Линклар

logo-print

Марғилон ҳокими Тошкентга арз қилган маҳалланинг раиси ва котибини ишдан олди


Марғилон шаҳар Узунҳовуз маҳалла фуқаролар йиғини биноси

Марғилон шаҳар Узунҳовуз маҳалла фуқаролар йиғини биноси

Марғилон шаҳар ҳокими тазйиғи билан Узунҳовуз маҳалласи раиси, котиби ва маслаҳатчилари ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган маҳалла фаолларига кўра, одамлар маҳалла ихтиёридаги оромгоҳни шаҳар ҳокими ноқонуний олиб қўйганидан арз қилиб, Тошкентга шикоят ёзган ва бундан ғазабланган ҳоким маҳалла раҳбарларини ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга мажбурлаган.

Исми сир қолиш шарти билан бу ҳақда Озодликка хабар берган маҳалла фаолларидан бирига кўра, 1992 йилда маҳалла ихтиёрига қонунан топширилган 12 сўтихлик "оромгоҳ"ни ҳоким қарори билан шаҳар ветеринария бошқармасига бериб юборилиши маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлган:

“Оромгоҳ деганимиз аслида Тинчлик кўчасидаги 20-уй. Бу уй 1992 йилдаги ҳоким қарори билан маҳалла балансига ўтказиб берилган эди. Шундан сўнг маҳалла аҳли ўзи пул йиғиб, бу ерни обод қилган, сўритоклар қилиб, токлар кўтарган эди. Бизнинг маҳалладаги ҳовлилар жуда кичкина 1-1,5 сўтих. Маҳалладаги жаноза, тўй ва бошқа тадбирларни шу жойда ўтказиб келардик. Лекин шаҳар ҳокими Шавкат Эркабоев 2014 йилда ҳеч кимдан сўрамасдан ветеринария бошқармасини бу ерга жойлаб кетди”, дейди маҳалла фаоли.

Узунҳовуз маҳалласидаги оромгоҳ. Марғилон.

Узунҳовуз маҳалласидаги оромгоҳ. Марғилон.

Маҳалла аҳли шундан сўнг прокуратурага шикоят қилган. Прокуратура туман ҳокимининг қарорини бекор қилган.

Маҳалла фаолларига кўра, шундан сўнг шаҳар ҳокими бу жойни ташландиқ жой деб расмийлаштириб, маҳалла кенгаши раисига мажбуран қўл қўйдириб олган ва ветеринария бошқармасига топширган.

Исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бирининг айтишича, икки мингдан ортиқ аҳоли зич яшайдиган маҳалланинг ўртасида касал ҳайвонларни даволайдиган ветеринария бошқармаси бўлиши қоидага зид ҳисобланади:

“Шаҳарда қанча касал ит, мушук, чорва молларини шу ерда даволашади. Қутурган итларни олиб келиб, ҳафталаб ушлаб туришади. Маҳалланинг ўртасида бундай бўлиши умуман мумкин эмас”, дейди ўқитувчи.

Узунҳовуз маҳалласи аҳолисининг Президентга ёзган аризаси

Узунҳовуз маҳалласи аҳолисининг Президентга ёзган аризаси

Унинг айтишича, маҳалла аҳли Президент, Бош вазир, Олий Мажлис ва депутатлар номига ариза ёзиб, оромгоҳнинг маҳаллага қайтариб берилишини талаб қилган:

“Яқинда Тошкентдан одамлар келиб текшириб кетишди. Ҳокимга анча қаттиқ гапиришган шекилли, шундан сўнг ҳоким маҳалла раисини чақиртириб, “сен маҳаллангдаги одамларни контрол қилмагансан, сен биздан ойлик олиб, бизга қарши иш қиляпсан, Тошкентга ариза ёзишига йўл қўйиб бергансан”, деб уришган ва ўринбосарлари билан ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга мажбурлаган”, деди ўқитувчи.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунига кўра, фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолнинг) ваколатлари, у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда, фуқаролар йиғини қарор қабул қилганда, у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда ва унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда бекор қилинади.

Маҳалла фаолларининг айтишларича, Узунҳовуз маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши аъзолари раис, котиб ва маслаҳатчиларнинг ишдан бўшаганидан бехабар қолишган.

Озодлик бу масалага муносабат олиш мақсадида, кун давомида Марғилон шаҳар ҳокими Шавкат Эркабоев билан боғланишга ҳаракат қилди. Лекин, ҳокимни иш жойидан топишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG