Линклар

Сурияга кетганлардан "пора олишга ҳомийлик қилган" подполковник 6 йилга қамалди


Сурияга оиласи билан бораётган ўзбеклар кўплигини иддао қилган ўзбек жангариси - андижонлик Абу Усмон

Сурияга оиласи билан бораётган ўзбеклар кўплигини иддао қилган ўзбек жангариси - андижонлик Абу Усмон

РИА Новости ахборот агентлигининг хабар беришича, Марғилон шаҳар суди Фарғона вилоят Хорижга чиқиш, кириш ва қайддан ўтиш бошқармасининг бошлиғи Одилжон Солиевни олти йилга озодликдан маҳрум қилган. Суд вакилининг РИА Новостига маълум қилишича, подполковник Одилжон Солиев хорижга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш пайтида пора олганликда айбдор деб топилган.

"Солиев паспорт столлари ҳамда чиқиш ва кириш бўйича район бўлинмалари бошлиқларининг коррупцион фаолиятига, хусусан кейинчалик Сурияда террорчи тўдалар ва ташкилотларга қўшилган Ўзбекистоннинг баъзи ватандошларига чиқиш визаларини расмийлаштириш пайтида пора олишга ҳомийлик қилган ", - деб айтган агентлик билан суҳбатлашган суд мулозими.

У берган маълумотга кўра, судланувчи бундай ҳужжатларни тайёрлагани учун ҳар ой 200дан 2 минг долларгача пора олиб турган.

Суд вакилининг маълум қилишича, ҳозирда Фарғона вилоятидаги олти туман ҳамда Марғилон ва Қўқон шаҳарлари паспорт столлари бошлиқлари устидан пора олиш айблови билан қўзғатилган жиноят ишлари судга топширилган.

РИА Новости хабарида "Марғилон яшовчиси Абдужаббор Тошболтаев, Туркияда туриб, ўз ватандошларини Сурияга юбориш билан фаол шуғулланган"и алоҳида таъкидланган.

"Жумладан, Абдужаббор Тошболтаев ўз оиласининг 20 нафар аъзосини Ўзбекистондан чиқиб кетишини ташкиллаштирган," дейилади агентлик хабарида.

Ўтган йил 12 ноябрда Озодлик Марғилон шаҳридаги "Галатой" маҳалласида истиқомат қилувчи Тошболтаевлар оиласидан 4 фарзанд - 3 ўғил ва бир қиз оиласини олиб, Сурияга кетгач, маҳалла аҳли оилани кўчириб юбориш ҳаракатига тушгани ҳақида хабар тарқатганди.

Ўтган йил 18 октябрда эса Озодлик Фарғона вилояти прокуратураси Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи 18 кишининг Сурияга кетганини аниқлагани ҳақида хабар қилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG