Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:35

Ҳасанбой-ялангоёқнинг ўғли Мухторали дунё танийдиган Мебел Қиролига айланди


Мухторали Иброҳимов ўзи ясаган мебелда
Мухторали Иброҳимов ўзи ясаган мебелда

Россия ва Ғарбда Макс Ибрагимов деган исм билан танилган Мухторали Иброҳимов МДҲ мебелчи-ишбилармонлари орасида афсоналар қаҳрамонидай машҳур. У Ўзбекистондаги қишлоқда оддий ўзбек деҳқони оиласида туғилиб ўсган.

Ҳозирда Иброҳимовнинг Калининград шаҳридаги “Максик” фабрикаси ясаган элита диван ва креслолар Россия, Европа, Осиё мамлакатларида сотилади.

Москвада бошланган халқаро мебел кўргазмасида, Озодлик Мухторалидан оддий деҳқон боласининг қандай мебел қиролига айлангани ҳақида сўради.

- Мен туғулганда отам нафақахўр бўлган. Оиламизда саккиз фарзанд эдик. Тўртинчи синфгача Тошкент яқинидаги Бургалик кишлоғида яшаганман. Мен камбағал оилада туғилганман. Менга ота-онам, худо раҳмат қилсин уларни, бирор давлат, бойлик қолдирмаган. Лекин ота-онам менга яхши тарбия беришди.

Мухторали Иброхимовни Россияда кўпчилик Макс сифатида танийди
Мухторали Иброхимовни Россияда кўпчилик Макс сифатида танийди

Биз камбағал яшаганмиз, акамлар кийган кўйлакни биз ҳам кийиб катта бўлганмиз. Отамни кишлоқда лақаби “Ҳасанбой- ялангоёқ” деб аташарди. Менга “кимни ўғлисан” деб сўраганларга, -“Ҳасанбой- ялангоёқни ўғлиман” деб жавоб бераман.

Шўролар даврида отам мени Тошкентдаги рассомчилик интернатига ўқишга берди. Расм чизиб юрардим. Интернатни тугатиб, рассомчилик билим юртига ўқишга кирганман. Кейин Совет армиясига - ҳарбий денгиз флотига хизматга Калининград шаҳрига юборишди. Хизмат тугагандан кейин, Ўзбекистонга қайтмадим, Калининградда қолиб холодилник агрегат соҳасида ўқишни тугатдим. Яна денгизга чиқадиган кемаларга ишга кирдим, 7 йил денгизда бўлдим, деярли бутун дунёни кезиб чиқдим. Михаил Горбачев ҳокимият тепасига келганида, бизни базамизни тарқатиб юборишди.

Путин самолëтини жиҳозлаган Мухторали
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:40 0:00

Денгизга чиқиш имкони бўлмаганидан кейин мен Калининградда мебель, интерьер ишини бошлашга қарор қилдим. Ўшанда Ўзбекистонда ўрганган рассомлик касбим менга жуда қўл келди. Интерьерлар қилиб, мебелларни таъмир қилиб юрардим. Чиройли чиқаришга ҳаракат қилардим. Одамларга ишим ёқиб қолди. Кейин буюртмалар кўпая бошлади. Лекин буюртма кўпайганига қарамасдан, мен мебелсозлик, интерьер соҳасида билимим камлигини сездим ва ўқишни давом эттиришга қарор қилдим.

Мухторали Иброҳимов маҳсулотлари
Мухторали Иброҳимов маҳсулотлари

Ўша пайтлар Италия, Франция мебелларини кўриб қойил қолганман. Италияга борганимда дунёдаги таниқли мебелсозлардан бири италиялик Карло Капеллини билан танишдим. У киши менга мебел соҳасида кўп нарсани ўргатди. Карло Капеллини билан Италияда 8 йил бирга ишладим, мебелсозлик соҳасида билим оширдим. Карло Капеллини мен устозим деб биламан.

- Сиз ясаган мебелнинг бошқа ширкат мебеллардан асосий фарқи нимада? Қандай харидорга мўлжалланган?

- Биз асосан элитага мўлжалланган, қиммат мебел ясаймиз. Элита мебели ясаш жуда қийин иш. Мен ўтган асрнинг 90-инчи йилларида мебел ясашни бошлаганимда, қўли ўнг усталаримни Италияда ўқитганман. Чунки ўша пайтларда собиқ Совет ҳудудида элита мебели чиқаришни, янги технологиялар қўллашни билганлар кам эди. Европа, жумладан Италияда бундай мебел ясаш технологияларини юз йиллик анъана меҳнат, натижасида қўлга киритишган. Бизни устозларимиз, мактабимиз –бу Италия ва Франция мебелсоз мактаби ҳисобланади. Биз ясаётган мебеллар орасида асосан Италия, Франция, камроқ Британия мебеллари ҳам бор.

Умуман олганда мебел уйга зеб киритади, яхши мебеллик уйга боргингиз келади. Инсон умрининг қарийб 30 фоизини уйда ўтказар экан. Шунинг учун мебел чиройли бўлса яхши. Бизни касбимиз шу, инсонларга чиройли ҳаёт, комфорт яратишдир. Ҳаётда яхши омадга эришган инсонларга биз чиройли муҳит яратамиз.

"Максик" компанияси маҳсулотлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида сотилади
"Максик" компанияси маҳсулотлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида сотилади

- Шогирдлариниз асосан европаликлар экан, ўзбек шогирдларингиз ҳам борми?

Икки нафар мебелсоз усталарни Ўзбекистондан Калининградга, келтиргандим. Лекин афсус, улардан яхши уста чиқмади. Яхши қўли бор усталар эди, лекин улардан мен ўйлагандек уста чиқмади. Мумкин бола-чақаларидан узоқда бўлгани таъсир қилдими ёки бошқа сабабми, лекин афсус икковлондан яхши уста чиқмади. Профессионал уста бўлиши учун мебелни жуда севиш керак ва мебелни доимо ичида яшаш керак. Унинг ичида киши яшамаса, севмаса яхши уста чиқмайди. Мени қўл остимда италияликлар, хорватлар, руслар, украинлар ишлайди. Мен учун устанинг, умуман инсоннинг миллати муҳим эмас. Қўлидан келса, мебелни яхши кўрса, профессионал бўлса етарли. Усталарни ойликлари яхши, яхши ишлашади.

-Ўзбекистонда ҳам бизнес юритасизми?

- Ўзбекистонда дўст-биродарларим бор. Ўзбекистонда мебел магазини очганмиз. Иш кетяпти, ўзбек бойваччалари мебелимизни олишяпти. Бундан ташқари дўконларимиз кўшни Қозоғистонда ҳам бор.

Мухторали ҳисобига тикланган Калининград мусиқа органи
Мухторали ҳисобига тикланган Калининград мусиқа органи

- Сизни фаолиятингиз давомида хотирангизда қолган, сизни ҳаяжонлантирган ишлар ҳам борми?

Калининград шаҳридаги Европадаги энг катта Кафедрал Собордаги органни (мусиқа асбоби) таъмирлашда қатнашдик. Бизни усталар ёғоч ишларини, ҳайкал ва фигураларни таъмирлашди. Бу ниҳоятда мураккаб ва ўта масъулиятли буюртма эди. Биз таъмир ишларини яхши бажардик, деб ўйлайман. Бу шаҳар тарихида эсда қоладиган иш бўлди. Мен ҳаётда бўлмаганимда набираларим келиб, “Қадимий Собор таъмирини мени Мухторали бобом қилганлар” деб фахрланиб юришади. Бу мен учун жуда катта бахт деб ўйлайман.

Бундан ташқари Россияда катта ишларни бажарганмиз. Мисол учун, президент Владимир Путиннинг учта самолётини ўзимиз ясаган мебел билан жиҳозладик, безатдик.

Калининград музейларининг қадимий мебелларини реставрация ишларида ҳам иштирок этиб келамиз. Бу каби буюртмалар ўта масъулиятли ва жиддий иш ҳисобланади.

Мухторали Иброҳимов кўплаб эстрада юлдузлари билан шахсан таниш
Мухторали Иброҳимов кўплаб эстрада юлдузлари билан шахсан таниш

-Айтингчи оддий ўзбек қишлоқ боласи, қандай қилиб бундай ютуқларга эришди? Сири нимада?

Отам, худо раҳмат қилсин ёшлигимда–“ ўғлим мен ёрдам беролмайман, шунақа ҳаёт, ўзинг ҳаракат қил”-деб айтган эдилар. Мен мактабни тугатиб, чет элларда юрганимда, ҳар доим ўзимга “мен эҳтиёт бўлишим керак, ичмаслик-чекмаслигим керак, бировларга ёмонлик қилмаслигим керак” деб доимо ўзимга-ўзим ичимда такрорлаб юрганман. Яна “Мухторали сенга ҳеч ким ёрдам бермайди, фақат ўз кучинг, ҳалол меҳнатинг билан нон топишинг керак” деб отам сўзларини миямга жойлаб юрганман. Мени мустақил бўлишимга ота-онам тарбияси катта ёрдам берган.

Мен ҳамма ишларимни хурсандчилик билан ўйнаб қиламан. Ўшанда қилган ишим яхши чиқади. Ҳатто таътилда ҳам дам ололмайман, ишламасдан тура олмайман, фақат ишлагим келади. Мен ишимдан баҳра оламан, илҳомланаман. Инсонга қилаётган иши, касби ёқса, бахтиёр бўлади.

XS
SM
MD
LG