Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:22

Ҳуқуқ фаоли Марат Зоҳидов устидан суд бошланди


Марат Зоҳидов
Марат Зоҳидов

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судида 8 сентябрь куни Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов устидан маҳкама жараёни бошланди. Қўмита раиси ва яна бир ҳуқуқ фаоли қалбаки ҳужжатлар, штамплар тайёрлаш ва уларни сотишда айбланмоқда.

Маҳкамада фуқаровий даъвогар сифатида қатнашаётган адвокат Руҳиддин Комиловнинг айтишича, Марат Зоҳидов ва ҳуқуқ фаоли Солихўжа Довудхўжаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 227 ва 228-моддаларининг 3-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан айбланмоқда.

Марат Зоҳидов судга келмади¸ деган асосда маҳкама 16 сентябрга қолдирилган ва Зоҳидовни мажбуран навбатдаги суд мажлисига олиб келиш ҳақида суд ажрим чиқарган.

2013 йилнинг 12 февралида Марат Зоҳидов етакчилик қилган Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг йиғилиши ўтказилган ва адвокат Руҳиддин Комилов қўмита раиси этиб сайланган эди.

Марат Зоҳидов бу йиғилишнинг легитим ўтказилмаганини айтиб, унинг қарорини тан олмаган.

Руҳиддин Комилов даъвосича, йиғилиш қарори Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан тан олингани ва тегишли суд қарорига қарамай Марат Зоҳидов қўмита штамп ва муҳрини топширишдан бош тортган.

Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Тошкент вилояти бўлими раиси Собиржон Эргашевга кўра, тергов бир ташкилот номи остида параллел фаолият олиб борган ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳар бирида бошқа муҳр ва штамп бўлганини аниқлаган:

“Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Марат Тешаевич аввалига муҳр ва штампни қайтариб беришини, кейинчалик эса йўқолганини айтганди. Шундан сўнг “Қишлоқ ҳаёти” газетасида уларнинг йўқолгани хусусида эълон чоп қилдириб, муҳр ва штампни янгилатиб олган экан. Бундан ўз фаолияти давомида ноқонуний фойдаланиб келган. Шу туфайли у киши ёрдамчиси билан биргаликда жавобгарликка тортилди”, дейди Собиржон Эргашев.

Аммо Озодлик билан суҳбатда Марат Зоҳидов ўзига қўйилаётган айбловларни кескин рад қилди:

“Шу пайтгача мени нимада айблашаётганини аниқ билмайман. Улар менга нимани қалбакилаштирганимни исботлаб беришсин. Мен Ўзбекистон Шахс ҳуқуқлари қўмитасининг раисиман ва менинг ўз муҳрим ва штампим бор. 2013 йилда бўлиб ўтган йиғилиш эса ноқонуний ва халтура бўлган. Менга қўнғироқ қилиб судга келишимни айтишган эди. Бугун бордим, лекин менга у ерда сизни ҳеч ким чақирган эмас, дейишди. Энди қачон повестка келса судга бораман, бўлмаса йўқ”, деди Марат Зоҳидов.

Марат Зоҳидов раҳбарлик қилаётган Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 1996 йилда Ўзбекистон Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган.

Марат Зоҳидов 2003 йилда "Аграрлар ва тадбиркорлар партияси"ни ҳам тузган эди. Бироқ бу партия Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинмаган.

XS
SM
MD
LG