Линклар

Тошкентдаги бир-биридан мустақил учта манбанинг Озодликка маълум қилишича¸ таниқли актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов ҳибсга олинган.

Матчоновга яқин манбаларнинг иддао қилишича 60 ёшли актер 4 июль куни Тошкент шаҳар Олмазор тумани Тахтапул маҳалласидаги уйидан милиция ва хавфсизлик ходимлари томонидан олиб кетилган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин Озодлик манбаси Аброр Ҳидоятов номидаги ўзбек давлат драма театри актёри Матёқуб Матчонов билан яна икки шахс ҳибсга олинганини маълум қилди.

Улардан бири - Матёқуб Матчонов билан бирга тижорий ширкат очган шериги ва иккинчиси - унинг ўғли экани иддао қилинмоқда.

Озодлик айни манбадан қўшимча маълумот ола олмади. Айни пайтда Матчоновни яхши таниган бир-биридан мустақил икки манба иддаосича, унинг тижорий шериги очган ширкатга қарашли енгил автомобиль ичидан номаълум миқдордаги наркотик модда топилган.

Бу хабарни тасдиқлаган Аброр Ҳидоятов номидаги театр ижодий раҳбарларидан бири театр жамоаси 15 августда ёзги таътилдан қайтгунига қадар бу борада қўшимча маълумот бера олмаслигини билдирди.

Матёқуб Матчонов 1980 йиллар ўрталаридан буён театр ва кинода ўнлаб эсда қоладиган ролларни ижро этиб, ўзбек театр ва кино мухлислари орасида шуҳрат топди.

У "Шайтанат", "Темир эркак", "Суғдиёна", "Улфатлар", "Дада", "Арзанда", "Хизмат доирасидан ташқарида ", "Сотқин" каби фильмлардаги роллари билан кенг томошабинларга танилган.

Уч фарзанднинг отаси Матёқуб Матчонов 2011 “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Уни яқиндан таниган ҳамкасблари ва режиссёрларга кўра, актёр ўз ишига ўта талабчанлиги, жиддийлиги ва самимийлиги билан ажралиб туради.

Матёқуб Матчонов Ўзбекистон бош прокурорининг собиқ ўринбосари Алишер Шарофиддиновнинг қудасидир.

Генерал-майор Алишер Шарафиддинов 2013 йил январида Ўзбекистон президентининг фармонига биноан вазифасидан озод қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG