Линклар

logo-print

Қўқондаги қадимий Мадрасаи Мир жоме масжиди ёпилди


Қўқондаги Мадрасаи Мир жоме масжиди қуриб битказилганига бу йил 218 йил тўлди.

Қўқондаги Мадрасаи Мир жоме масжиди қуриб битказилганига бу йил 218 йил тўлди.

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги қадимий Мадрасаи Мир жоме масжиди ёпилди. Озодлик манбаларига кўра, ремонт баҳонасида ёпилган масжид ва унинг қошидаги Норбўтабий тарихий мадрасаси музейга айлантирилади ва шу билан қарийб 220 йиллик тарихга эга бўлган масжид фаолиятига нуқта қўйилади. Аммо, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси расмийлари масжид гумбази намозхонлар устига тушиб кетиш хавфи пайдо бўлгани сабабли, масжид вақтинча таъмир учун ёпилганини айтмоқдалар.

Қўқон шаҳридаги Мадрасаи Мир жоме масжиди намозхонлар учун эшикларини ёпганига уч ҳафта бўлди.

Масжиднинг дарвозасида “масжидга кириш тақиқланади” деган ёзув пайдо бўлди.

Намозхонларнинг асосий қисми бир чақирим узоқликдаги “Дегрези” масжидига бориб жума намозини ўқимоқда.

Бу ҳақда Озодлика хабар берган қўқонлик намозхонга кўра, у таъмир баҳонасида ёпилган масжиднинг бошқа очилмаслиги ҳақида масжид ходимларидан эшитган:

“Масжиддаги мулозимлардан бирини танийман. Унинг айтишича, шу билан бу масжид қайта очилмас экан. Масжид ҳам, унинг қошидаги Норбўтабий мадрасаси ҳам музейга айлантирилар экан. Шу пайтгача бу ерда беш маҳал, жума, ҳайит намозлари ўқиб келинган. Яқин атрофда яшайдиган мусулмонлар масжиднинг қайта очилмаслигидан ташвишга тушмоқдалар”, деди исми сир қолишини сўраган қўқонлик намозхонлардан бири.

Унинг айтишича, ҳозир намозхонларга масжид ичига киришга рухсат берилмаяпти.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурнинг Озодликка айтишича, масжид ёпилишига унинг гумбазини қулаб тушиш хавфи пайдо бўлгани сабаб бўлган:

- Шу жоме масжид мустақилликдан олдин, советлар даврида ҳам ишларди. Ўшанда ҳам беш маҳал ва жума, ҳайит намозлари ўқилган. Бу Қўқоннинг энг қадимий ва энг катта жоме масжидларидан бири ҳисобланади. Ёпилишининг сабаби эса мана бундай. Бир-икки йил олдин бу масжидда жуда катта қайта қуриш бўлиб, тепасига янги катта гумбаз ўрнатилган эди. Афсус, унинг ҳисоб-китобини яхши олиб қуришмаган экан. Бугунги кунга келиб, ўша катта гумбаз оғирлик қилиб, пастга қулаб тушиш хавфи туғилибди. Шунинг учун, масжид вақтинча ёпилган ва ўша гумбаз очилиб, бошқатдан хавфсиз қилиб қурилади. Масжидни музейга айлантириш режаси ҳам йўқ экан, деди шайх Абдулазиз Мансур.

Мадрасаи Мир жоме масжиди тарихи.

Мадрасаи Мир жоме масжидининг тарихи Норбўтабий мадрасасининг қурилиши билан боғлиқ.

Норбўтабий (1763 — 1798) Қўқон хонлигининг бешинчи хони бўлиб. У учинчи хон Абдукаримбийнинг(1733 — 1750) набирасидир.

Норбўтабий Қўқонга хон бўлганидан сўнг бу мадрасани қурдиришни бошлаган ва у 1798 йилда тўла қуриб битказилган. Мадраса тўртбурчакли ҳовли шаклида хом ғиштдан қурилган тарихий ёдгорликдир.

Мустақилликдан сўнг бу масжидда ваҳҳобийлик диний оқимига мансуб шахслар кўплаб ҳибсга олингани боис, бир муддат масжид фаолияти тўхтатилган эди.

Масжиднинг ёнида қабристон ва кичкина бозор бор. Бу жойнинг номи Янги Чорсу дейилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG