Линклар

Лондонга илк бор мусулмон сиёсатчи ҳоким этиб сайланди


Содиқ Хон ҳам, рафиқаси Саади Аҳмад ҳам автобус ҳайдовчисининг фарзанди бўлган.

Содиқ Хон ҳам, рафиқаси Саади Аҳмад ҳам автобус ҳайдовчисининг фарзанди бўлган.

Лондон мэри лавозими учун пайшанба куни ўтказилган сайловда Лейбористлар партиясидан номзоди илгари сурилган Содиқ Хон ғалаба қозонди. Шундай қилиб келаси тўрт йил давомида Британия пойтахтини илк бор мусулмон сиёсатчи бошқарадиган бўлди.

Этник келиб чиқиши покистонлик бўлган 46 ёшли Содиқ Хон юрист, инсон ҳуқуқлари курашчиси бўлган.

2008 йилдан 2009 йилгача у маҳаллий ўз-ўзини бошқариш масалалари бўйича вазир бўлиб ишлаган, 2009 йилдан 2010 йилгача Буюк Британия транспорт вазири бўлган.

Автобус ҳайдовчисининг ўғли бўлган Содиқ Хон Лондон ҳокимлигига сайланиши ортидан журналистлар олдида қилган чиқишида: "Мени отам ўзига уй тутинган Лондон шаҳри уни фарзандларидан бирини ҳоким этиб танлаганидан жуда фаҳрланган бўлар эди", - деб таъкидлади.

Содиқ Хон покистонлик муҳожир оиласида туғилган.

Унинг ота-оналари Омонулло ва Сеҳрун Хонлар 1970 йилда Покистондан Британияга кўчиб келишган.

Содиқ Хон эса Британияда туғилган, оиладаги саккиз фарзанднинг бешинчиси бўлган.

Отаси Омонулло 25 йил автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Онаси тикувчилик қилган.

Содиқ Хон Лондон жанубидаги қашшоқ туманда автобус ҳайдовчиси оиласида кичкинагина квартирада катта бўлган.

У мактабдан кейин ва таътил вақтларида қурилишда ишлаган. Футбол ишқибози бўлган Содиқ Хон ўзи ва оиласи Британияда ирқчилик ва нафрат қарашларга бир неча бор нишон бўлганини айтган.

Содиқ Хон мактабни тугатиб, Шимолий Лондон Университетига ўқишга кирган. Айни вақтни ўзида у Christian Fisher ташкилотида беминнат ишлаган.

Ўша йиллари Содиқ Хон Саади Аҳмад исмли юрист қизга уйланган. Саади Аҳмад ҳам автобус ҳайдовчисининг қизи бўлган.

Мусулмон сиёсатчининг тарихда илк бор Лондонга ҳоким этиб сайлангани Британияда адолат ва ирқий тенглик тантанаси сифатида кўрилмоқда.

Озодлик мухбири бу ҳақда Лондонда яшовчи ўзбек журналисти Шодиёр Сайф билан суҳбатлашди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG