошкентлик маъмор ва реставраторлар Ëдгорликларни сақлаш бошқармаси рўйхатида турган тарихий “Жўрабек” масжиди¸ мавжуд қоидаларга зид тарзда бузилиб “таъмир қилинди” дея расмийлаштирилганидан хавотир билдиришмоқда.

Хавфсизлик андишасида ўз исми очиқланишини истамаган Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги мулозими¸ давлат муҳофазасига олинган "Жўрабек" масжидини диний идора ва шубҳали тадбиркорлар тарафидан бузиб, унинг ўрнига аслидан мутлақ фарқ қиладиган бино қурилишини вандализм дея атади:

“Жўрабек" масжиди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сонли қарорига асосан моддий- маданий мерос объекти сифатида муҳофазага олинган. Бу ҳолатда "Жўрабек" масжиди маданий мерос объекти сифатида асли қандай бўлса шундайлигича консервация қилиниши ва ҳар ҳил волюнтаристик таъмирлардан ҳимояда бўлиши керак эди. “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун талаби ҳам шу. Аммо "Жўрабек" масжидини бузиш 2015 йилги ëнғиндан олдин бошланган эди. Диний идора ва тадбиркорлар давлатни четлаб ўтиб, ўзларича тарихий бинони евроремонт қилишни бошлашганида биз уларга огоҳлантириш берган эдик. Ëнғин бўлгани уларга қўл келиб аслига мутлақо ўхшамайдиган¸ бетон ва алюкобонд каби замонавий қурилиш материалидан ясалган ҳамда меъморий савияси тубан бўлган бино тиклашди. Бу ҳолатда Ўзбекистон Бош прокуратураси қонун бузилиши ҳамда вандализм жинояти бўйича иш очишга ҳақлидир", дейди мулозим.

Озодлик суҳбатлашган Ёдгорликларни сақлаш бошқармасининг исми айтилишини истамаган мулозимига кўра¸ “таъмир” дан кейин бино ўз тарихий аҳамиятини буткул йўқотган:

"Бинонинг икки тарихий қиймати бор эди. Биринчидан бу масжид Чор давридаги маҳаллий аҳолидан чиққан илк генерал- майор Жўрабекнинг пули ва ташаббуси билан қурилган. Волюнтаристик таъмир оқибатида масжид биносидаги "Жўрабек" ҳонақоси ҳам йўқ қилинди. Иккинчидан масжид Хива меъморчилигида кўзга ташланадиган услубдаги сариқ ғишт ва ложувард кошинли¸ сирти юмалоқ минорага эга эди. Бу минора бузиб ташланиб, усти алюкобонд тунука билан қопланган¸ аслидан кўра анчайин баланд сирти геометрик кўп қиррали бетон минора қўйилди. Бинонинг ички ва ташқи дизайни ҳам илгариги меъморий услубни 100 фоиз инкор қилган. Шу билан бирга бу объект колониал меъморчилик намунаси ҳам эди. Масжидда Чор Росиясида ишлаб чиқарилган терракота ғиштлари қўлланилган. Ҳозир бизга бино таъмир қилинди деган қоғоз берилди. Бу таъмир эмас. Шу боис "Жўрабек" масжиди тарихий бинолар рўйхатидан чиқарилади"¸ дейди исми сир қолишини истаган мулозим.

Тошкентлик блоггер Алексей Волосеевич “Жўрабек“ масжидидаги халқ орасида “Николай ғишт” дея қадрланган ғиштлар ташиб кетилиб интернет сотувига қўйилгани ҳақида ëзган эди.

Жўрабек ким?

Чор армиясида маҳаллий аҳоли орасидан етишган илк генерал-майор Жўрабек (1841?—1906) (Баъзи манбаларда Жўрабий) рус ишғолига қадар ҳозирги Қашқадарë вилоятига қарашли Китоб беги бўлган.

У ҳақда тадқиқот олиб борган ëзувчи Набижон Боқийга кўра¸ у ўзбекларнинг Кенагас уруғига оид бўлган.

Жўрабек 1865 йилда Туркистонни босиб олган Черняев қўшинларига қарши курашган.

1870 йилда Чор генерали Абрамов тарафидан Китоб шаҳри ишғол қилиниши ортидан Жўрабек Қўқонга қочади.

Қўқон хони эса Жўрабекни ушлаб ишғолчи чор генерали Кауфманга топширади.

Кауфман ўз навбатида катта ҳарбий салоҳиятга эга Жўрабекка лутф кўрсатиб, унга генерал-майор рутбасини беради.

Тарихий маълумотларга кўра¸ Жўрабек икки юз кишилик отрядга бош бўлиб, чор генерали Скобелевнинг ишғолчилик ҳужумларида иштирок этган.

Жўрабек 1876 йилда император Александр II фармони билан Станислав ордени билан мукофотланиб унга 3500 чор рубли миқдорида йиллик маош белгиланади.

Бунинг ортидан Жўрабек Санкт Петребургга ташриф буюриб император билан учрашган илк ўзбек мулозими сифатида тарихга кирди.

Жўрабек 1880 йилда ўз маблағи ҳисобидан Тошкентда масжид ва ҳонақо қурдиради.

Санкт Петербургдаги архивда сақланаëтган “Исторический вестник” журналида ëзилишича Жўрабек 1906 йилда номаълум шахслар тарафидан ўлдириб кетилган.

Жўрабекнинг ўғли отаси ўлимидан кейин Россия императорининг жиловдори вазифасига кўтарилади. Жўрабекнинг қизи эса Қўқон хони Худоëрхоннинг неварасига турмушга чиққан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG